Акцияларнинг сотилиши ҳақидаги низо бўйича
АКЦИЯЛАРНИНГ СОТИЛИШИ
ҲАҚИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА
ИШНИНГ МОҲИЯТИ
Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармаси (матн давомида - давлат органи) томонидан акциядорлик жамияти (матн давомида - ОАЖ) устав фондидаги улушларни қайта тақсимлаш тўғрисида буйруқ чиқарилди. Шунга асосан, давлатга тегишли бўлган улушнинг бир қисми сотиш учун белгиланди. Давлат органи, ОАЖ ва қўшма корхона (матн давомида - ҚК) ўртасида қайта тақсимлаш натижалари бўйича сотишга қўйилган акциялар олди-сотди шартномаси тузилди. Шартнома шартлари бўйича ҚК акциялар учун тўлаш ҳисобидан автотранспорт воситалари учун эҳтиёт қисмларни етказиб бериш мажбуриятини олди, амалда шундай қилинди ҳам. Бир оз вақт ўтгач, хўжалик судига давлатга тегишли ОАЖ акциялар пакетининг ишончли бошқарувчиси (давлат компанияси) мазкур шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.
ДАВЛАТ КОМПАНИЯСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ
Акциялар олди-сотди шартномасини тузиш чоғида қонун ҳужжатларининг қуйидаги ҳолатлари бузилган:
- акциялар пакети ОАЖ устав фондида улушларни қайта тақсимлаш натижалари бўйича эркин сотишга қўйилмаслиги, балки хорижий инвесторларга сотилиши керак эди;
- Хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини технологик ускуналарни етказиб беришлар ҳисобига хорижий инвесторларга сотиш тартибининг (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 18 декабрда 569-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2.1-бандига кўра “Хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини технологик ускуналарни тўлиқ ёки қисман ўтказиш билан бирга хорижий инвесторларга сотиш Давлат мулки қўмитасининг буйруқларига биноан инвестиция савдоларида амалга оширилади”. Бундай буйруқ эса чиқарилмаган;
- акциялар учун тўлаш ҳисобига технологик ускуналарга кирмайдиган эҳтиёт қисмлар етказиб берилган;
- мазкур ҳолда Президентнинг 1996 йил 9 августдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет билан ҳисоб-китоблар учун масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-1504-сон Фармонининг 4-бандини бузган ҳолда бартер операцияси амалга оширилган.
Шу тариқа, кўрсатилган шартнома амалдаги қонун ҳужжатларининг қоидаларини бузган ҳолда тузилган ва, тегишинча, ҳақиқий ҳисобланмайди.
КОРХОНА, ДАВЛАТ ОРГАНИ
ВА ОАЖНИНГ БИРГАЛИКДАГИ ПОЗИЦИЯСИ
Харид қилинаётган акциялар учун тўлаш ҳисобидан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш қонунбузарлик ҳисобланмайди, чунки 1996 йил 26 апрелдаги 223-I-сон “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 33-моддасида ҳақ тўлашнинг ана шундай шакли назарда тутилган. Акциялар олди-сотди шартномасини тузиш чоғида 569-сон Тартиб қоидаларини қўллаб бўлмайди, чунки ОАЖ акциялари фақат хорижий инвесторларга сотилиши мумкин бўлган корхоналар рўйхатига кирмайди. Шу тариқа, олди-сотди шартномаларини тузиш чоғида қонунбузарликлар юз бермаган.
СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР
Кўрсатилган низони кўриб чиқаётганда биринчи инстанция суди давлат компаниясининг талабларини қаноатлантириб ва акциялар олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиб, унинг позициясида баён қилинган важларни асосли ва қонун ҳужжатларига мувофиқ деб қабул қилди.
ОАЖ қарорга рози бўлмади ва апелляция шикоятини берди. Апелляция инстанцияси судининг суд ҳайъати баён этган важлар ғоятда қизиқарли бўлиб, уларга эътиборни жамлаш керак.
Суд сотилган акциялар аввалбошдан хорижий инвесторнинг улуши сифатида белгиланганлигидан келиб чиқди. Давлат органининг ОАЖ устав фондидаги улушларни қайта тақсимлаш тўғрисидаги буйруғи ана шундан гувоҳлик беради, унда ушбу факт тўғридан-тўғри кўрсатилган. Шундан келиб чиқиб, акциялар олди-сотди шартномасини тузиш чоғида Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 18 ноябрдаги “Давлат мулкини хусусийлаштириш пайтида хорижий сармояни жалб этишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 477-сон қарори ва Хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини технологик ускуналарни етказиб беришлар ҳисобига хорижий инвесторларга сотиш тартиб қоидаларига амал қилиш лозим эди. Хусусан, мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига мувофиқ кўрсатилган акциялар пакетини сотиш фақат хорижий инвесторга ЭАВ эвазига амалга оширилиши мумкин, инвестиция мажбуриятлари эса хорижий валютада ҳам, замонавий технологик ускуналарни етказиб беришлар кўринишида ҳам шакллантирилиши мумкин эди.
ҚК мазкур ҳолда “хорижий инвестор” ҳисобланмайди, чунки 569-сон Тартиб 1.2-бандининг иккинчи хатбошисига кўра хорижий инвесторлар деганда қуйидагилар тушунилади: хорижий давлатлар, хорижий давлатларнинг маъмурий ёки ҳудудий органлари; давлатлар ўртасидаги келишувлар ёки бошқа шартномаларга мувофиқ асос солинган ёки халқаро оммавий ҳуқуқ субъектлари ҳисобланган халқаро ташкилотлар; хорижий давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ асос солинган ва фаолият кўрсатадиган юридик шахслар, ҳар қандай бошқа ширкатлар, ташкилотлар ёки уюшмалар; хорижий давлат фуқароси ҳисобланган жисмоний шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон Республикасининг доимий равишда хорижда яшайдиган фуқаролари.
Эҳтиёт қисмлар, тегишинча, технологик ускуналарга кирмайди, чунки ана шу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат 1.2-бандининг учинчи хатбошисига кўра технологик ускуналар деганда акциядорлик жамияти - эмитентга ўз инвестиция лойиҳасини бажариш учун зарур бўлган замонавий ускуналар тушунилади.
Шундай қилиб, шартномани тузиш чоғида давлатга тегишли бўлган акцияларни хорижий инвесторларга сотиш тўғрисидаги қонун талаблари бузилган.
Биринчи ва апелляция инстанциялари суди позициясининг асоси қуйидагидан иборат: аввалбошдан сотилган акциялар пакети давлат органининг буйруғига кўра хорижий инвесторнинг улуши сифатида белгиланганлиги учун, тегишлича, бу улуш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юқорида кўрсатилган қоидаларини қўллаган ҳолда, фақат хорижий инвесторга сотилиши мумкин. Агар бир йил мобайнида ушбу акциялар пакети хорижий инвесторга сотилмаса, у эркин савдога қўйилиши мумкин.
Баён этилганларга қўшимча: ОАЖ апелляция шикоятларида давлат компанияси судга шартномани ҳақиқий эмас деб топиш талаби билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмас эди деб кўрсатган, чунки акциялар олди-сотди шартномаси бўйича тараф бўлиб ҳисобланмайди. Апелляция инстанцияси суди мазкур важни рад этди ва Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддасига кўра ҳар қандай манфаатдор шахс хўжалик судига ўзининг бузилган ёки баҳслашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун томонидан қўриқланаётган манфаатларини ҳимоя қилиб мурожаат эта олишини кўрсатди. Мазкур ҳолда давлат компаниясининг манфаатдорлиги шунда намоён бўлдики, у давлатга тегишли бўлган ОАЖ акциялар пакетининг ишончли бошқарувчиси ҳисобланади.
Шу тариқа, апелляция инстанцияси биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини кучда қолдириб, унинг қонунийлиги ва асосланганлигини кўрсатди.
Олий хўжалик суди низоли масалани ҳал этишга бошқача ёндашди. Ўз позициясига асос қилиб, у қуйидаги тезисни олди: Вазирлар Маҳкамасининг 477-сон қарори ва 569-сон Тартибни қўллаш аввало давлатга тегишли бўлган акциялари фақат хорижий инвесторларга сотилиши керак бўлган корхоналар 477-сон қарорнинг тегишлича қуйидаги рўйхатларни белгилаган 1-3-иловаларига киритилишига боғлиқдир (шуни қайд этиш жоизки, келтирилган иловалар бугунги кунда ўз кучини йўқотган):
- акцияларининг бир қисми индивидуал лойиҳаларга кўра хорижий инвесторларга сотилиши керак бўлган корхоналар;
- акцияларининг бир қисми биржа ва биржадан ташқари бозорда хорижий инвесторларга сотилиши керак бўлган корхоналар;
- бутунлай сотиш учун хорижий инвесторларга таклиф этиладиган корхоналар.
Агар корхона кўрсатилган рўйхатларга киритилмаган бўлса, акцияларни Вазирлар Маҳкамасининг 477-сон қарори ва 569-сон Тартибни қўлламасдан сотиш (бутунлай сотиш) қонунбузарлик ҳисобланмайди, ҳатто агар акциялар (бутунлай объект) давлат органи томонидан хорижий инвестор улуши сифатида белгиланган бўлсада (кўриб чиқилган мисолдагидек). Шундан келиб чиқиб, кассация инстанцияси суд ҳайъатининг хулосаларини қуйидаги тарзда гуруҳлаштириш мумкин.
Биринчидан, биринчи ва апелляция инстанциялари судлари ОАЖ юқорида кўрсатилган рўйхатларга киритилмаганлик фактини ҳисобга олмадилар ва, тегишинча, акцияларни сотиш чоғида Вазирлар Маҳкамасининг 477-сон қарори ва 569-сон Тартиб қоидалари бузилмаган.
Иккинчидан, харид қилинаётган акцияларга ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларини бузиб амалга оширилмаган. “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун 33-моддасининг тўртиничи қисмига мувофиқ, ОАЖ акцияларига ҳақ тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк, шунингдек пул баҳосига эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан мулкка оид) билан амалга оширилади.
Учинчидан, давлат компанияси судга шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво билан мурожаат эта олмас эди (тегишли бўлмаган даъвогар), чунки акциялар олди-сотди шартномаси бўйича тараф ҳисобланмаган ва унинг ҳуқуқлари мазкур битимни тузиш билан бузилганлиги хусусида далиллар тақдим этмаган.
Шу тариқа, ОХС қабул қилинган аввалги ҳужжатларни қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топди ва уларни бекор қилди, бу билан у ОАЖ талабларини қондирди ҳамда акциялар олди-сотди шартномасини ўз кучида қолдирди.
Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти
кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган