Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Жисмоний шахсларнинг дивиденндлардан олинган фойдалардан солиқ тўлаш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ

ДИВИДЕННДЛАРДАН ОЛИНГАН

ФОЙДАЛАРДАН СОЛИҚ ТЎЛАШ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Давлат солиқ инспекцияси (бундан кейин орган) масъулияти чекланган жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишни амалга ошириб, МЧЖ муассисларга тўланиши керак бўлган дивидендлар суммасидан жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқни ушламаганлигини аниқлади. Шу муносабат билан 68540000 сўм даромад солиғи қўшимча равишда ҳисобланди, 6854000 сўм жарима ва солиқ тўловини кечиктирганлик учун 11514720 сўм пеня қўлланди. Орган хизмат кўрсатувчи банкка ушбу суммаларни МЧЖ ҳисоб-китоб варағидан ундириш тўғрисида инкассо топшириқномасини қўйди. МЧЖ бу қарорга рози бўлмади ва уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилди.



ОРГАННИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ҳисобот йилининг натижалари бўйича жамиятда солиқлар тўланганидан кейин фойда қолган, у янгидан тузилган учта юридик шахснинг устав фондларини шакллантиришга йўналтирилган. МЧЖ бундай ҳолатда аввал жисмоний шахслардан олинадиган солиқни ҳисоблаб ёзиши ва ушлаши керак эди. Шундан кейин кўрсатилган маблағларга муассис - жисмоний шахслар янги тижорат тузилмаларини барпо этишлари ва уларнинг устав фондларини шакллантиришлари мумкин бўларди. Масъулияти чекланган жамият буни қилмаганлиги сабабли, тегишинча, у солиқ тўғрисидаги қонунларни бузган. Жарима жазоси тўғри қўлланган.



ЖАМИЯТНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


МЧЖ молия-хўжалик фаолиятининг натижалари бўйича учта юридик шахсни барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, унинг муассислари бўлган жисмоний шахслар эмас, балки бевосита жамият мазкур юридик шахсларнинг муассиси бўлди. Қолган фойдани муассислар ўртасида тақсимлаш ва дивиденд-лар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинмади ва, тегишинча, дивидендлар тўланмади. Солиқ тўғрисидаги қонунларни бузишларга йўл қўйилмади, тегишинча, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қўшимча ҳисоблаш ва жарима жазосини қўллаш нотўғридир.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги хулосаларга келди:

- Солиқ кодексининг 50-моддасига мувофиқ олинган дивидендлар бўйича даромадлар жисмоний шахсларнинг мулкий даромадига киради;

- Жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (янги таҳрири, Молия вазирлиги ва ДСҚнинг Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 14 мартда 1110-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган) 36-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра жисмоний шахсларга дивиденд тўлашни амалга оширадиган юридик шахслар дивидендларни тўлаш чоғида тўлов манбаида жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқни ушлаши шарт;

-  жисмоний шахслар даромадидан солиқни дивиденд тўлаш пайтидаги манбадан ушлаш чоғида ушланган солиқ суммаси ушбу мақсадларга пул маблағларини олишга банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда бюджетга ўтказилади;

- жисмоний шахслар даромадидан солиқни ушлаш ва ўтказиш учун даромад тўлайдиган юридик шахс жавобгар бўлади. Солиқ суммасини ушлаш чоғида даромад тўлайдиган юридик шахс бюджетга ушланмаган солиқ суммаси ва у билан боғлиқ жарима ҳамда пеняларни киритиши шарт.

Бироқ, МЧЖ фойданинг солиқ тўланганидан кейин қолган қисмини тижорат ташкилотларининг устав фондларини шакллантиришга йўналтирди, дивидендлар муассисларга ҳисоблаб ёзилмаган ва тўланмаган. Тегишинча, корхонада улардан жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқни ушлаш учун асослар бўлмаган. Шу сабабли суд масъулияти чекланган жамиятни жавобгарликка тортиш учун юридик асослар мавжуд эмас, орган солиқ суммаларини нотўғри равишда қўшимча ҳисоблаб ёзган, шунингдек жаримани нотўғри ундирган деб топди. Юқори инстанцияларнинг судлари қабул қилинган қарорни бекор қилиш учун асосларни топмади.




Ш А Р Ҳ


Кўрилаётган низонинг моҳиятини бир неча томондан аниқлаш муҳимдир.

Биринчидан, муассис - жисмоний шахсдан қайси пайтдан бошлаб у барпо этган юридик шахснинг устав капиталида иштирок этишдан олинадиган даромад тан олинишини аниқлаб олиш зарур. Қайси пайтдан бошлаб унда қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ мажбурияти юзага келиши тўғрисидаги саволнинг жавоби шунга боғлиқдир.

Иккинчидан, амалдаги қонун ҳужжатлари позициясидан юридик шахс фойдасининг солиқлар тўланганидан кейин қоладиган қисмини, муассислар ўртасида тақсимламасдан ва, тегишинча, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқни ҳисоблаб ёзмасдан ва тўламасдан, бошқа юридик шахснинг устав фондини шакллантиришга йўналтириш тўғрими?

Солиқ кодексининг 44-моддасига мувофиқ, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ тўловчилари бўлиб молия йилида солиқ солинадиган даромадга эга бўлган жисмоний шахслар ҳисобланади. Солиқ кодексининг 47-моддасига кўра,   Кодексга мувофиқ белгиланадиган жами йиллик даромад солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланади. Жисмоний шахс жами йиллик даромадининг элементларидан бири бўлиб унинг мулкий даромади ҳисобланади, унга, Солиқ кодексининг 50-моддасига кўра, дивидендлар ҳам киради. Жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома 16-бандининг иккинчи хатбошисига кўра солиқ солиш мақсадида дивидендларга акциялар бўйича ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталида улушбай иштирок этишдан олинадиган даромадлар киритилади.

Юзага келган вазиятни ва суд томонидан қабул қилинган қарорни янада батафсил аниқлаштириш учун жисмоний шахс - муассисларни олинган дивидендлар бўйича даромадлардан солиқ тўловчилар сифатида алоҳида тоифага шартли равишда ажратамиз. (Шуни таъкидлаш лозимки, Солиқ кодексида барча жисмоний шахсларни жами йиллик даромад бўйича солиқ тўловчилари сифатида қараб, бу тарзда ажратмайди).

Юридик шахснинг устав капиталида улушга эга бўлган жисмоний шахс олинган дивидендлар бўйича даромадидан (фойданинг МЧЖ солиқларни тўлаганидан кейин қоладиган қисми) солиқ тўловчи ҳисобланади. Солиқ кодекси 48-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, жами йиллик даромадга солиқ тўловчи томонидан олиниши керак бўлган (олинган) пул ва бошқа маблағлар, шу жумладан жисмоний шахсларнинг мулкий даромади киритилади.

Жисмоний шахс - муассисда солиқ мажбурияти қайси пайтдан бошланиши ва у қачондан бошлаб юридик шахснинг устав фондида иштирок этишдан олинган даромади солиқ тўловчи бўлиб тан олинишини белгилаш чоғида Солиқ кодекси муассис томонидан ҳақиқатда даромад олинишидан эмас (масалан, унга пул маблағларини нақд ёки нақд пулсиз шаклда тўлаш воситасида), балки унда бундай даромад олиш ҳуқуқи қачон юзага келганлигидан келиб чиқади.

2001 йил 6 декабрдаги 310-II-сон “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонун 25-моддасининг биринчи қисмига кўра жамият МЧЖ иштирокчиларининг умумий йиғилишида ҳар чоракда, ярим йилда бир маротаба ёки йилда бир маротаба ўзининг соф фойдасини жамият иштирокчилари ўртасида тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир. Шу тариқа, мазкур Қонуннинг қоидаларидан келиб чиқиб, МЧЖ фойдасининг юридик шахс солиқларни тўлаб бўлгандан кейин қолган қисмини тақсимлаш учун расмий асос бўлиб, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинган қарор ҳисобланади. Фикримизча, уни қабул қилиш пайтидан бошлаб (уни расмийлаштириш тартибига риоя қилган ҳолда) жисмоний шахслар - муассислар (иштирокчилар)да МЧЖ устав фондида иштирок этишдан уларнинг улушлари миқдорига мувофиқликда тегишли даромадларни олиш ҳуқуқи юзага келади.

Кўриб чиқилган низода, суд томонидан таъкидланганидек, фойданинг солиқлар тўланганидан кейин қолган қисмини тақсимлаш тўғрисида қарор умумий йиғилиш томонидан қабул қилинмаган. Усиз айни юридик шахс ана шу маблағларнинг расман мулкдори ҳисобланади. Шу сабабли кўрсатилган ҳолда “олиниши керак бўлган” даромадлар жисмоний шахслар - муассисларда юзага келмаган ҳам.

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонун 30-моддаси иккинчи қисмининг ўн учинчи хатбошисига мувофиқ, иштирокчилар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига “бошқа юридик шахсларни барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилиш” киради. Кўриб чиқилган низода солиқлар тўланганидан кейин ва муассислар - жисмоний шахслар ўртасида тақсимланмаган маблағларни кўрсатилган тузилмаларнинг устав фондини шакллантиришга йўналтирган ҳолда учта юридик шахсни барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу тариқа, янги барпо этилаётган юридик шахсларнинг муассиси сифатида, унинг муассислари - жисмоний шахслар эмас, айни МЧЖ майдонга чиқади.

Хўжалик суди қонун ҳужжатларининг барча кўрсатилган қоидаларини ҳисобга олди ва улардан келиб чиқиб, МЧЖда мазкур ҳолда жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқни ҳисоблаб ёзишга ва уни бюджетга тўлаш учун юридик асос йўқлигини тан олди. Тегишинча, давлат органининг МЧЖга Солиқ кодексининг 135-моддаси биринчи қисмининг 5, 8-бандларига кўра молиявий жазони қўллаган ҳолда солиқни қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги қарори қонун ҳужжатларига мувофиқ эмас деб топилди. Шуни эслатиш лозимки, Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига кўра солиқ тўловчи “бухгалтерия ҳисобининг йўқлиги ёки уни белгиланган тартибни солиқлар ва йиғимлар бўйича ҳисоб-китобларнинг бузилишига олиб келадиган тарзда бузган ҳолда юритганлик учун” молиявий жавобгарликка тортилиши мумкин. Жарима бу ҳолда қўшимча ҳисобланган солиқ ва йиғимлар суммасининг ўн фоизини ташкил этади. Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига кўра солиқлар ва йиғимлар бўйича тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,07 фоиз миқдорида пеня ундирилади, тўлов куни ҳам шунга киради.

Устав фондларидаги иштирокидан жисмоний шахслар олган даромадлардан тўлаш манбаида солиқни ушламаганлик учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисида солиқ қонунчилигининг қоидаларини қўллаётганда, қонунга мувофиқ келмайдиган ҳаракатлардан қочиш учун амалдаги қонун ҳужжатларининг мазкур материалда ва бошқа шу сингари қоидаларида келтирилган тўғри баҳоланиши муҳимдир.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган