Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 08.06.2006 й. Р N 66-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

08.06.2006 й.

N Р 66



(Кўчирма)



"Хоразмпахтасаноат" акциядорлик бирлашмаси даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - Хоразм вилояти Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармасининг 2004 йил 22 июндаги 43-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Биринчи инстанция судининг 2004 йил 17 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2005 йил 15 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Хоразм вилоят хўжалик судининг 2005 йил 21 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат, судьянинг маърузасини тинглаб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларига кўра, Хоразм вилояти Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармасининг ходимлари томонидан "Хоразмпахтасаноат" акциядорлик бирлашмасида "Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги, "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ва "Реклама тўғрисида"ги қонунлар талабларига риоя қилиниши, шартномавий нарх шаклланиши ва қўлланилиши юзасидан текшириш ўтказилган. Текшириш натижалари бўйича Хоразм вилояти Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармасининг 2004 йил 22 июндаги 43-сонли қарори қабул қилиниб, унда даъвогардан ноқонуний олинган 51,7 млн. сўмни ундириш ва 51,7 млн. сўм миқдорида жарима қўллаш белгиланган. Мазкур қарордан норози бўлган даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарнинг 2004 йил 22 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилган, иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмаган, ҳал қилув қарорида баён этилган хулосалар иш ҳолатлари билан тасдиқланмаган, натижада асослантирилмаган ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Даъвони рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 3 июндаги 240-сонли қарори билан тасдиқланган "Пахта толасини экспортга сотишнинг ва пахта толаси учун ташқи савдо компанияларининг "Пахтасаноат" ҳудудий акциядорлик бирлашмалари билан ҳисоб-китоб қилишнинг вақтинчалик Тартиби"ни қўллаган, ваҳоланки, жавобгар томонидан даъвогарнинг 2002-2003 йиллардаги фаолияти текширилиб, айнан шу даврда 51,7 млн. сўмлик даромад ноқонуний олинган деб топилган. Бундан ташқари, мазкур Тартиб фақат экспортга пахта толасини сотишдан олинган маблағлардан фойдаланишга тегишлидир, текшириш далолатномасида эса ноқонуний деб кўрсатилган 51,7 млн. сўмлик даромад "Хоразмпахтасаноат" бирлашмаси томонидан пахта толаси ва момиқ (линт) маҳсулотларини ички истеъмолчиларга сотишда 0,5 фоизлик устамани қўллашдан олинганлиги қайд этилган.

Шунингдек иш ҳужжатларидан кўринишича, суд томонидан низони қонуний ҳал этиш мақсадида экспертиза тайинланиб, унинг хулосаси олинган. Бироқ суд ишни кўришда экспертиза хулосасини умуман муҳокама қилмаган, суд қарорида нима сабабдан экспертиза хулосаси далил сифатида инобатга олинмаганлигини ҳам кўрсатмаган ва бу билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 138-моддаси тўртинчи қисми талабларини бузган.

Бундан ташқари, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармасининг судга тақдим этган эътирозномаларида даъвогар томонидан 0,5 фоизлик устама нотўғри қўлланилганлиги кўрсатилган, ҳал қилув қарорида эса Молия вазири ўринбосарининг хатида момиқ(линт)ни сотишда устама қўллашга рухсат берилмаганлиги қайд этилган. Яъни, суд томонидан момиқ (линт)дан бошқа пахта маҳсулотларини устама билан сотишга рухсат берилганлиги тан олинган, ваҳоланки, даъво тўлиқ рад этилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 200-моддасининг биринчи қисмига кўра, суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Қайд этилганларга кўра, ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим.

Ишни янгидан кўришда суд қайд этилган камчиликларни, қарама-қаршиликларни, йўл қўйилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишини бартараф этиб, тарафларнинг барча важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатлари ва далилларга баҳо бериб, қонуний ҳамда асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.

Баён этилганларга кўра, Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган Хоразм вилоят хўжалик судининг 2005 йил 21 июлдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанцияда кўриш учун шу вилоят хўжалик судига юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон