Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.04.2006 й. Р N 40-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

27.04.2006 й.

N Р 40



(Кўчирма)



Якка тартибдаги тадбиркор А. Лапшина судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Зарафшон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ашёларни олиб қўйиш ҳолатини ноқонуний деб топиш, жавобгардан 3988000 сўмни, 11964000 сўм зарарни, ўзига ва фарзандига етказилган 1000000 сўм жисмоний, ва 1000000 сўм маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Навоий вилоят хўжалик судининг 2005 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, республика бюджетидан даъвогарга 3543000 сўм қайтарилган, даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция ва кассация инстанциясида кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари томонидан келтирилган протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш сўралган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қўллаб-қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, 2002 йил 27 декабрда Зарафшон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 6 майдаги 154-сонли қарорининг ижроси юзасидан ўтказилган тадбирда фуқаро А. Лапшина харидор А.Нурмуродовга божхона тўловлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган импорт коляскани 150000 сўмга сотаётганда ушланган. Унинг уйидан эса тегишли ҳужжатларсиз 3543000 сўмлик импорт товарлар олиб қўйилган.

Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2003 йил 25 апрелдаги ҳукми билан А. Лапшина Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 189-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баравари миқдорида жаримага тортилган, жиноят иши бўйича олинган 3543000 сўмлик далилий ашёлар давлат фойдасига мусодара қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2003 йил 3 июндаги ажрими билан ҳукм бекор қилиниб, жиноят иши қўшимча тергов ҳаракатларини олиб бориш учун юборилган.

Учқудуқ туман ИИБ ТБ терговчисининг 2003 йил 25 октябрдаги қарори билан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 84-моддасининг бешинчи қисми 1-банди билан қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотганлиги туфайли иш юритишдан тугатилган.

А. Лапшина вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Зарафшон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ашёларни олиб қўйиш ҳолатини ноқонуний деб топиш, жавобгардан 3988000 сўмни, 11964000 сўм зарарни, ўзига ва фарзандига етказилган 1000000 сўмлик жисмоний ва 1000000 сўмлик маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиб, қонун нормаларини нотўғри талқин қилиб, даъво аризасини асоссиз равишда иш юритишга қабул қилган ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида ноқонуний ҳал қилув қарори қабул қилган.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 23-моддасига кўра хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2000 йил 28 январдаги 82-сонли қарорининг 2-бандига кўра, агар фуқаро тадбиркорлик фаолиятини амалга ошира туриб, лекин давлат рўйхатидан ўтмасдан, тадбиркор мақомини олмаган бўлса, бундай шахслар иштирок этувчи низолар ХПКнинг 23-моддасига мувофиқ хўжалик судларига тааллуқли эмасдир. Агар фуқаронинг давлат рўйхатидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида ўтиши тугатиладиган бўлса ҳам масала худди шундай тартибда ҳал этилиши лозим. Хусусан, ишончноманинг амал қилиш муддатини тугатиш, давлат рўйхатидан ўтишини бекор қилиш ва шу каби муносабатлар билан кўрсатилган фуқаролар қатнашувидаги ишлар, шу жумладан, олдинги тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар хўжалик судларига тааллуқли эмас. Фуқаро қатнашадиган ишларни хўжалик судларида кўриш учун фақатгина тадбиркор-фуқаро мақомининг бўлиши асос бўла олмайди. Хусусан, агар фуқаро белгиланган тарзда олинган якка тартибдаги тадбиркор мақомига эга бўла туриб, лекин низо унинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан эмас, балки бошқа фуқаровий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ бўлса, бу низо ҳам хўжалик судига тааллуқли эмас.

А. Лапшина даъво аризасида ҳомиладор бўлганлиги сабабли 2002 йилнинг сентябрь ойидан тадбиркорлик фаолиятини тугатганлигини билдирган. Бундан ташқари, 2002 йил 26 сентябрда Зарафшон шаҳар ДСИга ариза билан мурожаат қилиб, октябрь ойидан фаолиятини тўхтатишини, патентини бекор қилишни сўраган.

А. Лапшинадан у тадбиркорлик фаолиятини тугатганидан сўнг, 2002 йил 27 декабрда божхона расмийлаштирувидан ўтганлиги ва тўловлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 3543000 сўмлик импорт товарлар олиб қўйилган.

Бундай ҳолатда суд низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаганлиги сабабли, иш юритишни тугатиши лозим эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 23-моддаси 4-қисмига биноан ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судида кўрилиши керак.

Даъвогар ўзининг даъво аризасида ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, яъни Зарафшон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ашёларни олиб қўйиш ҳолатини ноқонуний деб топиш, жавобгардан 3988000 сўмни, 11964000 сўм зарарни, ўзига ва фарзандига етказилган 1000000 сўм жисмоний ва 1000000 сўм маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги талабларни бирлаштирган.

Бундай ҳолда, иш хўжалик судига тааллуқли бўлмаганлиги, аммо суд процессуал ҳуқуқ нормасини бузиб, ишни кўриб чи??анлиги сабабли, низо бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш юритиш тугатилиши лозим.

Қайд этилганларга асосан, Раёсат Навоий вилоят хўжалик судининг 2005 йил 5 сентябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон