Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.10.2006 й. Р N 136-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.10.2006 й.

Р N 136

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси "Бектранс-Осиё" масъулияти чекланган жамияти манфаатида Сурхондарё вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Шеробод Инвест-транс" масъулияти чекланган жамияти (собиқ "Абу Исо Имом Термизий" номли 47-сонли автокорхона очиқ акциядорлик жамияти)дан 10961000 сўм асосий қарз, 2672000 сўм пеня ва 4610 сўм почта харажати, жами 13637610 сўм ундиришни сўраган.

Сурхондарё вилоят хўжалик судининг 2005 йил 2 июндаги ҳал қилув қарори билан даъвогарга "Шеробод Инвест-транс" масъулияти чекланган жамиятидан 13637610 сўм ундирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг 2005 йил 25 октябрдаги кассация қарори билан ҳал қилув қарорининг 2672000 сўм пеня ундириш қисми бекор қилиниб, даъвонинг шу қисмини қаноатлантириш рад этилган, ҳал қилув қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Протестда ушбу иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини текшириб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2003 йил 24 апрель куни "Тўпаланг" акционерлик жамияти, 104-сонли автокорхона (ҳозирги "Бектранс-Осиё" МЧЖ), қарздор - "Тоштўқимачи" очиқ акциядорлик жамияти ва "Абу Исо Имом Термизий" номли 47-сонли автокорхона очиқ акционерлик жамияти (ҳозирги "Шеробод Инвест-транс" МЧЖ) ўртасида 24-сонли "қарзни бошқа шахсга параллел ўтказиш" юзасидан шартнома тузилган.

2003 йил 24 апрелдаги 24-сонли шартноманинг 1.1-бандига кўра, "Тўпаланг" АЖ 104-сонли автокорхона ўзининг 47-сонли автокорхона олдида бўлган қарздорлигини ёпиш мақсадида ўзини жавобгарликдан озод қилмайдиган тартибда қарздорлигини "Тоштўқимачи" ОАЖга ўтказган. "Тоштўқимачи" ОАЖ томонидан қарздорлик 47-сонли автокорхонага тўланган тақдирда "Тоштўқимачи" ОАЖнинг 104-сонли автокорхона олдидаги қарздорлиги автоматик равишда ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 323-моддасига кўра қарздорни қарзни тўлаш мажбуриятидан озод қилмаган ҳолда қарзни ёки унинг қисмини бошқа шахсга ўтказишга рухсат берилади. Бу ҳолда ҳар иккала қарздор мажбуриятнинг бажарилиши учун солидар жавобгар бўлади. Қарздорнинг учинчи шахс билан шартномаси асосида учинчи шахс мажбуриятнинг бажарилиши бўйича кредитор олдида эмас, балки фақат қарздор олдида бурчли бўлади.

Суд "Бектранс-Осиё" МЧЖ томонидан 47-сонли автокорхонага нисбатан қай даражада даъвогар сифатида талаб қўйилиши мумкинлигини текширмаган.

Даъвогар - Сурхондарё вилоят адлия бошқармасининг "Бектранс-Осиё" МЧЖ манфаатида вилоят хўжалик судига киритган даъво аризасида кўрсатилган 47-сонли автокорхона ОАЖ 104-сонли автокорхона ҳисобидан "Тоштўқимачи" ОАЖдан 10000000 сўмлик маҳсулот олганлиги ҳолати бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари билан тасдиқланмаган.

Кассация инстанцияси суди томонидан "Тоштўқимачи" ОАЖнинг 2005 йил 25 октябрдаги 4772/624-581-сонли маълумотномаси қабул қилинган бўлса-да, ушбу маълумотномада "Шеробод АТП - 47" ОАЖ, шунингдек "Тўпаланг АТП - 104" билан "Тоштўқимачи" ОАЖ ўртасида дебиторлик-кредиторлик қарзлари мавжуд эмаслигига баҳо берилмаган.

Биринчи инстанция суди томонидан 2003 йил 22 апрелдаги 24-сонли шартноманинг учинчи иштирокчиси ва 47-сонли автокорхонанинг янги қарздори ҳисобланган "Тоштўқимачи" ОАЖни хўжалик ишига ХПКнинг 38-моддасига биноан учинчи шахс сифатида жалб қилиш ва қарздорнинг важлари юзасидан унинг фикрини олиш чоралари кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддасининг учинчи қисми 5-бандига кўра хўжалик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори ёки қарор қабул қилган бўлса, бу ҳолат ҳал қилув қарори ва қарорни бекор қилишга асос бўлади.

Суд томонидан шартноманинг 2.3-бандида келишилган мажбуриятнинг 10 кун муддат ичида бажарилмаслиги сабаблари ўрганилмаган, "Абу Исо Имом Термизий" номли 47-сонли автокорхона ва "Бектранс-Осиё" МЧЖ ўртасида 2004 йил 1 февраль ҳолатига тузилган ҳисоб-китобни солиштириш далолатномасидаги қарздорлик бор-йўғи 961000 сўмни ташкил этишига тегишли баҳо берилмаган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъвогар - "Бектранс-Осиё" МЧЖнинг важларини исботловчи ҳужжат сифатида жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман судининг 2004 йил 12 ноябрдаги ҳукми ва жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2005 йил 1 мартдаги ажрими асос қилиб олинган ва шу сабабли ҳал қилув қарори ХПКнинг 60-моддаси тўртинчи қисмига биноан жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийлиги кўрсатилган.

Аммо, жиноят иши 2002 йил 14 августда кўриб чиқилганлиги, мазкур хўжалик иши бўйича талаблар 2003 йил 24 апрелда тузилган 24-сонли шартномадан келиб чи??анлиги ҳолати суд томонидан баҳоланмаган.

Биринчи ва кассация инстанцияси судлари томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган, исботланмаган ва қабул қилинган қарорларда баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Юқоридагиларга кўра, мазкур иш юзасидан қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим.

Суд ишни янгидан кўришда мавжуд ҳужжатлар асосида ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаб, далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, ишга "Тоштўқимачи" ОАЖни тараф сифатида жалб қилиш масаласини ҳал қилиб, тўпланган ҳужжатлар йиғиндисига кўра қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.