Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 30.08.2007 й. Р N 92-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.08.2007 й.

Р N 92

(КЎЧИРМА)

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси "Сурхон-чигит" пахта уруғчилик корпорацияси ОТАЖ манфаатида даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, С.Бойматов номли ширкат хўжалигидан 130714379 сўм асосий қарз, 49017892 сўм фоиз, жами 179732271 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2006 йил 18 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 130714379 сўм асосий қарз ундирилган, даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Кассация инстанцияси судининг 2007 йил 23 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, жавобгардан 128034881 сўм асосий қарз ундирилган. Шунингдек, Сурхондарё вилоят прокуратурасига хусусий ажрим юборилган.

Протестда кассация инстанцияси суди қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини текшириб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра "Сурхон-чигит" пахта уруғчилик корпорацияси ОТАЖ 1996 йил 27 августдаги счёт-фактура, 1996 йил 6 сентябрдаги, 1997 йил 5 февралдаги, 1997 йил 17 мартдаги юк хатлари билан С.Бойматов номли ширкат хўжалигига 5455,0 минг сўмлик 7100 л. пестицид маҳсулотини етказиб берган. С.Бойматов номли ширкат хўжалиги эса ушбу маҳсулотни қабул қилиб олган.

Сурхондарё вилоят адлия бошқармасининг "Сурхон-чигит" пахта уруғчилик корпорацияси ОТАЖ манфаатини кўзлаб берган даъво аризасида шартномага асосан тўлов миллий валютада Марказий банк белгилаган қиймат ҳисобида амалга оширилиши лозимлиги важ қилиб кўрсатилиб, етказиб берилган пестицид маҳсулоти учун ширкат хўжалигидан асосий қарзни фоиз билан бирга ундириш сўралган.

Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, шартномаларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, уларнинг ҳақиқатда бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни адлия органи ва даъвогардан талаб қилиб олмасдан ва ишга қўшмасдан, тарафлар ўртасида ҳисоб-китобларнинг аҳволини ўрганмасдан, исботланмаган ҳолатларга асосланган ҳолда даъвони қисман қаноатлантириш тўғрисида барвақт ҳал қилув қарори қабул қилган.

Суд томонидан Қумқўрғон туман ҳокимининг 2006 йил 27 ноябрдаги 711-сонли қарори билан тасдиқланган С.Бойматов номли ширкат хўжалигини фермер хўжалигига айлантириш бўйича қайта ташкил этиш комиссияси ишга жалб этилмасдан, пестицид учун кредиторлик қарзи масаласи комиссия вакиллари иштирокида муҳокама этилмасдан, бу масалага аниқлик киритилмасдан, иш комиссия, шунингдек жавобгар вакиллари иштирокисиз кўрилган.

Ширкат хўжалиги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган бўлса-да, иш фақат адлия органи ва даъвогар вакилларининг иштирокида, улар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида бир томонлама кўриб чиқилиб, даъво қисман қаноатлантирилган. Натижада ширкат хўжалигининг ҳуқуқ ва манфаатига дахлдор ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Биринчи инстанция судининг ишни кўришни 2006 йил 18 декабрга қолдириш тўғрисидаги ажрими Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 131-моддасида белгиланган тартибда жавобгарга топширилганлигини тасдиқловчи далиллар ишда мавжуд эмас. Термиз телеграфи филиалининг маълумотномасида ширкат хўжалиги тугатилганлиги сабабли телеграммани олишдан бош тортилганлиги, тугатиш комиссиясининг раиси ҳам олмаганлиги баён этилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддаси учинчи қисмининг 2-бандига мувофиқ иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, ҳал қилув қарорини ёки қарорни бекор қилиш учун асос бўлади.

Ишдаги мавжуд шартномаларга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Тарафлар ўртасида тузилган 1997 йил 26 июндаги 10-сонли шартномада 106290 АҚШ доллари миқдорида 7290 л. пестицид маҳсулотини етказиб бериш назарда тутилган, шартноманинг шартлари тарафларнинг шартнома тузилишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилиши белгиланмаган бўлса-да, маҳсулот шартнома тузилмасдан олдин етказиб берилганлигига аҳамият берилмаган.

Кейинги шартноманинг предмети ҳам айнан шу маҳсулот тўғрисида бўлса-да, лекин унинг тузилган санаси кўрсатилмаган, иловалари ишда мавжуд эмас. Ушбу шартноманинг 1.2-бандида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Пахта лойиҳасини амалга ошириш Агентлиги ҳам унинг иштирокчилари эканлиги қайд этилган. Бироқ шартнома ушбу ташкилотлар томонидан имзоланмаганлиги ҳолати ўрганилмаган.

Ишдаги далиллар пестицид маҳсулоти 1996 йил 27 августдан 1997 йил 17 мартга қадар беш марта етказиб берилганлигидан далолат беради. Ушбу ҳолат 1996 йил 27 августдаги счёт-фактура, 1996 йил 6 сентябрдаги, 1997 йил 5 февралдаги, 1997 йил 17 мартдаги юк хатлари билан тасдиқланади. Суднинг даъвогар жавобгарга 1996-1997 йилларда 106290 АҚШ доллари қийматида 7290 л. пестицид маҳсулоти етказиб берган деб келтирган хулосаси иш ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Ҳал қилув қарорида жавобгарнинг 2006 йил 3 октябрдаги ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси тузилиб, 30062366 сўмлик қарзнинг мавжудлиги тан олинганлиги баён этилган. Аммо ҳал қилув қарорида ҳавола этилган далолатноманинг ўзи ишда мавжуд эмас.

Ишдаги мавжуд далолатнома 2005 йил 30 августда тузилган бўлиб, фақат тарафларнинг бош ҳисобчилари томонидан имзоланган холос, раҳбарлар томонидан эса имзоланмаган. Ваҳоланки, "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, корхона, муассаса ва ташкилотнинг кредит ва ҳисоб-китоб мажбуриятлари, шунингдек бухгалтерия ҳисоботлари ва баланслари раҳбар томонидан ёки у белгилайдиган шахслар томонидан имзоланади.

Раҳбар имзолаш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг иккита рўйхатини тасдиқлайди. Биринчи рўйхатга раҳбарлик вазифаларини амалга оширувчи шахслар, иккинчисига бухгалтерия ҳисоби ва молиявий бошқариш вазифаларини амалга оширувчи шахслар киради.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг имзоси бўлмаган ҳужжатлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Мазкур далолатнома иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг исботланганлигини, ҳақиқатда қарзнинг мавжудлигини англатмайди. Аксинча, низо ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси асосида эмас, балки қарздорликни тасдиқловчи бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини ўрганиш асосида ҳал этилиши керак эди.

Ширкат хўжалигининг 1998 йил 28 февралдаги 51-сонли хатида пестицид учун ўтказилган 2685,0 минг сўмни Низом жамғармасига ҳисоб-китоб қилиш сўралганлиги баён этилган. Ушбу хатга ҳам суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан йўл қўйилган хатоликларни бартараф этмасдан, кассация шикоятида ва протестида келтирилган важларга баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини ўзгартирган.

Судлов ҳайъати томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 129-моддасига мувофиқ жавобгарнинг суд-бухгалтерия экспертизаси тайинлаш тўғрисида берган илтимосномаси муҳокама этилмаган.

Кассация инстанцияси суди қарорида асосий қарз миқдори 2684998 сўмга камайтирилганлиги ва 128034881 сўмга ўзгартирилганлиги ишдаги ҳужжатлар билан асослантирилмаган.

Қайд этилганларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юбориш лозим. Суд қарорлари бекор бўлиши муносабати билан хусусий ажрим ҳам бекор қилинади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди С.Бойматов номли ширкат хўжалигини фермер хўжалигига айлантириш бўйича қайта ташкил этиш комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Пахта лойиҳасини амалга ошириш Агентлигини ишга жалб этиш масаласини муҳокама қилиб, шартномаларга ҳуқуқий баҳо бериб, уларнинг ҳақиқатда бажарилганлигини, қарздорликни тасдиқловчи бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини тарафлардан талаб қилиб олиб, ишга қўшиб, ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳақиқий аҳволини тарафлар вакиллари, мутахассислар ва прокурор иштирокида ўрганиб, зарур бўлса, ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра тегишли экспертиза тайинлаш масаласини ҳал этиб, тўпланган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.