Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.04.2007 й. Р N 39-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.04.2007 й.

Р N 39

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - "Андижон биокимё заводи" ОАЖ Андижон вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар - "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ ҳисобидан 292,5 млн. сўм асосий қарзни ундиришни сўраган.

Андижон вилоят хўжалик судининг 2006 йил 5 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ фойдасига "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ ҳисобидан 292,5 млн. сўм ундирилиши белгиланган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2006 йил 18 июлда "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ билан "Андижон биокимё заводи" ОАЖ ўртасида тузилган 141/4-сонли шартномага асосан "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ 2000 тонна 3-синфли буғдой етказиб бериш, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ эса маҳсулот учун олдиндан 100 фоиз ҳақ тўлаш мажбуриятини олган. Шартноманинг 3.5-бандига асосан унинг амал қилиш муддати 2006 йил 30 июлгача деб белгиланган.

2006 йил 1 январь ҳолатига "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖнинг "Андижон биокимё заводи" ОАЖдан 485,4 млн. сўм қарздорлиги мавжуд бўлган.

2006 йил 16 январь куни "Андижон биокимё заводи" ОАЖ томонидан "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖга 2004 йил 12 апрелдаги 11-сонли шартномага асосан транспорт хизматлари учун 7 млн. сўм ўтказиб берилган.

"Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ томонидан "Андижон биокимё заводи" ОАЖга 2006 йил январь ойида 194,3 млн. сўмлик, 2006 йил февраль ойида 185 млн. сўмлик, 2006 йил март ойида 276,4 млн. сўмлик буғдой етказиб берилган.

2006 йил 20 март куни "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ ва "Танҳо қурилиш сервис" МЧЖ ўртасида ундирув ҳуқуқини 3-шахсга ўтказиш ҳақида тузилган 11-сонли шартномага асосан "Танҳо қурилиш сервис" МЧЖнинг "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖдан 97,8 млн. сўм қарзини ундириш ҳуқуқи "Андижон биокимё заводи" ОАЖга ўтказилган.

Шунингдек, 2006 йил 30 мартдаги 6-сонли шартномага асосан "Саноат фаввораси" корхонасининг 200,1 млн. сўм, 2006 йил 1 майдаги 1-сонли шартномага асосан "Сардорбек-Люкс қурувчи" хусусий корхонасининг 159 млн. сўм, 2006 йил 16 майдаги 25-сонли шартномага асосан "Люксойл" хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмасининг 130 млн. сўм, 2006 йил 8 июндаги 1-сонли шартномага асосан "Баркамол Люкс" кўп тармоқли савдо ва ишлаб чиқариш фирмасининг 132 млн. сўм, 2006 йил 12 июндаги 1-сонли шартномага асосан "Андижон Мустақиллик фаввораси" хусусий корхонасининг 148,5 млн. сўм, 2006 йил 28 июндаги 2 ва 4-сонли шартномаларга асосан "Нива глобал торг сервис" хусусий корхонасининг 202 млн. сўм қарзини "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖдан ундириш ҳуқуқи "Андижон" биокимё заводи" ОАЖга ўтказилган.

"Андижон биокимё заводи" ОАЖ юқоридаги ҳисоб-китобларга кўра Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ 2006 йил 1 сентябрь ҳолатига 292,5 млн. сўм қарздор эканлигини кўрсатиб, қарзни ундиришни сўраб хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этган.

Биринчи инстанция суди томонидан низони кўришда қуйидаги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 61-моддасида хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳолаши лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, суд томонидан мазкур процессуал ҳуқуқ нормаси талаби бажарилмаган, иш ҳолатлари тўлиқ аниқланмаган ва далилларга тегишли баҳо берилмаган.

Даъво аризасига кўра, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ тарафлар ўртасида буғдой етказиб бериш тўғрисида 2006 йил 18 июлда тузилган 141/4-сонли шартномага асосан вужудга келган 292,5 млн. сўмлик қарзини ундиришни сўраган. Бироқ 2006 йил 18 июлдаги 141/4-сонли шартнома бўйича тарафлар ўз мажбуриятларини бажарган ёки бажармаганлиги, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ томонидан "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖга олдиндан тўлов амалга оширилган ёки оширилмаганлиги ҳамда "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ томонидан "Андижон биокимё заводи" ОАЖ га буғдой етказиб берилган ёки берилмаганлиги аниқланмаган. Ишга мазкур шартномага тегишли бухгалтерия ҳужжатлари - ҳисобварақ фактуралари ва тўлов топшириқномалари талаб қилиб олинмаган ва ўрганилмаган.

Ҳал қилув қарорида даъвогар томонидан 2006 йил 21 июддаги 471-сонли тўлов топшириқномаси орқали 44 млн. сўм ўтказиб берилганлиги белгиланган. Ишга илова қилинган 2006 йил 21 июлдаги 471-сонли тўлов топшириқномасининг ксеронусхасида тўлов асоси сифатида 2006 йил июнь ойидаги 16-02-01-сонли шартнома кўрсатилган, аммо биринчи инстанция суди томонидан мазкур шартнома талаб қилиб олинмаган ва ўрганилмаган ҳамда унга ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Бундан ташқари, "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ ва "Андижон биокимё заводи" ОАЖ билан бошқа бир нечта юридик шахслар, шу жумладан: "Танҳо қурилиш сервис" МЧЖ, "Люксойл" ва "Баркамол Люкс" фирмалари, "Саноат фаввораси", "Сардорбек-Люкс қурувчи", "Андижон Мустақиллик фаввораси" ва "Нива глобал торг сервис" хусусий корхоналари ўртасида ундирув ҳуқуқини учинчи шахс фойдасига ўтказиш тўғрисидаги шартномалар тузилган, лекин мазкур шартномаларда ундирув ҳуқуқи қайси мажбуриятларга асосан ўтаётганлиги ва воз кечилаётган ҳуқуқни келтириб чиқарувчи битим аниқ кўрсатилмаган.

Суд томонидан ҳам воз кечилаётган ҳуқуқни келтириб чиқарувчи битимлар талаб қилиб олинмаган ва ўрганилмаган.

Протестда Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК Департаменти Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган текширишда "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ ва юқорида қайд этилган корхоналар мансабдор шахслари ўзаро жиноий тил бириктириб, ундирув ҳуқуқини учинчи шахс фойдасига ўтказиш тўғрисида шартномалар тузиб, бажарилган хизматлар ҳажмини ошириб кўрсатганлиги натижасида "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖнинг 173,9 млн. сўмлик мулклари талон-торож қилинганлиги аниқланганлиги ва 2006 йил 4 октябрда бу мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси учинчи қисмининг "а" банди, 205-моддаси иккинчи қисмининг "а" банди, 184-моддасининг учинчи қисми, 189-моддасининг 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилаётганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига асосан суд ҳужжатларининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда, Раёсат протестни қаноатлантириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Ишни янгидан кўриш пайтида суд 2006 йил 18 июлдаги 141/4-сонли шартнома бўйича тарафлар ўз мажбуриятларини бажарган ёки бажармаганлиги, "Андижон биокимё заводи" ОАЖ томонидан "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖга олдиндан тўлов амалга оширилган ёки оширилмаганлиги, "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ томонидан "Андижон биокимё заводи" ОАЖга буғдой етказиб берилган ёки берилмаганлигини аниқлаш, ишга мазкур шартномага тегишли бухгалтерия ҳужжатлари - ҳисобварақ фактуралари ва тўлов топшириқномаларини, "Асакадонмаҳсулотлари" ОАЖ ва "Андижон биокимё заводи" ОАЖ билан "Танҳо қурилиш сервис" МЧЖ, "Люксойл" ва "Баркамол Люкс" фирмалари, "Саноат фаввораси", "Сардорбек-Люкс қурувчи", "Андижон Мустақиллик фаввораси" ва "Нива глобал торг сервис" хусусий корхоналари ўртасида ундирув ҳуқуқини учинчи шахс фойдасига ўтказиш тўғрисидаги шартномаларни тузишга асос бўлган ва воз кечилаётган ҳуқуқни келтириб чиқарувчи битимларни, 2006 йил июнь ойидаги 16-02-01-сонли шартномани талаб қилиб олиши ва ўрганиши, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний қарор қабул қилиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.