Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 29.03.2007 й. Р N 28-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.03.2007 й.

Р N 28

(КЎЧИРМА)

"Ўзростехинвест" қўшма корхонаси Сурхондарё вилоят хўжалик судига дастлаб даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Агрокерамика" қўшма корхонасидан 475,0 млн. сўм асосий қарз, 100,7 млн. сўм пеня, жами 575,7 млн. сўм ундиришни, бундан ташқари, бой берилган фойда ва маънавий зарар миқдорини суд тартибида белгилаб, оқилона миқдорда ундириб беришни ва даъвони таъминлаш чораларини кўришни сўраган.

"Ўзростехинвест" қўшма корхонаси Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 40-моддасига мувофиқ низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвонинг предметини ўзгартириб, "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси, "Агрокерамика" қўшма корхонаси, "Ўзавтошина" МЧЖ, "Ўзбегим-интернациональ" қўшма корхонаси, "Сарлочин" ишлаб чиқариш савдо фирмаси, "Зебо" хусусий фирмаси ўртасида тузилган 2005 йил 20 ва 29 октябрдаги ҳамда 2005 йил 2 ноябрдаги шартномаларни ҳақиқий эмас деб топишни, "Агрокерамика" қўшма корхонасидан 475,0 млн. сўм асосий қарз, 100,7 млн. сўм пеня, жами 575,7 млн. сўм ундиришни, бой берилган фойда ва маънавий зарар миқдорини суд тартибида белгилаб, оқилона миқдорда ундириб беришни, даъвони таъминлаш чораларини кўришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2006 йил 15 апрелдаги ажрими билан даъвони таъминлаш тўғрисида ажрим чиқарилган, 2006 йил 30 июндаги ажрим билан эса келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 1 декабрдаги қарори билан иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим ўзгартирилган.

Биринчи инстанция судининг 2007 йил 7 февралдаги ажрими билан суд ажримини ижро этиш тартиби ўзгартирилган.

Протестда иш юзасидан қабул қилинган барча суд ажримлари ва қарорни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси 2005 йил 28 октябрдаги 15-сонли шартномага асосан 620,0 млн. сўмлик компьютерли тамографни етказиб берган, "Агрокерамика" қўшма корхонаси эса уни қабул қилиб олган.

"Ўзростехинвест" қўшма корхонаси етказиб берилган маҳсулот учун 145,0 млн. сўм тўланган деб ҳисоблаб, 475,0 млн. сўм асосий қарз билан бирга 100,7 млн. сўм миқдорида пеня, бой берилган фойда ва маънавий зарарни ундиришни, шунингдек шартномаларни ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда даъвони таъминлаш чораларини кўришни сўраб хўжалик судига даъво аризаси берган. "Агрокерамика" қўшма корхонаси эса даъво аризаси юзасидан билдирган ёзма фикрида маҳсулот учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилинганлигини, яъни, "Ўзростехинвест" қўшма корхонасига 145,0 млн. сўмлик плитка берилганлигини, 2005 йил 20 октябрдаги битим билан "Сарлочин" ишлаб чиқариш савдо фирмасидан 25,0 млн. сўм, 2005 йил 29 октябрдаги битимлар билан "Ўзавтошина" МЧЖдан 249,6 млн. сўм, "Ўзбегим-интернациональ" қўшма корхонасидан 50,4 млн. сўм талаб қилиш ҳуқуқи "Ўзростехинвест" қўшма корхонасига ўтказилганлигини, 2005 йил 2 ноябрдаги битим билан "Ўзростехинвест" қўшма корхонасининг "Агрокерамика" қўшма корхонасидан 150,0 млн. сўм талаб қилиш ҳуқуқи "Зебо" хусусий фирмасига ўтказилганлигини маълум қилган.

"Агрокерамика" қўшма корхонаси томонидан хўжалик судига тақдим этилган "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси бош директори Ш.Н.нинг 2006 йил 4 апрелдаги тушунтириш хатида "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси ва "Агрокерамика" қўшма корхонаси ўртасида ҳеч қандай қарздорлик йўқлиги, "Агрокерамика" қўшма корхонасига ҳеч қандай талаб тақдим этилмаслиги баён этилган.

Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиб, "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси ва "Агрокерамика" қўшма корхонаси ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаб, иш юритишни нотўғри тугатган.

Келишув битими фақат "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси бош директори Ш.Н. ва "Агрокерамика" қўшма корхонаси бош директори Т.А. томонидан имзоланган. Унда тарафлар қарздорлик суммасини 325,0 млн. сўм миқдорида қолдиришганлиги, 65,0 минг кв.м. керамик плиткаларни 2006 йилнинг якунигача "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси олиб кетишига, "Агрокерамика" қўшма корхонаси етказиб беришига, маҳсулотлар олиб кетилганидан ёки етказиб берилганидан сўнг ҳеч қандай норозилик билдирмасликка ва шикоят қилмасликка, қарздорлик бўйича топширилиши лозим бўлган ҳисоботларни ушбу битимдан келиб чи??ан ҳолда амалга оширишга келишилган.

Суд томонидан келишув битимини имзолаган шахсларнинг ваколатлари текширилмаган, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2005 йил 30 июлдаги ҳукмига кўра Ш.Н. "Алибек-Файз" хусусий фирмасида директор лавозимида ишлаб, содир этган жиноий қилмишлари учун унга уч йил ахлоқ тузатиш ишлари, икки йил муайян мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазолари тайинланган.

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг 2006 йил 5 январдаги ҳукмига кўра "Жонон" хусусий корхонаси раҳбари сифатида содир этган жиноий қилмишлари учун Ш.Н.га уч йил ахлоқ тузатиш ишлари, икки йил муайян мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган ишларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш жазолари тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодекси 21-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 22-моддасига мувофиқ ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекциясига маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига ҳукм талабларини ижро этиш тўғрисида хабарнома юбориш, маҳкумнинг ҳукмда кўрсатилган тақиқларга риоя этишини текшириш, 23-моддасига мувофиқ корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига маҳкумни лавозимидан озод қилиш, 25-моддасига мувофиқ маҳкумга ҳукм талабларини бажариш мажбурияти юкланади.

Лекин Қонуннинг ушбу талаблари суд томонидан ўрганилмаган.

"Агрокерамика" қўшма корхонаси бошқаруви раисининг 2006 йил 22 майдаги 22/05-сон фармойиши билан "Агрокерамика" қўшма корхонаси бош директори Т.А. вазифаси ва ваколатларидан маҳрум этилган. Суд мажлисида "Агрокерамика" қўшма корхонасининг вакили бўлиб қатнашган ва келишув битимини тасдиқлашни сўраб хўжалик судига ёзма равишда мурожаат этган С.О. эса 2006 йил 23 майдаги 23/05-сон фармойиш билан асосий ишидан четлаштирилган, шунингдек корхонанинг моддий ва молиявий мажбуриятлари бўйича ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган.

Мазкур фармойишлар бекор қилинмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилмаган ва ҳозирги пайтда қонуний кучда бўлса-да, кассация инстанцияси суди уларни инобатга олмаган.

Келишув битими фақат "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси ва "Агрокерамика" қўшма корхонаси раҳбарлари томонидан имзоланган, холос. Мазкур ишда жавобгарлар сифатида иштирок этувчи бошқа шахслар, яъни, "Ўзавтошина" МЧЖ, "Ўзбегим-интернациональ" қўшма корхонаси, "Сарлочин" ишлаб чиқариш савдо фирмаси, "Зебо" хусусий фирмаси раҳбарлари келишув битимини тузишда умуман қатнашмаган. Даъво талабларининг 250,7 млн. сўм ҳамда бой берилган фойда ва маънавий зарарни ундириш, шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги қисмлари келишув битимида муҳокама этилмаган ва бу талаблар юзасидан ҳеч қандай келишувга эришилмаган.

Ушбу ҳужжатни келишув битими деб ҳисоблаб бўлмайди. Келишув битимидаги шартлар аниқ ва узил-кесил баён этилмаган, унга мавҳум шартлар киритилган. Битим шартларининг мазмунига кўра ҳамда унда маҳсулот етказиб бериш шарти бажарилмаганда шикоят бериш ҳуқуқининг сақланиши ҳақидаги 3-банднинг мавжудлиги келишув битими қатьий эмаслигини ифодалайди. Суд томонидан тасдиқланган келишув битими тарафлар ўртасида юзага келган низони моҳиятан ҳал этмаган, шу сабабли иш юритишни тугатиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Ҳозирги пайтда Бектемир туман прокуратураси томонидан "Агрокерамика" қўшма корхонаси собиқ директорлари Т.Н., Т.А., "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси мансабдор шахслари Ш.Х., Б.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси иккинчи қисмининг "в" банди, учинчи қисмининг "а" банди, "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси бош директори Ш.Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси иккинчи қисмининг "в" банди, учинчи қисмининг "а" банди, 232-моддаси билан 2006 йил 11 октябрда қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорга кўра, қайд этилган мансабдор шахслар тўлиқ комплектлаштирилмаган ҳамда асл нархи 24,6 млн. сўмлик носоз ҳолатдаги компьютерли тамограф тиббиёт ускунасини "Агрокерамика" қўшма корхонаси таъсисчиларининг хабарисиз 620,0 млн. сўмга ўтказишиб, эвазига 166,1 млн. сўмлик кафель маҳсулотларини олиб чиқиб кетишган ва шу тариқа "Агрокерамика" қўшма корхонасининг жуда кўп миқдордаги маҳсулотларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 40-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, агар тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди келишув битимини тасдиқламайди. Бундай ҳолда хўжалик суди ишни мазмунан кўради.

Аммо, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя этмасдан, "Агрокерамика" қўшма корхонасининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган келишув битимини тасдиқлаган. Кассация инстанцияси суди эса қайд этилган хатоликларга эътибор бермаган.

Даъвони таъминлаш чораларини кўриш ва суд ажримини ижро этиш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги суд ажримлари ҳам процессуал ҳуқуқ нормаларига риоя этилмасдан чиқарилган.

Даъво аризасида даъвони таъминлаш асослари ва Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 77-моддасининг биринчи қисмида даъвони таъминлаш чораларининг айнан қайсиларини кўриш кўрсатилмаган бўлса-да, биринчи инстанция суди ўз ташаббуси билан жавобгарга тегишли бўлган мол-мулк ва пул маблағларини хатлаб қўйиш тўғрисида ажрим чиқарган.

Суд ажримини ижро этиш тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажрим эса Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 217-моддасининг учинчи қисми талабларига риоя этилмасдан, яъни, суд ажримини ижро этиш тартибини ўзгартириш масаласи хўжалик судининг мажлисида, ундирувчи ва қарздор топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали хабардор қилинган ҳолда кўрилмасдан чиқарилган.

Баён этилганларга кўра, иш бўйича барча суд ажримлари ва қарор бекор қилиниши ҳамда иш янгидан мазмунан кўриш учун юборилиши керак.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди Шеробод туман ички ишлар бўлими жазоларни ижро этиш инспекциясидан Ш.Н.нинг суд ҳукмида кўрсатилган тақиқга риоя этиши тўғрисида маълумотни талаб қилиб олиб, унинг ишдаги илтимосномаларни имзолашга, "Ўзростехинвест" қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Б.Х.нинг даъво аризасини имзолаш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш ваколатига эгалигини текшириб, тарафлар вакиллари иштирокида ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.