Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 28.12.2006 й. Р N 151-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.12.2006 й.

Р N 151

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - Фарғона мева-кўчатчилик хўжалиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - Қувасой "Коммунал фойдаланиш" МЧЖни шартнома тузишга, ишончнома беришга, маҳсулот олинганлиги ҳақидаги ҳисоб-фактурани имзолашга мажбурлаш ва ундан 4200000 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2006 йил 19 майдаги ҳал қилув қарори билан даъвонинг шартнома тузишга мажбурлаш ва 4200000 сўм ундириш ҳақидаги қисми рад этилган. Жавобгарни ишончнома беришга, ҳисоб-фактурага имзо қўйишга мажбурлаш тўғрисидаги қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Протестда иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорининг шартнома тузишга мажбурлаш ва 4200000 сўм ундириш ҳақидаги қисмини бекор қилиш, ишнинг шу қисмини янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини текшириб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгар - Қувасой "Коммунал фойдаланиш" МЧЖ 2002 йил декабрь ойида Қувасой шаҳар ҳокимининг топшириғи асосида даъвогардан ҳар бир донаси 15000 сўмдан бўлган жами 350 туп беҳи дарахтларини экиш учун олиб кетиб, маҳсулот олинганлиги ҳақида уни экканларидан кейин кўкариб чиқишига қараб шартнома тузишга, пулини ҳам ўша вақтда тўлашга ваъда берган.

Жавобгар маҳсулот олганлиги тўғрисида шартнома тузишдан ва унинг ҳақини тўлашдан бош тортганлиги сабабли мева-кўчатчилик хўжалиги судга мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди даъаво талабларини рад этиш учун даъвогар томонидан жавобгарнинг ҳудудида беҳи кўчатлари экилганлик ҳолати ҳеч қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилмаганлиги, жавобгарнинг мажбуриятлари нимадан вужудга келганлиги ва жавобгар учун шартномани мажбурий тартиб-да туздириш ҳолатлари исботлаб берилмаганлигини асос қилиб олган.

Аммо суд даъвогарнинг ўз даъво талабларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни, яъни, кўчатлар жавобгар томонидан кейинчалик ҳақини тўлаш шарти билан олиб кетиб экилганлиги, дарахтларнинг ҳолати 2003 йилнинг куз ойи ва 2005 йилнинг 15 мартида кўздан кечирилганда уларнинг 215 тупи текис кўкарганлиги, 135 тупи эса ўз вақтида парвариш қилинмаганлиги натижасида қуриб қолганлиги аниқланганлиги ҳақидаги важларини муҳокама қилмаган.

Бундан ташқари, биринчи инстанция суди низоли дарахтлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги ҳолатини аниқлаш учун жавобгарнинг ҳудудини кўздан кечириш каби процессуал ҳаракатни амалга оширмаган. Ваҳоланки, бундай процессуал ҳаракат ишнинг объектив ҳолатини аниқлаш учун муҳим аҳамият касб этади.

Суд томонидан ишга илова қилинган, жавобгар - "Коммунал фойдаланиш" МЧЖ раиси ААбдуллаев томонидан имзоланган етказиб берилган беҳи кўчатлари учун шаҳар ҳокими томонидан қўшимча маблағ ажратилган тақдирда ҳужжатлар расмийлиштирилиши ва тўлов амалга оширилиши тўғрисидаги 2005 йил 2 ноябрдаги 155-сонли хат ҳам умуман муҳокама қилинмаган.

Ҳал қилув қарорининг юқорида қайд этилган иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган ҳолда қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 169-моддасига мувофиқ уни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Бундай ҳолатда Раёсат мазкур иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Суд ишни янгидан кўришда ишга Қувасой шаҳар ҳокимлигини тараф сифатида жалб қилиш масаласини ҳал этиши, гувоҳларни эшитиши, шартнома тузиш юзасидан ўзаро олиб борилган музокаралар ва ёзишмаларни, мавжуд ҳужжатлар асосида ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаши ва тўпланган далиллар асосида низо бўйича асослантирилган қарор қабул қилиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.