Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 23.11.2006 й. Р N 143-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.11.2006 й.

Р N 143

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - Тошкент шаҳар прокуратураси "Сувсоз" трести давлат унитар корхонаси манфаатида вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - Зангиота туманидаги "Сувтаъминот" корхонасидан 1658500000 сўм ундиришни сўраган.

Тошкент вилоят хўжалик судининг 2005 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Сувтаъминот" корхонасидан "Сувсоз" трести давлат унитар корхонаси фойдасига 412043439 сўм ундирилган.

Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2005 йил 5 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ўзгартирилган.

Олий хўжалик суди кассация инстанцияси судининг 2005 йил 29 августдаги қарори билан апелляция инстанцияси судининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Протестда ушбу иш юзасидан қабул қилинган барча суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат судья маърузасини тинглаб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 61-моддасида хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳолаши лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, судлар томонидан ишдаги мавжуд далиллар ҳар томонлама ва тўлиқ текширилмаган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Таъминотчи" - "Сувсоз" трести давлат унитар корхонаси билан "Абонент" - "Сувтаъминот" корхонаси ўртасида ичимлик суви етказиб бериш ва оқава сувларни қабул қилиш тўғрисида 2004 йил 10 февралда 28187-сонли, 2004 йил 1 июнда 28581-сонли шартномалар тузилган.

Ушбу шартномаларнинг биринчи қисми 2-бандида абонент ҳар ойнинг 20-санасига қадар солиштириш далолатномасини тузиши ва сув ўлчагичлар кўрсаткичининг тўловларини амалга ошириш учун тақдим этиши лозимлиги белгиланган. Шартноманинг ушбу бандидаги мажбуриятга асосан етказиб берилган ичимлик суви учун тарафлар ўртасида ҳар ойда далолатномалар тузилиб, сув ўлчагич кўрсаткичлари белгиланиб борилган.

Иш ҳужжатлари ва суд қарорларида қайд этилишига кўра жавобгар етказиб берилган сув ҳажми бўйича бирон-бир эътирозини билдирмаган.

Шартномаларнинг 2.1-бандида истеъмол қилинадиган сув ҳажми сув ўлчагич ва сарф ўлчагич кўрсаткичларига қараб аниқланиши белгиланган. Лекин даъвогар томонидан 2004-2005 йиллар давомида жавобгарга етказиб берилган ичимлик суви ва оқава сувлардан вужудга келган 1082182987 сўм тўлов амалга оширилмаган.

Бироқ судлар томонидан даъво талабини қисман қаноатлантиришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 июлдаги 271-сонли "Уй-жой ва коммунал хизматларни ўз харажатларини ўзи қоплашига босқичма-босқич ўтиш муносабати билан норматив ҳужжатларни тасдиқдаш тўғрисида"ги қарори ижросини амалга ошириш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимининг 1997 йил 15 октябрдаги Ф-206-сонли фармойишининг иловалари бўйича қўлланилган нормативларга асосланиб, ҳақиқатда етказиб берилган сув ҳажми қиймати нотўғри баҳоланган.

Шуниндек, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.2-бандида абонентнинг сув ўлчагич асбоблари бўлмаган ҳолларда, ичимлик суви ва оқава сувлар учун тўловлар ойнинг календарь кунлари учун қувур кесими бўйича формула асосида ҳисоб-китоб қилиниши белгиланган, лекин даъвогарга ичимлик суви сув ўлчагич орқали етказиб берилгани эътибордан четда қолиб, аҳоли сонига нисбатан пул ундириш ҳақида асоссиз қарор қабул қилинган.

Бундан ташқари, даъво талабини қисман қаноатлантиришда Зангиота тумани аҳолиси сони юзасидан қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотномаларга асосланилган, лекин қишлоқ фуқаролар йиғинидан олинган маълумотномалар бўйича жами аҳоли сони қўшиб чиқилганда суд қарорида қайд этилганидек 20891 нафарни эмас, балки 40420 нафар кишини ташкил этади.

Бу эса туман аҳолисининг сони аниқ ҳисобланмаганлиги ҳамда давлат статистика органларидан тегишли тартибда маълумотларнинг олиб ўрганилмаганлиги сабабли ушбу ҳолатда 20 мингдан ортиқ аҳоли сони ва уларнинг сувдан фойдалангани учун тўлаши лозим бўлган суммани ҳам қўшмасдан, даъво суммаси асоссиз равишда камайтирилган.

Юқорида қайд этилганлардан ташқари, судлар томонидан даъво талабини қисман қаноатлантиришда Ўзбекистон Республикаси коммунал сув таъминоти тармоқлари ва оқава сувларни узатиш системаларидан фойдаланиш қоидаларининг 4.5.1-банди "б" қисмига, яъни, назорат сув ўлчови асбобларини ўрнатиш учун техник шароит бўлмаган ҳолларда татбиқдаги сув истеъмоли нормалари бўйича қўлланилишига асосланган.

Бироқ, ушбу қоиданинг 5.1-бандида абонентлар билан берилган сув ва қабул қилиб олинган оқава сувлар учун тўловлар ҳисоб-китоби амалдаги қонунлар асосида тегишли истеъмолчилар гуруҳи учун ўрнатилган тарифлар бўйича, сув ўлчови асбобларининг ҳисоб-китоб муддатида кўрсатилган маълумот, узатилган оқава сувлар миқдори ҳақидаги маълумотлар сув ўлчови асбоблари бўлмаган ҳолларда қоиданинг 4.5-бандида татбиқдаги сув истеъмол нормалари ва формула бўйича, 4.9-бандида абонентлар томонидан оқава тармоғига ташланган оқава сувлар миқдорида коммунал сув тармоғидан сарф қилинган сув миқдорига тенг қилиб қабул қилиниши, 4.14-бандида вақтинчалик сув таъминоти тармоғида сарф қилинган сув миқдори амалдаги сув истеъмол нормалари бўйича ҳисобланиши белгиланган бўлиб, суд томонидан қайд этилган нормалар инобатга олинмасдан, нотўғри тўхтамга келинган.

ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига биноан суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини ва қарорларни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Юқоридагиларга кўра, Раёсат мазкур иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юборишни лозим топади.

Суд ишни янгидан кўришда қайд этилган ҳолатларни бартараф этиб, ҳужжатлар ва баёнотлар асосида ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаб, далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, тўпланган далиллар йиғиндисига кўра қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.