Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 04.08.2006 й. Р N 101-сонли Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.08.2006 й.

Р N 101

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - "Тўйтепадон" масъулияти челанган жамияти (МЧЖ) хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "Ғалла-Алтег" ОАЖдан 770000000 сўм асосий қарз, 386105760 сўм пеня ва 1105760 сўм зарарни ундиришни сўраган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2005 йил 27 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилган. Даъвогар фойдасига жавобгардан 770000000 сўм асосий қарз ва 115000000 сўм пеня ундирилган, даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 10 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, даъвогар фойдасига ундириладиган пеня 94973871 сўм миқдорида белгиланган.

Протестда суд қарорларини қисман бекор қилиб, ишнинг пеня ва зарар ундириш қисмини янгидан кўриш учун уни биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қаноатлантирмасдан қолдириш лозимлиги тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, 2004 йил 21 апрелда "Тўйтепадон" МЧЖ билан "Ғалла-Алтег" ОАЖ ўртасида 800 тонна дон маҳсулоти етказиб бериш бўйича 65-сонли шартнома тузилган. Шартномага асосан даъвогар жавобгарга 2004 йил август ойидан 2004 йил октябрь ойига қадар жами 823987263 сўмлик дон маҳсулотларини етказиб берган. Жавобгар етказиб берилган дон маҳсулотлари учун 2005 йил 24 майда 23987263 сўм ва 2005 йил 26 майда 30000000 сўм ҳақ тўлаган.

Жавобгар 770000000 сўм қарзини тўламаганлиги сабабли даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгардан асосий қарз ва асосий қарзнинг 50 фоизи миқдорида, яъни 385000000 сўм пеня, 958 752 сўм бошқа ташкилотларга суднинг қарори асосида ундирилган пеня, суд харажатлари кўринишидаги зарарни ундиришни сўраб, пеняни талаб қилишда "Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 32-моддасининг 2-бандига асосланган.

Ушбу Қонуннинг 32-моддасида етказиб берилган товарлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун сотиб олувчи (буюртмачи) етказиб берувчига ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун кечиктирилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, аммо кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган.

Кассация инстанцияси суди Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги 103-сонли қарорининг 10-бандига мувофиқ даъвогарнинг пеня ундириш тўғрисидаги талабини асосли деб ҳисоблаган. Бунда кассация инстанцияси суди мазкур Пленум қарори 10-бандининг фақат иккинчи қисмига ҳавола қилган. Ваҳоланки, ушбу банднинг биринчи қисмида умумий қоидага кўра, қонун ҳужжатлари ва шартномада бошқача тартибда жавобгарлик назарда тутилмаган бўлса, шартнома шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик (шартнома интизомини бузганлик) учун Қонуннинг 25-32-моддаларига асосан жавобгарлик қўлланилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 261-моддасининг биринчи қисмида неустойка тушунчасига таъриф берилган. Унга кўра, неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.

Қарздор мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда тўлайдиган ва қоида тариқасида, қатъий пул суммасида ҳисобланадиган неустойка жарима ҳисобланади.

Қарздор мажбуриятларнинг бажарилишини кечиктириб юборганида тўлайдиган ва ўтказиб юборилган муддатнинг ҳар бир куни учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисмига нисбатан фоиз билан ҳисобланадиган неустойка пеня ҳисобланади.

Шартноманинг 8.4-бандига асосан шартнома шартлари бузилганда тарафлар етказиб берилган маҳсулот қийматининг 0,1 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган. Судлар томонидан шартноманинг қайси шартлари бузилганда тарафлар жарима тўлашлари лозимлиги аниқланмаган.

Бундан ташқари, даъвогар бошқа корхоналарга хўжалик судининг ҳал қилув қарорлари асосида ундирилган пеня ва суд харажатлари кўринишидаги 1105760 сўм зарар суммасини ундиришни сўраган. Биринчи инстанция суди даъво талабининг ушбу қисмини рад қилган. Аммо бу талабни рад қилиш асосларини келтирмаган. ХПКнинг 138-моддаси бешинчи қисмига кўра, ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари, хўжалик судининг бу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар ва хўжалик суди у ёки бу далилларни рад қилишига сабаб бўлган важ, шунингдек суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда таянган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим.

Судлар томонидан ишни кўришда иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ ўрганилмасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган ҳолда даъво талабларининг пеня ва зарар ундириш қисми бўйича барвақт хулосага келинган.

Даъвонинг асосий қарз суммасини ундириш талаби бўйича қарздорлик иш ҳужжатлари билан тасдиқланганлиги ва жавобгар томонидан ҳам тан олинганлиги сабабли низо тўғри ҳал этилган.

Бундай ҳолда Раёсат иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини қисман бекор қилиб, даъво талабларининг пеня ва зарарни ундириш қисмини янгидан кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.