Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 25.05.2006 й. Р N 49-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

25.05.2006 й.

N Р 49



(Кўчирма)



"Жийдакапа темир-бетон маҳсулотлари заводи" акциядорлик жамияти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар 1-Акциядорлик корхонаси ҳисобидан 4522885 сўм асосий қарз, 2261442 сўм пеня ва 678433 сўм жарима ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2005 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 1-Акциядорлик корхонаси ҳисобидан "Жийдакапа темир-бетон маҳсулотлари заводи" АЖнинг фойдасига 4522885 сўм асосий қарз ва 1130721 сўм пеня ундирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган суд қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат судьянинг маърузасини тинглаб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, "Агросаноатқурилиш" АЖ (буюртмачи), 1-Акциядорлик корхонаси (бош пудратчи) ва "Жийдакапа темир-бетон маҳсулотлари заводи" АЖ (сотувчи) ўртасида 2003 йил 9 июнь куни 5-сонли маҳсулот етказиб бериш шартномаси тузилган. Ушбу шартнома асосида даъвогар томонидан 20632873 сўмлик темир-бетон маҳсулотлари етказиб берилган. Маҳсулот ҳақи қисман тўланган ва қолган 4522885 сўм тўлаб берилмаган. Шу сабабли даъвогар хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди ишни кўришда иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқламаган, процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйган. Шартноманинг 2.2, 2.5-бандларида етказиб берилган маҳсулот ҳақи буюртмачи - "Агросаноатқурилиш" АЖ томонидан амалга оширилиши, маҳсулот қийматининг 15 фоизи олдиндан, 85 фоизи эса бош пудратчи ва сотувчи ўртасида тузилган солиштирма далолатномага асосан 90 кунлик муддатда тўланиши белгиланган. Бироқ суд "Агросаноатқурилиш" АЖни ишга қўшимча жавобгар сифатида жалб қилмаган ва унинг жавобгарлиги масаласини ҳал этмаган.

Шунингдек тарафлар ўртасида тузилган 2003 йил 9 иювдаги 5-сонли шартноманинг 2.3-бандида тўлов шартлари бузилганлиги учун жарима тўлаш назарда тутилган бўлса-да, суд асоссиз равишда жавобгар ҳисобидан пеня ундирган.

1998 йил 29 августдаги "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддаси ва Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 4 мартдаги "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги Қонунини хўжалик судлари амалиётида қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги 103-сонли қарорининг 10-бандида шартнома интизомини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар учун жавобгарлик белгиланганда тарафларнинг жавобгарлиги шартномага асосан қўлланилиши ҳақидаги талабига суд томонидан эътибор берилмаган. Шартномада тўловларни амалга ошириш муддати кўрсатилмаган ва унинг 2.5-бандида назарда тутилган бош пудратчи ва сотувчи ўртасида солиштирма далолатномаси тузилмаган, лекин бунга қарамасдан, суд томонидан тўлов қачондан қачонгача кечиктирилганлиги аниқланмаган бўлиб, бирон-бир ҳужжатларга асосланган ҳисоб-китобларсиз 1130721 сўм пеня ундирилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 200-моддаси биринчи қисмига кўра, суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Қайд этилганларга кўра, ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим.

Ишни янгидан кўришда йўл қўйилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши бартараф этилиб, қўшимча жавобгар сифатида "Агросаноатқурилиш" акдиядорлик жамияти ишга жалб қилиниши, тарафларнинг барча важлари муҳокама қилиниб, иш ҳужжатлари ва далилларга баҳо берилиб, қонуний ҳамда асослантирилган қарор қабул қилиниши лозим.

Баён этилганларга кўра, Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган Наманган вилоят хўжалик судининг 2005 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанцияда кўриш учун шу вилоят хўжалик судига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон