Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.01.2006 й. Р N 4-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

26.01.2006 й.

N Р 4



(Кўчирма)



Наманган вилоят прокуратураси даъвогар - "Учқўрғон текстиль" масъулияти чекланган жамияти манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Исковуттекс" қўшма корхонасидан 23876,96 кг. калава ипни натурада қайтаришни сўраган.

Наманган вилоят хўжалик судининг 2005 йил 22 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация инстанциясининг 2005 йил 17 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиш ва даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Раёсат судьянинг маърузасини тинглаб, протест важларини муҳокама қилиб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, тарафлар ўртасида тузилган 2004 йил 22 июлдаги 11-сонли шартномага асосан "Учқўрғон текстиль" масъулияти чекланган жамияти "Исковуттекс" қўшма корхонасига 306024,2 кг. пахта толасини етказиб берган. "Исковуттекс" қўшма корхонаси 306024,2 кг. пахта толасини қайта ишлаб, жами - 269370 кг. калава ип қайтариши лозим бўлса-да, қўшма корхона 161275,51 кг. етказиб бериб, қолган 108094,49 кг. калава ипни етказиб бермаган.

Даъвогар томонидан жавобгарга хизмати учун тўланиши лозим бўлган 168 млн. сўм ўрнига 84217,53 кг. калава ип маҳсулоти билан ҳисоб-китоб қилиш ва 23876,96 кг. калава ипни қайтариш таклиф қилинган, бироқ қўшма корхона бу таклифни рад этган.

Судлар даъво талабини қаноатлантиришда тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 2.2-бандида "буюртмачи" томонидан бажарилган ишлар учун 194376 минг сўм тўлов амалга оширилиши ёки "ижрочи" томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот билан ҳисоб-китоб қилиниши назарда тутилганлигига асосланган, аммо шартноманинг мазкур банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сонли "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг 4-банди талабларига, яъни 1996 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бартер асосида шартномалар тузиш тақиқланганлигига эътибор берилмаган.

Ишни кўриш пайтида судлар томонидан қуйидаги моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 116-моддасида қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги кўрсатилган.

Ушбу Кодекснинг 114-моддасида ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмаслиги ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмаслиги белгиланган. 113-моддада суд ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини ўз ташаббуси билан қўллаши мумкинлиги кўрсатилган.

Тарафлар ўртасида тузилган 2004 йил 22 июлдаги 11-сонли шартноманинг 2.2-банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сонли Фармонига зид бўлишига ва ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслигига қарамасдан, судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 113, 114 ва 116-моддаларида назарда тутилган талаблар бажарилмаган.

Раёсат тарафлар ўртасида тузилган 2004 йил 22 июлдаги 11-сонли шартноманинг 2.2-банди 2-хатбошисида назарда тутилган "ижрочи" томонидан ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот билан ҳисоб-китоб қилиниши тўғрисидаги қисмини ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисоблайди ва иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон