Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Транспорт хизмати кўрсатиш шартномаси (кўчирма) "ЎзР Олий хўжалик суди 25.03.1999 й. 2101-сонли иш қарори"

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ҚАРОРИ

2101-сонли иш

25 март 1999 йил




Транспорт хизмати кўрсатиш шартномаси

(кўчирма)



"Отель Самарқанд" акциядорлар жамияти Самарқанд вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб "Сайёҳ Интур" фирмасидан ОАЭ чартер рейсига авиабилетлар сотиб олиш учун "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг ҳисоб рақамига ўтказилган 10.482 АҚШ доллари миқдоридаги қарзни ундириб беришни сўраган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 19 июн 1996 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъво муддати ўтганлиги сабабли даъво рад қилинган.

Мазкур ҳал қилув қарорига Самарқанд вилоят прокурори томонидан протест келтирилган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 28 август 1996 йилдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгитдан кўриш учун юборилган.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг ишга жавобгар сифатида жалб қилиниши сабабли, низо тегишлилиги бўйича Тошкент вилоят хўжалик судига берилган.

Тошкент вилоят хўжалик судининг 20 январ 1997 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган ва "Сайёҳ Интур" фирмасидан қарз суммаси ундирилган.

"Сайёҳ Интур"нинг (кейинчалик "Ёшлик-С" АЖ) аризасига асосан суднинг 28 март 1997 йилдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгитдан кўриш учун юборилган.

Тошкент вилоят хўжалик судининг 9 июн 1997 йилдаги ҳал қилув қарори билан даъво "Ситора" фирмаси ва "Спутник" ХЁТБ ҳисобидан қанотлантирилган.

Ҳал қилув қароридан норози бўлган "Ситора" фирмаси ва "Спутник" ХЁТБ Олий хўжалик судига ҳал қилув қарорини кўриб чиқиш ҳақида ариза берганлар.

Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг 13 май 1998 йилдаги қарори билан Тошкент вилоят хўжалик судининг 9 июн 1997 йилдаги ҳал қилув қарори ўзгартирилган, даъво "Ўзбектуризм" МКРБ ҳисобидан қаноатлантирилган.

"Ўзбектуризм" миллий компанияси Олий хўжалик судининг ушбу қароридан норози бўлиб назорат шикояти берган, унда суд "Ўзбектуризм" МКРБ дан 10.482 АҚШ доллари ундириб, асоссиз қарор чиқарганлигини кўрсатган, негаки 1994 йилда Самарқанд "Ўзбектуризм" МКРБ фаолият кўрсатган, сўнг 1995 йилда "Самарқандтуризм" АЖ деб қайта ташкил топган, 1998 йилда эса "Самарқандтуризм" МЧЖ бўлиб, бунда у олдинги Самарқанд "Ўзбектуризм" МКРБнинг асосий маблағларини сақлаб қолган.

Ҳозир амал қилаётган регионал бўлими ("Узбектуризм" МКРБ) "Ўзбектуризм" МКнинг 24 май, 1996 йилдаги 86-сонли Буйруғига биноан ташкил қилинган ва қонунга кўра собиқ "Ўзбектуризм" МКРБнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланмайди.

Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси Тошкент вилоят хўжалик судининг 09.06.97 йилдаги ҳал қилув қарорини ўзгартираётганда Самарқанд шаҳар "Мадад" аудит фирмасининг хулосасига асосланган, унинг натижаларига кўра мазкур иш бўйича жавобгар бўлиб "Ёшлик-С" АЖ ҳисобланади ("Сайёҳ Интур" фирмаси ва "Ўзбектуризм" МКРБ).

Протестда кассация судлов ҳайъатининг 13.05.98 йилдаги қарорини бекор қилиш ва "Ўзбектуризм" МКРБни, "Ситора" фирмасини ва "Спутник" ХЁТБни жавобгарликдан озод қилиб, даъво талабларини "Ёшлик-С" АЖ ҳисобидан қаноатлантирилишини сўраган.

Раёсат, протестни қуйидаги асосларга кўра асосли ва қаноатлантирилиши лозим деб ҳисоблади.

Самарқанд "Ўзбектуризм" МКРБ бошқарувчиси томонидан 11.10.94 йилда 1200-сонли Фармойиш берилган бўлиб, унга кўра даъвогар-"Отель Самарқанд" АЖ "Сайёҳ Интур" фирмаси жорий валюта ҳисобига 28.000 АҚШ доллари ўтказиши лозим эди, бунга кўра Самарқанд-Шарджа-Самарқанд" чартер рейсини ташкил қилиш учун 10 кун муддатда қайтариш шарти билан "Ситора" фирмасига ташкил қилишни кўзлаб - 10.000 АҚШ доллари, "Спутник" ХЁТБга -10000 АҚШ доллари ва "Сайёх Интур" фирмасига - 8000. АҚШ доллари ажратиш кўзда тутилган.

"Ўзбектуризм" МКРБ 11.10.94 йилдаги 1199-сонли хати билан Самарқанд шаҳар ТИА ЎзР. Миллий Банки бошқарувчиси номига "Самарқанд-Шарджа-Самарқанд" чартер рейсига тўлаш учун 28.000 АҚШ доллари суммасида "Отель Самарқанд" АЖ нинг валюта маблағидан фойдаланишга рухсат беришни ва уларни "Сайёҳ-Интур" фирмаси ҳисобига ўтказишни сўраган.

1994 йил сентябрда "Ўзбекистон хаво йўллари" миллий авиакомпанияси билан "Сайёҳ Интур" фирмаси ўртасида Самарқанд-Шарджа-Самарқанд йўналиши бўйича йўловчиларни чартер ташишга 28319/163-94-сонли шартнома тузилган.

Бажарилган рейснинг қиймати 18.500 АҚШ доллари ва 50.000 сўм қилиб белгиланган.

Юкорида баён қилинган ҳужжатлар асосида "Отель Самарқанд" АЖ (ВЭПТК "Самарқанд" 12.10.94 йилдаги 55-сонли тўлов топшириғномаси билан" Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАКга 18.500 АКШ доллари ўтказган. Тўлов топшириқномасида 28319/163-94-сонли шартномага мувофиқ чартер рейсларини бажариш ва МКРБнинг буйруғи асосида деб кўрсатилган.

"Ўзбектуризм" МКРБнинг бошлиғи Ф.С.Саидмуродов томонидан 01.10.94 йилда 95-сонли буйруқ берилган, унда чартер рейсини ташкиллаштиришни таъминлаш буюрилган, битта йўловчи учун бориш ҳақи 370 АҚШ доллари ва 1.400 сўм, йўловчиларни жалб қиладиган фирмалар учун 10 АҚШ доллари ва 450 сўм белгиланган.

01.10.94 йилдаги 95-сонли буйруқ ижроси бўйича "Ўзбектуризм" МКРБ билан "Ситора" фирмаси ўртасида "Спутник ХЁТБ билан "Сайёҳ Интур" фирмаси ўртасида 18.10.94 йилда ОАЭга чартер рейси ташкиллаштириш ҳақида шартнома тузилган ва бу шартнома 10.10.94 йилда "Ўзбектуризм" МКРБнинг бошқарувчиси томонидан тасдиқланган. Кўрсатилган шартноманинг 2.1-бандига кўра "Сайёҳ Интур" фирмаси БААга учиб кетаётган туристларни виза билан таъминлайди, туристларга барча маршрутлари бўйича хизмат кўрсатишни ташкиллаштиради.

10.10.94 йилда тузилган шартнома ижроси бўйича "Ситора" фирмаси 12.10.94 йилдаги 115-сонли, 26.10.94 йилдаги 126-сонли, 22.11.94 йилдаги 135-сонли тўлов топшириқномалари бўйича "Сайёҳ Интур" фирмасига 485.400 сўм ўтказган.

Шунингдек, "Спутник" ХЁТБ 27.10.94 йилдаги 163-сонли, 20.11.94 йилдаги 164-сонли тўлов топшириқномалари билан чартер рейслари учун 100.000 сўм ўтказган.

Ўзаро ҳисоб-китоб солиштирув далолатномасига мувофиқ "Спутник" ХЁТБнинг "Сайёҳ Интур" фирмаси олдида 1994 йил учун қарзи йўқ бўлган.

Бундан келиб чиқадики, "Ситора" фирмаси ва "Спутник" ХЁТБ "Сайёҳ Интур" фирмаси билан тузилган 10.10.94 йилдаги уч томонлама шартномани бажариш бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажарганлар. Шу муносабат билан "Отель Самарқанд" АЖ дан олинган кредитни қайтариш бўйича мажбурият "Сайёҳ Интур" фирмасининг зиммасига тушади.

Ю?орида баён қилинганларга мувофиқ, мазкур низо бўйича тегишли жавобгар сифатида "Сайёҳ Интур" фирмаси тан олиниши лозим.

Мазкур ҳолат фойдасига қуйидаги далиллар гувоҳлик беради.

"Отель Самарқанд" АЖнинг эътирозномасига "Сайёҳ Интур" фирмаси томонидан берилган 18.02.95 йилдаги 10-сонли хат билан давъо аризада кўрсатилган қарзни тўлиқ хажмда тан олган. Бирок, "Сайёҳ Интур" фирмаси даъво талабларини даъвогар олдида қарзи йўқлиги учун эмас, балки чартер рейсини қисқартириш учун "Ўзбектуризм" МКРБнинг айби билан фирма мазкур қарзни тўлайолмаганлигини асос қилиб рад қилган.

Биринчи ва кассация инстанцияси судлари ишда мавжуд бўлган юкорида қайд этилган далилларга лозим даражада баҳо бермаганлар, натижада Тошкент вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори бўйича қарзни ўз вақтида тўламаганлик мажбурияти асоссиз равишда "Ситора" фирмасига ва "Спутник" ХЁТБ га юклатилган, кассация инстанцияси эса мазкур ҳал қилув қарорини бекор қилиб, худди шундай асоссиз равишда мажбуриятни "Ўзбектуризм" МКРБга юклаган.

Кассация инстанциясининг қарорига қўшилиб бўлмайди:

- биринчидан, Самарқанд-Шарджа-Самарқанд чартер рейсини ташкил қилиш бўйича барча ҳисоб-китоблар туристик фирмалар томонидан "Сайёҳ Интур" фирмасининг ҳисоб рақамига амалга оширилган.

- иккинчидан "Ўзбектуризм" МКРБ мазкур иш бўйича жавобгар бўлиши мумкин эмас, чунки у 1996 йил июнда ташкил топган ва собиқ "Ўзбектуризм" РОНКнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланмайди.

Илгари амал қилган "Ўзбектуризм" МКРБ 1995 йилда "Самарқандтуризм" АЖ да ташкил топган, 1994 йилдан ҳаракатда бўлган "Узбектуризм" МКРБ ҳуқуқий вориси бўлиб ҳисобланади ва иш бўйича тараф сифатида бўлиб жалб қилинмаган.

Бундай ҳолатларда кассация инстанциясининг 13.05.98 йилдаги қарори бекор қилиниши лозим.

Даъвогарнинг талаби, давлат божи харажатлари унга юклатилиб, "Сайёҳ Интур" фирмаси (кейинчалик Ёшлик АЖ) ҳисобидан қаноатлантирилиши лозим.

Олий хўжалик суди Раёсати Олий хўжалик судининг 13.05.98 йилдаги қарорини ўзгартириш ҳакида қарор қилди.

"Ёшлик" АЖ ҳисобидан "Отель Самарқанд АЖ фойдасига 383.640 сўм асосий қарз, 20.000 сўм миқдорида аудиторлик текшируви ўтказганлик ҳаражатлари ва 23.364 сўм давлат божи ундирилди.

"Ўзбектуризм" МКРБ, "Ситора" фирмаси, "Спутник" ХЁТБ ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК жавобгарликдан озод қилиндилар.