Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Божхона тўловларини қайта ҳисоб-китоб (корректировка) қилиш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Товар эркин муомалага ёки божхона ҳудудидан чиқарилганидан сўнг божхона қиймати кўрсаткичлари нотўғри декларация қилинганлиги ҳолати аниқланганда тўғриланиши мумкин



Ишнинг мазмуни


Масъулияти чекланган жамият томонидан 2008 - 2010 йиллар ва 2011 йилнинг беш ойи мобайнида чет элдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига ишлаб чиқариш учун хом ашё ва бутловчи материаллар олиб кирилган.

Олиб кирилган ушбу маҳсулотлар бўйича божхона юк декларацияларини расмийлаштиришда масъулияти чекланган жамият томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарорида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиб келинган.

Давлат божхона хизмати органи масъулияти чекланган жамият томонидан 2009 йил ва 2010 йилнинг май ойига қадар "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятидан ташқари бошқа корхоналарга ҳам 139614 дона маҳсулот етказиб берилганлигини аниқлаган. Ушбу ҳолат вилоят статистика бошқармасининг маълумотномаси билан ўз тасдиғини топган бўлиб, масъулияти чекланган жамият томонидан инкор этилмаган.

Вилоят божхона бошқармаси масъулияти чекланган жамият томонидан божхона қиймати корректировкаси ихтиёрий равишда амалга оширилмаганлиги сабабли унинг зиммасига божхона расмийлаштируви жараёнида берилган имтиёзларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 20 апрелда 920-сон билан рўйхатга олинган "Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича" Йўриқнома талаблари асосида божхона қиймати корректировкасини расмийлаштириш масъулиятини юклашни сўраб, вилоят хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган.


Аризачининг важлари


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарори 8-бандининг тўртинчи хатбошисида "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамияти автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилиши белгиланган.

Ушбу Қарорнинг 1-иловасида корхона томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар фақатгина "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамияти томонидан автомобиллар ишлаб чиқариш учун етказиб берилган тақдирдагина, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар татбиқ этилиши кўрсатилган.

Вилоят статистика бошқармасининг вилоят божхона бошқармасига юборган маълумотномасида масъулияти чекланган жамият томонидан 2008 - 2010 йиллар ва 2011 йилнинг беш ойи давомида ишлаб чиқарилган маҳсулот "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятига етказиб беришдан ташқари, ички ва ташқи бозорда бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ҳам сотиб келинганлиги қайд этилган.

Натижада масъулияти чекланган жамият томонидан Ўзбекистон Реслубликаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарори талаблари нотўғри қўлланилган.

Маҳсулотларнинг "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятига етказиб беришдан ташқари, ички ва ташқи бозорга ҳам етказиб берилиши оқибатида олиб кирилган товарлар учун божхона тўловларини қайта ҳисоб-китоб қилиш зарур.


Жавобгарнинг эътирозлари


Ариза асоссиз бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарорига тушунтириш беришни сўраб, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий судига мурожаат қилинганлиги сабабли Конституциявий суднинг ушбу масала юзасидан тегишли қарори қабул қилингунига қадар мазкур хўжалик иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш лозим.


Суднинг ҳал қилув қарори


Биринчи инстанция суди масъулияти чекланган жамият томонидан "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятидан ташқари бошқа корхоналарга 2009 йил ва 2010 йилнинг май ойига қадар маҳсулот етказиб берилганлигини инобатга олиб, давлат божхона хизмати органининг аризасини қаноатлантирган ва масъулияти чекланган жамият зиммасига божхона тўловларини тўлаш борасида аввал берилган имтиёзларни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳамда божхона қийматининг корректировкасини расмийлаштириш масъулиятини юклаган.


Суднинг ҳал қилув қарорига шарҳ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарорининг 8-бандида "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамияти, "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси, шунингдек ушбу Қарорнинг 1-иловасига мувофиқ рўйхат бўиича "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамияти автомобилларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналар томонидан олиб келинадиган маҳсулотлар божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилиши белгиланган.

Демак, мазкур Қарорда "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамияти, "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси таркибига кирмайдиган бошқа корхоналар томонидан бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик жиҳозлар фақат "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятига автомобиллар ишлаб чиқариш учун етказиб берилган тақдирдагана, ушбу корхоналарга нисбатан божхона тўловларини тўлаш борасида имтиёзлар татбиқ этилиши назарда тутилган.

Аммо, масъулияти чекланган жамият томонидан суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган давр мобайнида чет элдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилган хом ашё ва бутловчи материаллар нафақат "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятига, балки унга умуман алоқаси бўлмаган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга ҳам етказиб берилган.

Гарчанд, масъулияти чекланган жамият томонидан божхона юк декларацияларини расмийлаштириш пайтида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 3 ноябрда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Божхона юк декларациясини тўддириш тартиби тўғрисида"ги Йўриқнома талабларидан келиб чиқиб, божхона юк декларацияларининг 44-устунига божхона тўловларини тўлашдан озод қиладиган ҳужжат сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарори кўрсатилган бўлса-да, аммо ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан берилган имтиёздан лозим даражада тўғри ва мақсадли фойдаланмасдан келинган.

Бунинг натижасида "Женерал Моторс Ўзбекистон" ёпиқ акциядорлик жамиятидан ташқари бошқа корхоналарга етказиб берилган маҳсулотларнинг божхона қиймати ўз вақтида ҳисоблаб чиқарилмаган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига белгиланган тартибда ва миқдорда божхона тўловлари (бож, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи) тўланмасдан қолган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси 104-моддасининг биринчи қисмида божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бож, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи солиниши назарда тутилган бўлиб, товарларнинг божхона қиймати божни, акциз солиғини ва тегишли бож йиғимларини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади.

Қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати асос бўлиб, унга тўланиши лозим бўлган бож, акцизга тўланадиган товар бўйича эса, акциз солиғининг суммаси ҳам қўшилади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси 112-моддасининг иккинчи қисмида тўланмаган божхона тўловлари, тўламаганлик факти қачон аниқланганлигидан қатъи назар, ундирилиши лозимлиги белгиланган. Ушбу масалалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан божхона ҳақидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2009 йил 24 апрелдаги 197-сонли қарорининг 13-бандида ҳам зарур тушунтиришлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 20 апрелда 920-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича" Йўриқнома I бўлимининг 5, 8-бандларига мувофиқ товар эркин муомалага ёки Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан чиқарилганидан сўнг божхона қиймати кўрсаткичлари нотўғри декларация қилинганлиги ҳолати аниқланганда ва назарда тутилган бошқа ҳолатларда тўғриланиши мумкин. Бунда БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларида тўғриланган божхона қиймати ва божхона тўлови кўрсаткичлари божхона юк декларациясининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.

Ушбу Йўриқноманинг II бўлимида декларант томонидан божхона қиймати корректировкаси шаклини тўддириш тартиби, тўлдирилиши лозим бўлган аниқ устунлар кўрсатилган. Бироқ, масъулияти чекланган жамият томонидан ушбу тартибга риоя этилмасдан, божхона қиймати корректировкаси ихтиёрий равишда амалга оширилмаган. Шунинг учун давлат божхона хизмати органи хўжалик судига ариза билан мурожаат қилган ва суднинг ушбу аризани қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Масъулияти чекланган жамиятнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарорини тушунтириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилганлиги учун мазкур хўжалик иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномаси суд томонидан Конституциявий суднинг иш юритишида мазкур хўжалик иши билан боғлиқ масала мавжуд эмаслиги ҳисобга олиниб, қаноатлантирилмаган.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 82-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида хўжалик суди ишни конституциявий, фуқаровий, жиноят ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан қарор қабул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаганда иш юритишни тўхтатиб туришга мажбурлиги белгиланган.

Бундан ташқари, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 31-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки манти??а зид тарзда қўлланилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин. Лекин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокида "Женерал Моторс Ўзбекистон" корхонасини барпо этиш тўғрисида" 2008 йил 21 февралдаги ПҚ-800-сонли Қарорининг матнида ҳеч қандай ноаниқликлар ёки тушунмовчиликлар мавжуд эмас.

Қолаверса, ушбу Қонун 31-моддасининг учинчи қисмида қонуности ҳужжатларига уларни қабул қилган органлар расмий шарҳ беришга ҳақлилиги назарда тутилган. Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган қарорга Конституциявий суднинг расмий шарҳ (тушунтириш) беришга ваколати йўқ.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 2-сон