Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Нотижорат ташкилотлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганликлари учун улардан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган тақдирда, уларга нисбатан Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартиби татбиқ этилади



Ишнинг мазмуни


Давлат солиқ хизмати органи томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бошқармасининг қўзғатилган жиноят иши доирасида берилган режа-топшириғига ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг буйруқларига асосан шаҳар ёнғинга қарши кураш жамиятининг 2007 - 2011 йиллар мобайнида молия-хўжалик фаолиятида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган.

Текширишда шаҳар ёнғинга қарши кураш жамияти томонидан ўтган даврда берилган имтиёз нотўғри қўлланилиб келинганлиги, Низомда кўрсатилмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланилиб, 77,7 миллион сўм пул маблағлари айланмаси амалга оширилганлиги ҳамда жамиятда кирим қилинмаган 1,6 миллион сўм нақд пул мавжудлиги аниқланган.

Текшириш натижаси юзасидан шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2011 йил 10 ноябрдаги қарорлари билан шаҳар ёнғинга қарши кураш жамиятига нисбатан жами 7,9 миллион сўм қўшимча солиқлар ва пеня ҳисобланган ҳамда Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 1,6 миллион сўм молиявий жарима солинган.

Булардан норози бўлган шаҳар ёнғинга қарши кураш жамияти хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2011 йил 28 октябрдаги текшириш далолатномасини, шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 1,6 миллион сўм молиявий жарима қўллаш ҳамда 7,9 миллион сўм қўшимча солиқлар ва пеня ундириш ҳақида 2011 йил 10 ноябрдаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни, шаҳар давлат солиқ инспекциясидан 15,2 миллион сўм ортиқча ундирилган пул маблағларини қайтаришни, шунингдек шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан банк ҳисоб рақамига қўйилган жами 12 та инкассо топшириқномаларини чақириб олишни сўраган.


Даъвогарнинг важлари


Шаҳар ёнғинга қарши кураш жамияти вакили жамият нодавлат нотижорат ташкилоти эканлигини, у тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслигини, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 17 ноябрдаги 502-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан имтиёзлар қўлланилиши зарурлигини, лекин бунга қарамасдан, шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан 2007 йилдан бугунги кунга қадар асоссиз равишда инкассо топшириқномалари қўйилиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ундирилганлигини билдириб, солиқ текшириши натижаси юзасидан тузилган 2011 йил 28 октябрдаги далолатномани ҳамда шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 1,6 миллион сўм молиявий жарима қўллаш тўғрисида 2011 йил 10 ноябрдаги қарорини, 7,9 миллион сўм қўшимча солиқлар ва пеня ундириш ҳақида 2011 йил 10 ноябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, жавобгардан 15,2 миллион сўм ортиқча ундирилган пул маблағларини қайтаришни, шунингдек жавобгарнинг банк ҳисоб рақамига қўйилиши мумкин бўлмаган, сўзсиз ундирувга қаратилган жами 12 та инкассо топшириқномаларини чақириб олишни сўраган.


Жавобгарнинг важлари


Гарчақд, шаҳар давлат солиқ инспекцияси вакили бугунги суд мажлисига келмаган бўлса-да, олдинги суд мажлисида қатнашган бўлиб, даъво аризасини қаноатлантиришни рад этишни суддан сўраган.


Учинчи шахс фикр бермаган


Мазкур ишда учинчи шахс сифатида иштирок этишга жалб этилган вилоят молия бошқармаси вакили суд мажлисида сабабсиз қатнашмаган, даъво аризаси юзасидан ёзма фикрини судга юбормаган.


Суднинг ҳал қилув қарори


Даъвогар - шаҳар ёнғинга қарши кураш жамиятининг жавобгар - шаҳар давлат солиқ инспекциясининг молиявий жарима қўллаш ҳамда солиқлар ва пеня ундириш тўғрисида 2011 йил 10 ноябрдаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда 15,2 миллион сўм ундириш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган.

Текшириш натижалари юзасидан тузилган 2011 йил 28 октябрдаги далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда 12 та инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисидаги даъво талаблари бўйича иш юритиш тугатилган.


Суднинг ҳал қилув қарорига шарҳ


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат бюджетига солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар беришни тартибга солиш тўғрисида" 1999 йил 26 июлдаги ПФ-2343-сонли Фармонининг 1-бандига мувофиқ хайрия ҳамда бошқа жамғармалар ва жамиятларга, шунингдек улар томонидан ташкил қилинган корхоналар ва бошқа шўъба тузилмаларига солиқдар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича берилган имтиёзлар 1999 йилнинг 1 сентябридан бошлаб улар амалга оширадиган нотижорат фаолиятигагина жорий этилиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 17 ноябрдаги 502-сонли қарори билан тасдиқланган "Хайрия ҳамда бошқа жамғармалар ва жамиятларга, шунингдек улар томонидан ташкил қилинган корхоналар ва бошқа шўъба тузилмаларига солиқлар, йиғимлар ҳамда божхона тўловлари бўйича берилган имтиёзларнинг қўлланиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 3.2-бандига мувофиқ қуйидагилардан солиқлар ва йиғимлар ундирилмайди:

а) таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тадбиркорлик фаолиятидан даромад олишни кўзламайдиган ижтимоий-хайрия мақсадлари ва бошқа мақсадлар учун ташкил этилган нотижорат ташкилотлардан;

мазкур ташкилотнинг ходимлари, муассислари ёки аъзоларининг шахсий манфаатларига қаратилмаган молиявий ва бошқа маблағларни тақсимловчи ва инвестицияловчи нотижорат ташкилотлардан (қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнат учун тақдирлашдан ташқари);

б) уставда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун нотижорат ташкилотлар томонидан олинган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик бадаллари ва бошқа ажратмаларидан.

Мазкур Низомнинг 6-бандида нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган тақдирда, уларга нисбатан Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартиби татбиқ этилиши қатъий равишда белгилаб қўйилган. Бошқача айтганда, аввал берилган имтиёзлар бекор қилинади.

Шаҳар ёнғинга қарши кураш жамияти нодавлат нотижорат ташкилот сифатида 2001 йилда ташкил қилинган бўлиб, унинг асосий вазифаси республикамиз халқ хўжалиги ва аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга, жамиятнинг кучи ва маблағлари билан ёнғиннинг олдини олиш ва ёнғинни муваффақият билан ўчиришга қаратилган бўлса-да, ўтган беш йил мобайнида тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний равишда шуғулланиб, қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзларни нотўғри татбиқ этиб келган.

Жамиятда кирим қилинмаган 1,6 миллион сўм нақд пул маблағларининг мавжудлиги тушумни яшириш деб баҳоланади ва Солиқ кодексининг 114-моддасига мувофиқ яширилган тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1996 йил 9 августдаги ПФ-1504-сонли Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасасига топширмаслиги тушумни яшириш деб баҳоланади.

Шаҳар ёнғинга қарши кураш жамияти ноқонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, юқорида қайд этилган Низомда белгиланган имтиёзларни нотўғри татбиқ қилганлиги текшириш далолатномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар, жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2012 йил 20 мартдаги ҳукми билан ўз тасдиғини топган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир.

Шунинг учун хўжалик суди мажлисида айнан мана шу ҳолатларни қайта исботлаш талаб қилинмайди. Бунда давлат солиқ хизмати органи текшириш тартиби ва қоидалари бузилмаган ҳолда ўтказилганлигини ҳамда солиқ тўловчининг соли??а оид ҳуқуқбузарлик содир этганлигини исботлашдан озод этилади. Ушбу масалалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарори 20-бандининг иккинчи хатбошисида, 38-бандида, 38.2-бандининг иккинчи хатбошисида муҳим тушунтиришлар берилган.

Шунинг учун хўжалик суди шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан Солиқ кодексига мувофиқ тегишли қарорлар қабул қилинган, 7,9 миллион сўм қўшимча солиқлар ва пеня тўғри ҳисобланган, Солиқ кодексининг 114-моддасига мувофиқ 1,6 миллион сўм молиявий жарима тўғри қўлланилган, шаҳар ёнғинга қарши кураш жамиятидан бюджет фойдасига солиқлар асосли равишда ундирилган, деган хулосага келган ва шаҳар ёнғинга қарши кураш жамиятининг шаҳар давлат солиқ инспекциясининг молиявий жарима қўллаш ҳамда солиқ ва пеня ундириш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда шаҳар давлат солиқ инспекциясидан 15,2 миллион сўм ундириш тўғрисидаги даъво талабларини қаноатлантиришни рад этган.

Текширувчилар томонидан текшириш натижалари юзасидан тузилган далолатномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан қўйилган 12 та инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисидаги даъво талаблари бўйича иш юритиш тугатилган.

Чунки, солиқ текшируви далолатномаси шаҳар ёнғинга қарши кураш жамиятининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжат ҳисобланмайди. Шу сабабли, унинг текшириш далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаби хўжалик судида кўриш учун тегишли эмас.

Инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисидаги даъво талаблари ҳам хўжалик судида кўрилмайди. Хўжалик процессуал кодекси 24-моддаси биринчи қисмининг 10-бандига кўра, хўжалик суди инкассо топшириқномаларини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этади. Кўриниб турганидек, инкассо топшириқномаларини чақириб олиш ва ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги даъво талабларининг ҳар бири алоҳида ва мустақил бўлиб, мазмун жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади.

Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасида хўжалик судига тааллуқли ишлар, 24-моддасида хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар рўйхати аниқ қўрсатилган бўлиб, текшириш далолатномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисидаги даъво талаблари хўжалик судида кўриб чиқилмайди.

Шу сабабли, биринчи инстанция суди ушбу низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаганлиги муносабати билан Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 1-бандини қўллаб, мазкур талаблар бўйича иш юритишни тугатган. Булар ҳақида Олий хўжалик суди Пленумининг "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарори 19-бандининг биринчи ва иккинчи хатбошиларида, "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарори 28-бандининг бешинчи хатбошисида таъкидланган.

Суд Солиқ кодекси 69-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат солиқ хизмати органи бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини юритиши муносабати билан солиқ тўловчи томонидан асоссиз ундирилган пул маблағлари (солиқлар, мажбурий тўловлар)ни давлат солиқ хизмати органидан ундириш тўғрисидаги даъво берилганлигини ҳисобга олиб, вилоят молия бошқармасини Хўжалик процессуал кодексининг 42-моддасига мувофиқ низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилган. Бу ҳақда Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарорининг 10-бандида таъкидлаб ўтилган.

Суд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ва вилоят молия бошқармаси вакиллари суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор бўлганлигини инобатга олиб, уларни суд мажлисида сабабсиз қатнашмаган деб топиб, ишдаги мавжуд ҳужжатлар низони мазмунан ва тўғри ҳал этиш учун етарли деб ҳисоблаб, Хўжалик процессуал кодексининг 130-моддаси талабларига кўра ишни жавобгар ва учинчи шахс вакиллари иштирокисиз кўриб чи??ан ва тегишли ҳал қилув қарори қабул қилган.

Демак, нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган тақдирда, уларга нисбатан Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тартиби татбиқ этилади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 5-сон