Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Хизмат кўрсатишдан тушган тушумни яширганлик учун молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Хизмат кўрсатишдан тушган тушумни яшириш молиявий санкция жазоси қўлланилишига сабаб бўлади



Ишнинг мазмуни


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси шаҳар бўлими томонидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан шаҳар прокуратурасининг 2012 йил 14 июндаги қарорига ҳамда шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2012 йил 14 июндаги 132-х/с-сонли буйруғига асосан масъулияти чекланган жамият томонидан солиқ қонунчилигига риоя қилиниши, бюджетга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисобланиши ҳамда ўз вақтида тўланиши юзасидан тафтиш ўтказилган.

Текширишда масъулияти чекланган жамият томонидан 2010 - 2011 йилларда аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатишдан тушган 355,4 миллион сўмлик тушум банк муассасасига топширилмаганлиги аниқланган ва тегишли далолатнома тузилган.

Шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан текшириш ҳужжатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича масъулияти чекланган жамиятга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 355,4 миллион сўм молиявий жарима қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шаҳар давлат солиқ инспекциясининг ушбу ҳисобланган молиявий жарима суммасини тўлаб бериш ҳақидаги талабномаси масъулияти чекланган жамият томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Масъулияти чекланган жамият томонидан ушбу молиявий жарима суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлиги боис, аризачи - шаҳар давлат солиқ инспекцияси жавобгар - масъулияти чекланган жамиятга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 355,4 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраб хўжалик судига ариза берган.


Аризачининг важлари


Суд мажлисида иштирок этган шаҳар давлат солиқ инспекцияси вакили аризадаги талабни қувватлаб, текширишга асос бўлган ҳужжатлар жавобгарга тилхат асосида топширилганлигини, текширишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан қабул қилинган қарорга асосан жавобгар белгиланган ўттиз кунлик муддат ичида тегишли маблағни тўлаб бермаганлигини билдириб, жавобгарга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан жами 355,4 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўллашни сўраган.


Жавобгар фикр бермаган


Масъулияти чекланган жамият вакили суд мажлисида сабабсиз қатнашмаган, шаҳар давлат солиқ инспекциясининг аризаси юзасидан ёзма фикр бермаган.


Суднинг ҳал қилув қарори


Аризачи - шаҳар давлат солиқ инспекциясининг аризаси тўлиқ қаноатлантирилсин.

Жавобгар - масъулияти чекланган жамиятга Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан жами 355,4 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилсин.

Қўлланилган молиявий санкция суммасини қонунда белгиланган тартибда ундириш шаҳар давлат солиқ инспекцияси зиммасига юклатилсин.


Шарҳ


Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 39-моддасининг иккинчи қисмида солиқ тўловчиларнинг даромадлари ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун улар бўйича тегишли чегирмалар тўлов тўланган вақт ва пул келиб тушган санадан қатъи назар, улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида акс эттирилиши белгиланган.

Аммо, масъулияти чекланган жамият солиқ тўловчи сифатида қонун ҳужжатларига мувофиқ бухгалтерия ҳисобини юритиш, молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиш, ўз солиқ мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариш каби мажбуриятларини бажармасдан келган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2004 йил 14 январда 1297-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2003 йил 23 декабрдаги 131-сонли буйруғи билан тасдиқланган "Бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар ва ҳужжатлар айлануви тўғрисида"ги Низомнинг 2-бандига мувофиқ корхона томонидан амалга оширилаётган барча хўжалик операциялари уларни тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши лозим. Ушбу ҳужжатлар улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритиладиган бирламчи ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилади.

Ушбу Низом талабларига мувофиқ тузилган бирламчи ҳужжатлар амалга оширилган хўжалик операциялари ҳақидаги маълумотларни бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттириш учун асос бўлади.

"Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби регистрлари иккиёқлама ёзув қоидаларига мувофиқ юритиладиган журналлар, қайдномалар, дафтарлар, тасдиқланган бланклар (шакллар) ҳисобланади.

Шуларга қарамасдан, масъулияти чекланган жамият томонидан аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатишдан тушган 355,4 миллион сўмлик тушум банк муассасасига топширилмаган. Ушбу ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги жиноят ишлари бўйича шаҳар судининг 2012 йил 12 сентябрдаги ҳукми, текшириш ҳужжатлари билан ўз тасдиғини топган. Ўз навбатида, бундай ноқонуний ҳаракат хизмат кўрсатишдан тушган тушумни яшириш деб баҳоланади ва Солиқ кодексида назарда тутилган жавобгарликни келтириб чиқаради.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги ҳоллари ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги, ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб эътироф этилади ва ушбу модданинг биринчи қисмига асосан яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-1504-сонли Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги тушумни яшириш деб баҳоланади.

Ушбу ҳолатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарорининг 38 ва 38.2-бандларида ҳам таъкидлаб ўтилган.

Демак, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аҳолига кўрсатилган хизматдан тушган нақд пул маблағлари ҳар куни банк муассасаларига топширилиши лозим. Бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳисоб ҳужжатлари сифатида солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниклаш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўғри ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Юқорида қайд этилганларни инобатга олган ҳолда хўжалик суди шаҳар давлат солиқ инспекциясининг аризасидаги талабни қаноатлантирган ва масъулияти чекланган жамиятга яширилган тушум суммасига тенг миқдорда молиявий санкция қўллаган.

Хўжалик судида кўриб чиқилган ушбу иш ва юқорида келтирилган қонун ҳужжатларининг нормалари хизмат кўрсатишдан тушган тушумни яшириш деб эътироф этилади ва яширилган тушум суммасига тенг миқдорда молиявий жарима жазоси қўлланилишига сабаб бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 12-сон