Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Кирим қилинмаган товарларни реализация қилганлик ва НКМ қўллаш тартибини бузганлик учун молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисида асоссиз тақдим этган аризасини қаноатлантириш рад этилади



Ишнинг мазмуни


Шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг 2012 йил 29 мартдаги 118х.с-сонли буйруғига асосан шаҳар ҳудудида жойлашган хусусий корхонага қарашли дорихонада қисқа муддатли текшириш ўтказилган.

Ўтказилган текширишда ушбу дорихона сотувчиси сотган дориси учун харидордан 1000 сўм нақд пул олиб, унга назорат-касса машинаси чекини бермаганлиги, шунингдек реализация қилишдан тушган 16600 сўм савдо пулларини яширганлиги аниқланган.

Хусусий корхона томонидан текширишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳисобланган молиявий жарима суммаси 2012 йил 18 майдаги 54-сонли, 2012 йил 31 июлдаги 75-сонли ва 2012 йил 21 сентябрдаги 87-сонли тўлов топшириқномалари билан ихтиёрий равишда тўланган.

Шунга қарамасдан, шаҳар давлат солиқ инспекцияси 2013 йил январда хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, хусусий корхонага нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун такроран, яъни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан 16600 сўм, 119-моддасининг биринчи қисмига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз баравари (1887600 сўм)дан эллик баравари (3146000 сўм)гача молиявий санкция қўллашни сўраган.


Аризачининг важлари


Суд мажлисида иштирок этган шаҳар давлат солиқ инспекцияси вакили судга ариза тақдим этиб, ҳисобланган молиявий жарима хусусий корхона томонидан ихтиёрий тўланганлигини билдириб, аризани қаноатлантиришни рад этишни хўжалик судидан сўраган.


Жавобгарнинг важлари


Хусусий корхона вакили суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор бўлишига қарамасдан, суд мажлисига сабабсиз келмаган.


Суднинг ҳал қилув қарори


Аризачи - шаҳар давлат солиқ инспекциясининг жавобгар - хусусий корхонага нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантириш рад этилсин.


Шарҳ


Суд амалиёти давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида тадбиркорлик субъектлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун ихтиёрий тўланган ва давлат бюджетига келиб тушган молиявий жарима суммаларининг ҳисобини юритишда ҳамон камчиликлар мавжудлигидан далолат беради.

Энг ачинарлиси, бунинг оқибатида тадбиркорлик субъектлари, суд ва прокуратура органларининг вақти беҳуда сарфланмоқда, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларига ва давлат бюджетига жиддий зарар етказилмоқда. Демак, давлат солиқ хизмати органлари фаолиятида бу каби салбий амалиётга чек қўйиш лозим бўлади.

Хўжалик судида кўриб чиқилган мана бу ишдан кўриниб турганидек, давлат солиқ хизмати органи томонидан текшириш 2012 йилнинг март ойида ўтказилган, тадбиркорлик субъекти томонидан эса молиявий жарима суммаси 2012 йилнинг май, июль ва сентябрь ойларида давлат бюджети фойдасига бўлиб-бўлиб, ихтиёрий равишда тўланган. Тадбиркорлик субъектининг тақдим этган тўлов топшириқномалари унга хизмат кўрсатувчи банк томонидан қабул қилинган ва тегишли банк операциялари амалга оширилган.

Шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан ҳисобланган молиявий жарима суммалари давлат бюджетига ҳақиқатан ҳам тушганлигини суд мажлисида қатнашган аризачининг вакили ҳам тан олган.

Шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи эса ушбу инкор этиб бўлмайдиган ҳолатларни инобатга олмасдан, асоссиз равишда хўжалик судига ариза бериб, тадбиркорлик субъектига нисбатан содир этилган битта ҳуқуқбузарлик учун такроран молиявий санкция қўллашни сўраган.

Аммо, суд шаҳар давлат солиқ инспекцияси вакилининг тушунтиришини ва вилоят прокурори катта ёрдамчисининг фикрини тинглаб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, текширишда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳисобланган молиявий жарима аризачи судга ариза билан мурожаат этгунга қадар жавобгар томонидан ихтиёрий тўланганлигини ҳамда ушбу ариза судга асоссиз равишда берилганлигини ҳисобга олиб, аризачининг жавобгарга нисбатан молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этган.

Зеро, Солиқ кодекси 108-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ҳеч ким соли??а оид содир этилган айнан битта ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2010 йил 18 июндаги 210-сонли қарорининг 24-бандида таъкидланган.

Бундан хулоса шуки, назорат қилувчи органнинг тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий санкция қўллаш тўғрисида асоссиз тақдим этган аризасини қаноатлантириш рад этилади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 7-сон