Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Сертификатланмаган махсулотни реализация қилиш учун жарима қўллаш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Сертификатланмаган маҳсулотни реализация қилиш реализация қилинган маҳсулот қиймати миқдорида жарима солинишига асос бўлади



Ишнинг моҳияти


Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда - "Ўзстандарт" агентлиги) томонидан Хусусий корхонада маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилган. Текшириш натижасига кўра Хусусий корхона томонидан 2009 йилнинг 22 июнидан 2010 йилнинг 18 майига қадар 129827285 сўмлик маҳсулот сертификатланмасдан сотилганлиги аниқланган.

"Ўзстандарт" агентлиги томонидан Хусусий корхонага талабнома юборилиб, 129827285 сўм жаримани ихтиёрий равишда тўлаб бериш сўралган. Хусусий корхона томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаган. Шу боис, вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси судга мурожаат қилиб, Хусусий корхонага нисбатан 129827285 сўм жарима қўллашни ҳамда уни ундиришни сўраган.


Аризачининг важлари


Хусусий корхонада ўтказилган текшириш давомида 129827285 сўмлик маҳсулот сертификатланмасдан сотилганлиги аниқланиб, бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилган. Текшириш далолатномасига Хусусий корхона раҳбари томонидан эътироз билдирилмаган. Хусусий корхонага талабнома юборилиб, жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаб бериш сўралган. Жарима суммаси ихтиёрий равишда тўлаб берилмаганлиги сабабли Хусусий корхонага нисбатан 129827285 сўм жарима қўллаш лозим.


Хусусий корхонанинг важлари


Хусусий корхонамизда маҳсулотларни сертификатлаштириш қоидаларига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказилиб, 2009 йилнинг 22 июнидан 2010 йилнинг 18 майига қадар 129827285 сўмлик маҳсулот сертификатланмасдан сотилганлиги аниқланган. Ушбу қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлигини тан оламиз. Ҳозирги кунда Хусусий корхонамизнинг молиявий аҳволи оғирлигини, қўлланиладиган жарима суммасини бир мартада тўлаш имконияти мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, қўлланилиши сўралаётган жаримани тўлаш учун олти ой муддат беришингизни сўраймиз.


Суднинг ҳал қилув қарори


Вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармасининг талаби қаноатлантирилсин.

Хусусий корхонага нисбатан "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 23-моддасининг иккинчи қисмига асосан 129827285 сўм жарима қўлланилсин ҳамда жарима суммаси ундирилсин.


Шарҳ


"Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун 42-моддасининг олтинчи хатбошисига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималар фақат суд тартибида қўлланилади. Демак, Хусусий корхонага нисбатан жарима қўллаш ҳамда уни ундириш тўғрисидаги талаблар хўжалик судлари томонидан ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 155-11-моддасига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида аризалар билан хўжалик судларига назорат қилувчи органлар мурожаат қилишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 августдаги 373-сонли Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги тўғрисида"ги Низом 8-банди "д" кичик бандининг тўртинчи хатбошисига кўра "Ўзстандарт" агентлиги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини, … мажбурий сертификатлаштириш қоидалари таъминланишини ташкил этади ва бу борада давлат назоратини амалга оширади. Шундай қилиб, "Ўзстандарт" агентлиги сертификатлаштириш қоидаларига риоя этилишини назорат қилувчи орган ҳисобланади.

Юқорида қайд этилган Низомнинг 9-бандида "Ўзстандарт" агентлиги ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўз ҳудудий бошқармалари, ўзига қарашли органлар ва муассасалар орқали амалга ошириши мумкинлиги кўрсатилган. Ушбу Низомнинг 6-бандида эса "Ўзстандарт" агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланишлари белгиланган. Демак, Вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси ҳақли равишда судга мурожаат қилиб, Хусусий корхонага нисбатан 129827285 сўм жарима қўллашни ҳамда уни ундиришни сўраган.

Тайёрловчилар (тадбиркорлар) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар. "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмига кўра мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган, аммо сертификатланмаган маҳсулотни реализация қилганлик учун тайёрловчига (тадбиркорга) реализация қилинган маҳсулот қиймати миқдорида жарима солинади. Жарима суд қарорига асосан ундирилади.

Текшириш давомида Хусусий корхона томонидан 2009 йилнинг 22 июнидан 2010 йилнинг 18 майига қадар 129827285 сўмлик маҳсулот сертификатланмасдан сотилганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат текшириш далолатномаси билан тасдиқланган. Текшириш далолатномасига Хусусий корхона раҳбари томонидан эътироз билдирилмаган. Шу боис, суд томонидан асосли равишда Хусусий корхона сертификатланмаган маҳсулотни реализация қилганлиги учун унга реализация қилинган маҳсулот қиймати миқдорида жарима қўлланилган.

Пул маблағларини сўзсиз тартибда ундириш ҳуқуқига эга бўлмаган назорат қилувчи орган молиявий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги талаб билан бир вақтда уни ундириш тўғрисидаги талабни ҳам қўйиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2011 йил 30 июндаги 229-сонли қарори 12-бандининг иккинчи хатбошисида тушунтириш берилган.

Пул маблағларини сўзсиз тартибда ундириш инкассо топшириқномасини қўйиш орқали амалга оширилади. Инкассо топшириқномалари билан ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 3 июнда 2465-сон билан рўйхатга олинган "Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида"ги Низом билан тартибга солинган. Мазкур Низом 59-бандининг мазмунидан кўринишича, давлат солиқ хизмати органлари, божхона органлари, суд ижрочилари ва ундирувчилари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги инкассо топшириқномаларини қўя оладилар. "Ўзстандарт" агентлиги эса пул маблағларини сўзсиз тартибда ундириш ҳуқуқига эга бўлган органлар қаторига киритилмаган. Шу боис, суд томонидан хусусий корхонага қўлланилган жарима суммаси асосли равишда ундирилган.

Суд мажлиси давомида Хусусий корхона раҳбари илтимоснома билан мурожаат қилиб, корхонанинг молиявий аҳволи оғирлигини, қўлланиладиган жарима суммасини бир мартада тўлаш имконияти мавжуд эмаслигини ҳисобга олиб, қўлланилиши сўралаётган жаримани тўлаш учун олти ой муддат беришни сўраган.

"Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмида тайёрловчининг (тадбиркорнинг) охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг жами йигирма фоизидан ортиқ миқдорда жарима ундириш унга ундириладиган суммани ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида ойма-ой бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Хусусий корхонанинг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммаси 922067630 сўм бўлиб, ушбу сумманинг 20 фоизи 184413526 сўмни ташкил этади. Демак, жорий активлари суммасининг 20 фоизи ундириладиган жарима суммаси, яъни 129 827 285 сўмдан кўп бўлиб, жарима суммасини олти ой мобайнида ойма-ой бўлиб тўлаш имконини бериш учун асос мавжуд эмас. Шу боис, суд томонидаи Хусусий корхона раҳбарининг жаримани тўлаш учун олти ой муддат бериш ҳақидаги илтимосномаси ҳақли равишда қаноатлантирмасдан қолдирилган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2013 й., 10-сон