Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Суд ижрочисининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Қарздор ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаганлиги учун уни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги суд ижрочисининг қарори устидан берилган шикоят умумий юрисдикция судига тааллуқлидир



Низонинг моҳияти


Хўжалик судининг хўжалик иши бўйича берилган ижро варақасига асосан МЧЖдан давлат фойдасига 86853 сўм давлат божи ундирилиши лозим бўлган. Суд ижрочилари туман бўлимининг суд ижрочиси томонидан мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро иши қўзғатилган.

Ижро жараёнида Суд ижрочилари туман бўлими томонидан қарздор ижро ҳужжатини ихтиёрий равишда белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаганлиги сабабли қарор чиқарилиб, унга кўра МЧЖнинг раҳбари Т. С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг 15 баравари - 1193850 сўм миқдорида жарима қўлланилган.

Суд ижрочилари туман бўлимининг ушбу қароридан норози бўлган МЧЖ хўжалик судига ариза билан мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жихатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг вилоят ҳудудий бошқармаси ва унинг туман суд ижрочилари бўлими ижрочисининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб ва 1193850 сўм миқдорида жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.


Аризачининг важлари


Суд ижрочилари туман бўлими томонидан МЧЖнинг мансабдор шахси ҳисобланган раҳбари Т. С.га нисбатан асоссиз равишда 1193850 сўм миқдорида жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган. Чунки, МЧЖ ҳозирги пайтда оғир молиявий аҳволда бўлиб, унинг ҳисоб рақамида пул маблағлари мавжуд эмас, бу ҳолат эса узрли деб ҳисобланади. Шу боис, Суд ижрочилари туман бўлими суд ижрочисининг Т. С.ни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилиши лозим.


Жавобгарнинг важлари


МЧЖ томонидан ижро ҳужжатини ихтиёрий ижро этиш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмаган. МЧЖ ҳисоб рақамида пул маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда, у суд ижрочилари бўлимига қарздорликни қоплаш бўйича таклиф бериши, асосий воситалар ва тегишли мол-мулклар рўйхатини тақдим қилиши лозим бўлган, лекин бу ҳаракатлар амалга оширилмаган. Шу сабабли, МЧЖнинг арз қилинган талаби асоссиз. Шу билан бирга суд ижрочисининг қарори жисмоний шахсга нисбатан чиқарилган. Хўжалик судларига эса фақатгина хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низолар тааллуқлидир. Шунинг учун иш юритиш тугатилиши лозим.


Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори


МЧЖнинг аризаси қаноатлантирилсин. Суд ижрочилари туман бўлими суд ижрочисининг қарори ҳақиқий эмас деб топилсин.


Кассация инстанцияси судининг қарори


Ҳал қилув қарори бекор қилинсин.

Хўжалик иши бўйича иш юритиш тугатилсин.


Шарҳ


Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 12-моддасининг биринчи қисмига кўра, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 24-моддаси биринчи қисмининг 9-бандида давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик суди томонидан ҳал этилиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қўллашда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар ҳақида" 2009 йил 10 апрелдаги 06/196-сонли қўшма қарорининг 17-банди талабига кўра суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Мазкур қўшма қарор 15-бандининг 7 ва 8-хатбошиларида Қонуннинг 86-1-моддасига кўра, хўжалик суди томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича суд ижрочисининг чиқарган қарори устидан ундирувчи ёки қарздор томонидан ижро ҳужжатини берган хўжалик судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда шикоят берилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ҳолларда суд ижрочисининг қарори устидан қарор чиқарилганлиги ҳақида хабар қилинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда суд ижрочиси жойлашган жойдаги умумий юрисдикция судига ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга, мансабдор шахсга шикоят берилади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, хўжалик судининг хўжалик иши юзасидан берилган ижро варақасига асосан МЧЖдан давлат фойдасига 86853 сўм давлат божи ундирилган. Суд ижрочилари туман бўлими томонидан мазкур ижро ҳужжати бўйича тегишли тартибда ижро иши қўзғатилган.

Ижро жараёнида Суд ижрочилари туман бўлими томонидан МЧЖнинг мансабдор шахси ҳисобланган раҳбар Т. С. суд қарорини ихтиёрий ижро қилмаганлиги ва қарздорликни қоплаш таклифи билан суд ижрочисига мурожаат қилмаганлиги учун унга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида қарор чиқарилиб, энг кам иш ҳақининг 15 баравари, яъни 1193850 сўм миқдорида жарима қўлланилган.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 84-моддасида ижро ҳужжатлари талабларини узрсиз сабабларга кўра ихтиёрий равишда бажармаган, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган қарздорларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш, шунингдек суд ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаган ёки суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-1-моддасига кўра, қарздорнинг ижро ҳужжатини унинг ихтиёрий равишда ижро этилиши учун белгиланган муддатда узрсиз сабабларга кўра ижро этмаслиги ёки унинг зиммасига муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд уларни содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини узрсиз сабабларга кўра суд ижрочиси белгилаган муддатда ижро этилмаслиги фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Суд ижрочилари туман бўлими ижрочиси томонидан жарима МЧЖнинг мансабдор шахси ҳисобланган раҳбар Т. С.га, яъни фуқарога нисбатан қўлланилган. Демак, мазкур низонинг субъектлари Суд ижрочилари туман бўлими ва жисмоний шахсдир.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси (кейинги ўринларда ХПК деб юритилади) 23-моддасининг биринчи қисмига асосан хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқли. Ушбу қоидадан келиб чиқиб, мазкур низо хўжалик судига тааллуқли эмас.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 315-моддасининг биринчи қисмида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки маъмурий ишлар бўйича туман (шаҳар) судьясига шикоят қилиниши белгиланган.

ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра, низо хўжалик судида кўриб чиқишга тегишли бўлмаса, даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, қабул қилинганлари эса, ХПК 86-моддасининг 1-бандига асосан тугатилиши лозим.

Шундан келиб чи??ан ҳолда, суд ижрочисининг хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб топиб ва жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талаб хўжалик судига тааллуқли эмаслиги сабабли, кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, МЧЖнинг талаби бўйича асосли равишда иш юритиш тугатилган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 1-сон