Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги низо бўйича

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИГА

ШАРҲЛАР



Рўйхатдан ўтказилмаган ва ёхуд мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори-дармонлар ва тиббий буюмларни сотганлик учун фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши тугатилади



Низонинг моҳияти


Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши томонидан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 6 майда 1573-сон билан рўйхатга олинган "Назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектларда ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 4-иловаси талаблари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2006 йил 21 июндаги 277-сонли буйруғи ижросини таъминлаш борасида Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш Бош бошқармасининг буйруғига асосан Хусусий корхонага тегишли дорихона ва шохобчаларда текширув ўтказилган.

Ўтказилган текширув натижаларига кўра, жавобгар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 13 майдаги 91-сонли қарори билан тасдиқланган "Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги Низом ҳамда лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битимида қайд этилган лицензия талаб ва шартлари қўпол равишда бузилганлиги аниқланган.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги судга ариза билан мурожаат қилиб, Хусусий корхонага фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензиянинг амал қилишини тугатишни ҳамда жавобгарга 10 кунлик муддатда лицензияни топшириш мажбуриятини юклашни сўраган.


Аризачининг важлари


Ўтказилган назорат тадбири жараёнида жавобгар томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунининг 13-моддаси талаблари, Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сонли қарори билан тасдиқланган "Республика дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари" ҳамда СанПиН 0243-07 талаблари, шунингдек лицензияловчи орган билан тузилган лицензия битимида қайд этилган лицензия талаб ва шартлари қўпол равишда бузилганлиги, жумладан жавобгарнинг дорихона ва шохобчаларида дори воситалари ва тиббий буюмлардан 1 турдаги дори воситаси ва 3 турдаги тиббий буюмлар Давлат рўйхатида қайд этилмаганлиги, 4 турдаги дори воситалари ва тиббий буюм ҳамда 3 турдаги биологик фаол қўшимчаларнинг яроқлилик муддати ўтганлиги, 32 турдаги дори воситаларига мувофиқлик сертификатлари тақдим этилмаганлиги, 5 турдаги дори воситаларига давлат тилидаги уларни қўллаш йўриқномаси тақдим этилмаганлиги, шунингдек дорихона ва шохобчаларда санитария қоидалари ва меъёрлари бузилганлиги аниқланган. Шу сабабли, Хусусий корхонага камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатма берилган. Белгиланган муддатда қонунбузарликлар бартараф этилмаганлиги сабабли, корхонага тегишли бўлган дорихона ва шохобчаларнинг фаолияти тугатилиши лозим.


Жавобгарнинг важлари


Текширувчиларнинг хулосалари тўғри бўлса-да, лекин дорихона ва шохобчаларнинг фаолиятини тўхтатиш учун асослар мавжуд эмас. Бунга сабаб - далолатномада акс эттирилган барча камчиликлар бартараф этилган. Шунинг учун арз қилинган талаб рад этилиши лозим.


Суднинг ҳал қилув қарори


Ариза талаблари қаноатлантирилсин.

Хусусий корхонага берилган фармацевтика фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилиши тугатилсин.

Хусусий корхона 10 кунлик муддат ичида лицензияни Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширсин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги лицензияни йўқ қилиш ва унинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумотни оммавий ахборот воситаларида эълон қилсин.


Шарҳ


Мазкур низо хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини лицензиялаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан келиб чи??ан. Ушбу соҳада вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги, "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 13 майдаги 91-сонли Қарори билан тасдиқланган "Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги Низом, 1994 йил 6 августдаги 404-сонли қарори билан тасдиқланган "Республика дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари" ҳамда СанПиН 0243-07 билан тартибга солинади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фармацевтика фаолиятини лицензиялаш кенгашининг қарори билан Хусусий корхонага фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилган. Лицензиянинг амал қилиш муддати 05.01.2012 йилдан 13.05.2015 йилга қадар деб белгиланган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, ўтказилган текширув натижаларига кўра, жавобгар томонидан қайд этилган қонун ҳужжатлари ҳамда лицензия битимида қайд этилган лицензия талаб ва шартлари қўпол равишда бузилган. Жумладан, жавобгарнинг дорихона ва шохобчаларидан танлаб олиш далолатномаси асосида олинган дори воситалари ва тиббий буюмлардан 1 турдаги дори воситаси ва 3 турдаги тиббий буюмлар Давлат рўйхатида қайд этилмаган, 4 турдаги дори воситалари ва тиббий буюм ҳамда 3 турдаги биологик фаол қўшимчаларнинг яроқлилик муддати ўтганлигига қарамасдан реализация қилинган, 32 турдаги дори воситаларига мувофиқлик сертификатлари, 5 турдаги дори воситаларига давлат тилидаги қўллаш йўриқномаси тақдим этилмаган, 1 турдаги дори воситаси "ёрлиқлаш" кўрсаткичи бўйича меъёрий ҳужжат талабига жавоб бермайди, шунингдек дорихона ва шохобчаларда санитария қоидалари ва меъёрлари бузилган. Ушбу ҳолатлар ишдаги мавжуд далолатномалар, дорихона ходимларининг тушунтириш хатлари ҳамда бошқа ҳужжатлари билан тасдиқланган.

"Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида дори воситалари фақат дорихона муассасалари орқали сотилиши, дорихоналар иши дорихона амалиёти учун хос бўлган стандартларга мувофиқ амалга оширилиши, шунингдек барча дорихона муассасалари санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб бериши лозимлиги белгиланган, сифатсиз дори воситаларини сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 13 майдаги 91-сонли Қарори билан тасдиқланган "Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 8-бандига мувофиқ фармацевтика фаолиятини амалга оширишда лицензиат қуйидагиларга мажбур:

фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш;

фаолиятни лицензияда кўрсатилган доирада, шунингдек лицензия битимига мувофиқ манзил (манзиллар) бўйича амалга ошириш;

лицензияланаётган фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган, ўзига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган ҳамда санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ биноларга эга бўлиш;

лицензияланадиган аниқ фаолият турини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, тегишли моддий-техник базадан, асбоб-ускуналардан, бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва сотиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

экология ҳамда санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига риоя этиш.

Ушбу Низомнинг 27-бандига асосан лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензиатдан зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этишни юкловчи қарорлар чиқариш ва лицензиат бундай бузилишларни бартараф этиши шарт бўлган муддатларни белгилаш;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фармацевтика фаолиятини лицензиясиз амалга оширишнинг аниқланган ҳолатлари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юбориш.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 августдаги 404-сонли қарори билан тасдиқланган "Республика дорихона муассасаларида дори-дармонлар ва тиббий буюмлар сотиш қоидалари"нинг 3-бандига кўра, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган ва ёхуд мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган дори-дармонлар ва тиббий буюмларни сотиш; дорихона муассасалари томонидан юридик ва жисмоний шахслардан мувофиқлик сертификатлари бўлмаган дори-дармонлар ва тиббий буюмларни қабул қилиб олиш; қалбакилаштирилган ва рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сотиш тақиқланади.

Бироқ, текширув вақтида Хусусий корхонага тегишли бўлган дорихона ва шохобчаларда мувофиқлик сертификатлари бўлмаган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган, қалбакилаштирилган, яроқлилик муддати ўтказиб юборилган дори воситалари ва тиббий буюмлар реализация қилинаётганлиги аниқланган.

"Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузган ҳолларда тугатилади. Ушбу модданинг тўртинчи қисмига асосан лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва у йўқ қилиниши керак. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Баён этилганларга асосланиб, суд жавобгар фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаганлиги, ҳуқуқбузарлик ҳодисаси содир бўлганлиги ва унинг содир этилганлиги факти суд мажлисида ўз исботини топганлигини инобатга олиб, аризачининг талабини асосли деб ҳисоблаб, арз қилинган талабларни қаноатлантиришни лозим топган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 1-сон