Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Республика хўжалик судлари томонидан контрактация шартномаларидан келиб чиққан хўжалик низоларини кўриб чиқиш суд амалиёти бўйича Умумлашма (Олий хўжалик суди Раёсатининг 25.10.2002 й. Қарори билан тасдиқланган)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

УМУМЛАШМА

Олий хўжалик суди Раёсатининг

2002 йил 25 октябрдаги қарори

билан тасдиқланган.




Республика хўжалик судлари томонидан

контрактация шартномаларидан келиб

чи??ан хўжалик низоларини кўриб

чиқиш суд амалиёти бўйича

УМУМЛАШМА



Олий хўжалик судининг 2002 йил 2-ярми учун мўлжалланган иш режасига асосан хўжалик судлари томонидан контрактация шартномаларидан келиб чи??ан хўжалик низолари юзасидан 2002 йил 8 ойи давомида кўрилган ишлар бўйича умумлаштириш ўтказилиб, ушбу соҳадаги хўжалик судларининг фаолияти таҳлил қилинди.

Контрактация шартномаси Республикада энг кўп тузиладиган шартнома турларидан биридир. Контрактация шартномаси қишлоқ хўжалик корхоналари, шу жумладан, де??он (фермер) хўжаликлари билан маҳсулот харид қилувчи (тайёрлов, савдо, қайта ишловчи) ўртасида тузиладиган ҳуқуқий ҳужжатдир. Хўжалик судларининг амалиёти контрактация шартномаларини тузишда тарафлар томонидан кўплаб хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлигини, улар номигагина тузилаётганлигини, томонлар ўртасида вужудга келадиган айрим муҳим муносабатлар шартномалар мазмунидан ташқарида қолиб кетаётганлигини кўрсатади.

Хўжалик судлари томонидан контрактация шартномаларининг субъектлари иштирокидаги хўжалик низолари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, "Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат, хўжалиги) тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Де??он хўжалиги тўғрисида"ги, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Республика Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 августдаги 438-сон қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари контрактация шартномаларини тузиш ва бажариш тартиби тўғрисида"ги Низоми ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида кўриб чиқилмоқда.

Хўжалик судлари томонидан контрактация шартномалари субъектлари иштирокидаги ишлар асосан ХПКда кўрсатилган муддатларда кўриб чиқилган.

Шу йилнинг 8 ой давомида Республика хўжалик судлари томонидан ҳал этилган 25355 та низолардан 15753 таси (62 %) шартнома мажбуриятини бажармаслик ёки лозим даражада бажармасликдан келиб чи??ан низолардир. Шулардан 1260 таси контрактация шартномалари субъектлари иштирокидаги ишлар бўлиб, жами судларда кўрилган ишларнинг 5% ини ташкил этади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 414 та ишга кўпайган.

Ушбу тоифадаги ишлардан 4,6 % яъни 58 таси тарафларнинг кассация шикоятлари ва протестлари асосида Олий хўжалик судининг кассация босқичида кўриб чиқилган. Шулардан 53,5% ҳал қилув қарори ва қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган. 46,5 % бекор бўлган ва ўзгартирилган, 8 та иш бўйича барча суд қарорлари бекор бўлган ва янги қарорлар қабул қилинган, 7 та иш бўйича эса ишларни янгидан кўриш учун вилоят хўжалик судларига юборилган, 2 та иш бўйича келишув битими тасдиқланиб иш юритиш тугатилган.

Суд амалиёти шуни кўрсатмокдаки, контрактация шартномалари билан боғлиқ низолар иккита асос бўйича вужудга келиб, судларда кўриб чиқилган. Биринчи асос - етказиб берилган маҳсулот учун ҳақ ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаганлиги, иккинчиси - маҳсулот ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилмаганлигидир.

Етказиб берилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилмаганидан келиб чи??ан низолар хўжалик судлари томонидан кўрилиб, даъвогарлар фойдасига 1,6 млрд. сўм миқдорида дебиторлик қарзлари ундириб берилган. Ушбу низолар Жиззах (488 та), Самарқанд (426 та), Бухоро (114 та) вилоятларида салмоқли даражада кўрилган. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида 45-55 тадан низолар кўрилган.

Масалан: "Булунғур" фермер хўжалиги Жиззах вилоят хўжалик судига даъво аризаси бериб, жавобгар "Зафаробод дон маҳсулотлари" ЖК ва РАТБ "Ғаллабанк" Жиззах вилоят минтақавий филиалидан топширилган 66,1 тонна ғалла учун 3814865 сўм асосий қарз, тўловни кечиктиргани учун 572230 сўм жарима, 152590 сўм пеня давлат божи ва суд харажатларини ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг 2001 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўла қаноатлантирилиб, "Булунғур" фермер хўжалиги фойдасига 3814865 сўм асосий қарз, 572230 сўм жарима, 15,2590 сўм пеня, давлат божи ва суд харажатлари ундирилган.

Иш ҳужжатларига қараганда, "Булунғур" фермер хўжалиги билан "Зафаробод дон маҳсулотлари" корхонаси ўртасида 2000 йил 14 декабрдаги 219-сон контрактация шартномаси тузилган, унга асосан фермер хўжалиги тайёрловчига 24 тонна ғалла топшириши, тайёрловчи ва "Ғаллабанк" белгиланган тартибда ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятларини олганлар.

Фермер хўжалиги 1053,5 минг сўм аванс олган бўлиб 2001 йилда 66,1 тонна ғалла топшириб, ортиқча топширилган 42 тонна ғалла учун 3814865 сўм ҳақини ўз вақтида ололмаган.

Контрактация шартномасининг 4.5 бандига кўра топширилган дон ва транспорт харажатлари учун 7 кун ичида хўжалик билан ҳисоб-китоб қилиниши лозим бўлса-да, дон маҳсулотлари корхонаси ва банк томонидан 4 ойга қадар тўлов амалга оширилмаган. Шартноманинг 4.6-бандида тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун тайёрловчи ва унинг "банки" хўжаликка тўлов суммасининг 15% миқдорида жарима, ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,4% миқдорида пеня (50% дан оширмаслик шарти билан) тўлаши кўзда тутилган.

Шуларга кўра, суд томонидан асосий қарз, жарима, пеняни тўғри ҳисоблаб, асосли равишда даъвогарнинг талаблари тўла қаноатлантирилган. Апелляция ва кассация инстанциялари суднинг ҳал қилув қарорига тўғри баҳо бериб, уни ўзгаришсиз қолдирганлар (1533-сон иш).

Яна бир мисол: Ургут туман "Янги ариқ" ширкат хўжалиги ва "Тамаки" хусусий савдо ишлаб чиқариш фирмаси ўртасида 2000 йил 4 декабрда 2-сон тузилган контрактация шартномасига мувофиқ хўжалик фирмага 380 тонна тамаки етказиб берган. Етказиб берилган маҳсулот учун жавобгар 10 миллион сўм тўлаб, қолган ҳақни тўлаб бермаган. 2001 йил 1 июл ҳолатига жавобгарнинг асосий қарзи 53714026 сўмни ташкил этган. Шунинг учун даъвогар 53714026 сўм асосий қарз, тўланмаган сумманинг тўлов муддати кечиктирилганлиги учун 9557104 сўм жарима, тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун жами 41 кунга 0,5% = 254856 сўм х 41 = 10449100 сўм, 2001 йил 1 июнидан 1 августгача 8057104 сўм жарима, 11172517 сўм пеня, жами 92949851 сўм ҳисоблаб, хўжалик судига мурожаат қилиб, уни ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, 53 714 026 сўм асосий қарз ва 5 405 402 сўм жарима ундирилган. Апелляция инстанция судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, жаримани ундириш қисми бекор қилинган.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда, жавобгар ҳақиқатдан ҳам етказиб берилган маҳсулот учун 53714026 сўм қарздор бўлган ва уни вақтида тўлаб бермаган.

Жавобгар шартноманинг 4.3 ва 6.1-бандлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 438 ва 202-сон қарорларига асосланиб етказиб берилган маҳсулот учун тўловни 6 кун ичида амалга ошириши лозим бўлган. Шу кечиктирилган кунлар учун 0,1% жарима белгиланган бўлса-да, жавобгар уни 2001 йил 18 апрелдан 2001 йил 30 майгача 41 кунга кечиктирганлиги учун 63714 х 41 = 2612275 сўм, 2001 йил 1 июлдан 2001 йил 1 августгача кечиктирилганлиги учун 53714026 х 0,1% = 53714 х 52 = 2793128 сўм, жами 5405402 сўм пеня ва асосий қарз 53714026 сўм, жами 59314428 сўм ҳисобланиб, вилоят хўжалик суди биринчи инстанцияси даъвони қисман шу миқдорда қаноатлантириб, тўғри ва асосли ҳал қилув қарори қабул қилган.

Апелляция судлов ҳайъати ўзининг қарори билан 5405402 сўм неустойкани ҳисобрақамлари жавобгарга маълум бўлмаган, деган важи билан рад этганлиги иш материаллари билан тасдиқланмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, кассация судлов ҳайъати "Янги ариқ" ширкат хўжалигининг кассация шикоятини қаноатлантириб, вилоят хўжалик судининг 1744/8-сон иш бўйича 2001 йил 26 ноябрдаги апелляция қарорини ўзгартириб, суднинг 2001 йил 5 октябрдаги ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирган.

Маҳсулотни ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бермаганликдан келиб чи??ан низолар бўйича қуйидаги хўжалик ишларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Даъвогар "Чиноздон" ОАЖ Тошкент вилоят хўжалик судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар "Юсупов М" фермер хўжалигидан 36 918 сўм жарима ундириб беришни сўраган. Иш ҳужжатларига кўра тарафлар ўртасида 154-сон контрактация шартномаси тузилиб, унга кўра фермер хўжалиги 28 тонна буғдой етиштириб бериши лозим бўлган. Лекин фермер хўжалиги фақат 24,344 тонна буғдой етиштириб берган, 3,656 тонна буғдой эса тайёрловчига топширилмаган. Шартноманинг 4.1-бандида белгиланишича, маҳсулотни шартномада кўрсатилган муддатларда топширишдан асоссиз бўйин товлаганлиги учун хўжалик топширилмаган буғдой ва дон қийматининг 2% миқдорида жарима тўлаши лозим бўлган. Суд иш ҳолатларидан келиб чиқиб, хўжалик контрактация шартномаси шартларини бажармаганлиги, 3,656 тонна буғдой кам топширганлиги ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топгани учун, асосли равишда даъвогарнинг талабларини қаноатлантирган.

Қуйидаги мисол ҳам мазкур тоифадаги хўжалик ишлари бўйича мисол сифатида хизмат қилади.

Даъвогар Ғиждувон туман "Барака" хусусий таъминот савдо ва ишлаб чиқариш корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар Ғиждувон туман де??он ва фермер хўжаликлари уюшмаси ҳисобидан етказиб берилмаган маҳсулот учун 34 509 сўм жарима ундиришни сўраган. Иш ҳужжатларидан кўринишича томонлар ўртасида тузилган конрактация шартномасига асосан жавобгар 470 тонна буғдой етказиб бериш мажбуриятини олган. Аммо, жавобгар шартнома шартларини тўлиқ бажармай, 7262 кг. кам буғдой етказиб берган. Даъвогар етказиб берилмаган буғдой учун маҳсулот қийматининг 25% миқдорида жарима ундиришни сўраган. Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига 34 509 сўм жарима ундирилган. Шартномада етказиб берувчи томонидан шартнома шартлари бузилган ҳолларда етказиб берилмаган маҳсулотнинг 25% миқдорида жарима солиниши кўрсатилган. Жавобгар томонидан 7 262 кг. кам буғдой етказиб берилганлиги иш материаллари билан тасдиқланганлиги учун, суд қарори асосли деб ҳисобланади.

Контрактация шартномаларидан келиб чи??ан хўжалик низоларини хўжалик судлари томонидан кўриб чиқиш амалиётини ўрганиш жараёнида шу ҳолат маълум бўлдики, хўжалик судлари томонидан мазкур тоифадаги ишларни кўришда айрим хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилмоқда.

Кассация инстанциясида кўрилган ишлар бўйича судлар томонидан асосан иш материаллари чуқур ўрганилмаганлиги, далилларга тўғри баҳо берилмаганлиги, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилмаганлиги туфайли ҳал қилув қарорлари ва апелляция инстанцияси қарорлари бекор қилиниб, ишлар янгидан кўриш учун юборилган ёхуд янги қарорлар қабул қилинган.

Масалан, Хатирчи туман "Мирзоҳид" фермер хўжалиги Навоий вилоят хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар Хатирчи туман "А.Навоий" номли ширкат хўжалигидан 6 184 391 сўм моддий зарар, 6 000 000 сўм бой берилган фойда ва 10 000 000 сўм маънавий зарарни ундириб беришни сўраган. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг талаблари рад этилган. Апелляция инстанция суди ишни даъвогарнинг апелляция шикояти асосида қайта кўриб чиқиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Иш ҳужжатларидан кўринишича фермер хўжалиги ва "Навоийдонмаҳсулотлари" ИЧАУ ўртасида контрактация шартномаси тузилган. "Мирзоҳид" фермер хўжалиги томонидан куз фаслида буғдой экилиб, ҳосил етиштирилган. Ўрим мавсумида "А.Навоий" номли ширкат хўжалиги раисининг кўрсатмаси билан етиштирилган буғдой ўрилиб, ширкат номидан Қизилтепа туман "Ункомбинати"га топширилган. Даъво жавобгар "А.Навоий" ширкат хўжалигига нисбатан келтирилган, аммо даъвогар у билан шартномавий муносабатларда бўлмаган. Контрактация шартномаси даъвогар билан "Навоийдонмаҳсулотлари" билан тузилган бўлса-да, у қўшимча жавобгар сифатида суд томонидан ишга жалб қилинмаган. Контрактация шартномасида етиштирилган буғдой "Навоийдонмаҳсулотлари"га топширилиши лозимлиги кўрсатилган бўлса-да, етиштирилган дон Қизилтепа "Ункомбинати"га топширилган. Ушбу ҳолатлар вилоят хўжалик судининг эътиборидан четда қолган ва ўрганилмаган. Етиштирилган ва топширилган буғдой учун тўловлар "А.Навоий" ширкат хўжалигида амалга оширилган ёки оширилмаганлиги ҳам суд томонидан аниқланмаган.

Навоий вилоят хўжалик суди томонидан иш чуқур ва ҳар томонлама ўрганилмаганлиги, суд хулосалари ишдаги мавжуд ҳужжатлар ва иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар аниқланмаганлиги, "Навоийдонмаҳсулотлари" ИЧАУ ишга жалб қилинганлиги учун кассация инстанцияси суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун шу суднинг биринчи босқичига юборган.

Даъвогар Жиззах вилоят Адлия бошқармаси "Мустақилликнинг 5 йиллиги" фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, Жиззах вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Пахтакор" пахта тозалаш корхонасидан 276070 сўм жарима ва 66257 сўм пеня, АТ "Пахтабанк" Жиззах вилоят бошқармасининг Ю.Фучик бўлимидан ҳам 276070 сўм жарима ва 66257 сўм пеня ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик суди ҳал қилув қарори билан даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилиб, "Пахтакор" пахта тозалаш корхонасидан ҳам, АТ "Пахтабанк" Жиззах вилоят бошқармаси Ю.Фучик бўлимидан ҳам 276070 сўм жарима ва 66257 сўм пеня ундирган.

Апелляция судлов ҳайъатининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Мазкур қарордан норози бўлиб АТ "Пахтабанк" Жиззах вилоят бошқармасининг Ю.Фучик бўлими Олий хўжалик судига кассация тартибида шикоят бериб, вилоят хўжалик суди апелляция инстанцияси қарорини бекор қилишни сўраган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Мустақилликнинг 5 йиллиги" фермер хўжалиги Пахтакор пахта тозалаш корхонаси билан 2000 йил 5 декабрда Давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етказиб бериш тўғрисида контрактация шартномасини тузган, шартномага асосан 50 тонна пахта хомашё етказиб беришларига қадар тўлаб бориши лозим бўлса-да, шартномавий мажбуриятини бажармаган.

Пахтакор пахта тозалаш корхонаси тўланиши лозим бўлган 1840465 сўм маблағни даъвогарга 7 кун ичида ўтказиб бериш ўрнига 8 кунга кечиктирган ҳолда тўлаган. Суд томонидан жавобгар тўловларни ўз вақтида амалга оширмаган деб ҳисоблаб ҳар бир кечиктирилган кунга 0,4 фоиздан тўланмаган сумманинг жами 50 фоизидан ошиб кетмаган миқдорида жарима ундирган.

Суд даъвони қаноатлантиришда жавобгар "Пахтабанк"нинг Ю.Фучик бўлими юридик шахс мақомига эга эмаслиги ҳолатига эътибор қаратмаган. Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасига биноан хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир. Вилоят суди ХПКнинг 38-моддасига асосан даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлган шахсни Ўзбекистон Республикаси АТ "Пахтабанк" жалб қилиш бўйича мажбуриятларини амалга оширмаган, шунингдек банкдан жарима ундирилишида унинг фермер хўжалиги пул маблағларининг ўз вақтида тўланмаслигида айби бор ёки йўқлиги аниқланмаган, яъни моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйган.

Кассация инстанция суди юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, суд томонидан қабул қилинган қарор етарли асосларсиз қабул қилинган деб ҳисоблаб уни бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш тўғрисида қарор чиқарди.

Хўжалик судлари томонидан кўриб ҳал қилинаётган ишларда келиб чиқаётган низоларнинг асосларидан яна бири - шартномаларда келишилганидан ортиқча топширилган маҳсулотлар учун қўшимча ҳақ тўлаш назарда тутилмаганлигидир.

Ушбу тоифадаги хўжалик ишларини кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, даъвони натура шаклида ундириш имконияти бўлмаганда, суд уни пул эквивалентида ундиришга ҳақлидир.

Жиззах вилояти Адлия бошқармаси вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Ғаллаорол дон қабул қилиш жамоа корхонаси ҳисобидан, шу тумандаги "Тўрт Баҳодир" фермер хўжалиги фойдасига шартномадан ошиқча топширилган 1903 кг. донни натура шаклида ундириб беришни сўраган.

Вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган. Давлат божи харажатлари фермер хўжалиги ҳисобидан ундирилган. Мазкур қарордан норози бўлиб Адлия бошқармаси апелляция шикояти бериб даъвони қаноатлантиришни сўраган. Вилоят прокуратураси ҳам апелляция тартибида протест келтириб, ҳал қилув қарорини фермер хўжалигидан давлат божи ундириш қисмини бекор қилишни сўраган.

Апелляция судлов ҳайъатининг қарори билан адлия бошқармасининг апелляция шикояти рад этилиб, прокуратура протести қисман қаноатлантирилган. Қарорнинг фермер хўжалиги ҳисобидан 32500 сўм давлат божини ва 2500 сўм суд харажатларини ундириш қисми бекор қилинган. Вилоят адлия бошқармаси мазкур қарордан норози бўлиб, Олий хўжалик судига кассация шикояти бериб вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ва судлов ҳайъатининг қарорини бекор қилишни, ишни янгидан кўриш учун юборишни сўраган.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда, тарафлар ўртасида тузилган давлат эҳтиёжлари учун дон харид қилиш бўйича контрактация шартномаси асосида "Тўрт Баҳодир" фермер хўжалиги шартнома мажбуриятини бажариб, 4700 кг. ғалла ўрнига 6603 кг. ғалла топширган. Аммо шартномада тарафнинг шартномадан ортиқча ғаллани топшириш ва унга ҳақ тўлаш тартиби назарда тутилмаган. Фермер хўжалиги бундай шартномани ёзма равишда тузишни талаб қилмасдан ортиқча 1903 кг. ғаллани топширган. Дон қабул қилиш жамоа корхонаси ҳам фермер хўжалигининг ортиқча ўзига тегишли бўлган ғалласини ҳеч бир асоссиз, унинг баҳосини тўлаш миқдори ва тартиби ҳақида шартнома тузмасдан қабул қилган.

Даъвогар даъво аризасида жавобгардан шартномадан ошиқча топширилган 1903 кг. ғаллани натура шаклида ундириб беришни сўраган. Суд томонидан ортиқча топширилган маҳсулотни натура шаклида ундириб беришнинг иложи йўқлиги сабабли, даъво талаблари рад этилган.

Бу ҳолатда вилоят хўжалик суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 14-моддаси қўлланилиши лозим бўлса-да, бу модда талаблари асоссиз қўлланилмаган. Ушбу моддага кўра даъвони натура шаклида ундириш имконияти бўлмаса, унинг пул эквивалентида суд томонидан ундирилиши белгиланган бўлиб, қонуннинг бу нормаси иш юзасидан қўлланилмасдан, даъво асоссиз равишда рад этилган. Топширилган ғалла давлат эҳтиёжлари учун қабул қилинган ва уни даъвогарга қайтариб бериш мумкин эмас. Шу сабабли ФКнинг 14 ва 324-моддалари талабларидан келиб чи??ан ҳолда суд даъвогар фойдасига шартномадан ортиқча топширилган ғалла қийматини ундириб бериши лозим эди.

Ишдаги ҳужжатларда ғалланинг бозор нархи Ғаллаорол тумани марказий де??он бозори очиқ акциядорлик жамияти томонидан берилган 281-сон маълумотномага кўра 1 кг. буғдой нархи 130 сўм бўлган. Кассация судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, янги қарор қабул қилиб, даъво талабларини қисман қаноатлантирган. Иккала тарафнинг ортиқча топшириладиган ғалла баҳосини белгиламасдан топширишдаги ҳаракатсизлигини инобатга олиб, ғаллани давдат белгилаган харид нархи 45 сўм билан бозор нархи 30 сўм ўртасидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда 85 сўмдан деб белгилаб, 45 сўмдан тўланган маблағни инобатга олган ҳолда қўшимча 80877-50 сўм ундирган. Ишни кўриш билан боғлиқ барча давлат божи ва суд харажатларини қоплаш вазифаси жавобгар зиммасига юклатилсин.

Вилоят хўжалик судлари, айрим корхоналарнинг мансабдор шахслари томонидан "контрактация шартномаси" шартларини онгли равишда бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолларини иш кўриш жараёнида аниқлаб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармонига асосан маъмурий, моддий ва интизомий жавобгарликка тортиш  ҳақида ҳал қилув қарорлари билан бирга, хусусий ажримлар ҳам қабул қилиш жойларига чоралар кўриш учун юборганлар.

Масалан: Хоразм вилояти хўжалик суди Адлия бошқармаси Хива туманида фаолият кўрсатаётган 6 та фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, 2001 йилда етказиб берилган пахта маҳсулоти учун Хива пахта тозалаш акциядорлик жамияти тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаган, фермерларнинг ҳақини ундириб бериш ҳақидаги даъво аризаларини қаноатлантириш билан бирга завод раҳбари Х.Юсуповнинг ҳаракатларига баҳо бериб, Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 176-моддасида кўрсатилган жавобгарлик аломатлари мавжуд деб топиб, унга энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида, яъни, 39450 сўм ундириш ҳақида моддий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди "Чимбой-мой" АЖнинг 3 та даъво аризасини қаноатлантириб, ҳал қилув қарорлари қабул қилиш билан бирга Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли жавобгар "Маржонтол", "Боршитау" ва ширкат хўжаликларнинг раҳбарларини интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида хусусий ажримлар қабул қилиб вазирликка чора кўриш учун юборган.

Тошкент вилоят хўжалик суди эса мансабдор шахсларга нисбатан 3 та маъмурий жарима ва 2 та моддий зарарни ундириш бўйича чоралар қўллаган.

Олий хўжалик судининг судлов ҳайъатлари томонидан қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш мақсадида кассация тартибида кўрилган барча ишларнинг 20%и, жумладан 2 маротаба "Ўздонмаҳсулот" ДАК раҳбарият эътиборини "Тошкент-гуруч" ОАЖ, "Сирдарёдонмаҳсулот", "Гулистон дон қабул қилиш", Республика акциядорлик-тижорат "Ғаллабанк" раҳбариятининг эътибори 8 та иш бўйича Жиззах вилоятининг жойлардаги банклари мансабдор шахслари томонидан содир этилган қонунбузарликларга қаратилган. Бу хусусий ажримлар жойларга ўз вақтида юборилган "Ўздонмаҳсулот" ДАК, Республика тижорат "Ғаллабанк" раҳбариятидан юқоридаги мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилганлиги ҳақида жавоблар олинган.

Суд амалиётининг таҳлили кўрсатганидек, юқорида баён этилган амалдаги қонунчиликка биноан де??он, фермер ва ширкат хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи якка тадбиркорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг бузилган манфаатларини тиклаш, етказилган моддий зарарни ундириш, мансабдор шахсларнинг ноқонуний қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиш шароити яратилган. Аммо, де??он ва фермерлар ўзларига берилган бундай ҳуқуқ ва имтиёзлардан етарли даражада фойдалана олмаяптилар, судларга камдан-кам ёрдам сўраб мурожаат этмоқдалар. Айрим тайёрловчи корхоналар раҳбарлари хўжаликнинг имкониятлари ва хусусиятларини ҳисобга олмай, юқори ташкилотлар томонидан тайёрланган намунавий контрактация шартномаларига эътиборсизлик билан қараб, кўпгина ҳолатларда улар бир томонлама асосан ширкат, де??он ва фермер хўжаликлари ва қишлок хўжалик маҳсулотларини етиштириб берувчи тадбиркорлар зарарига, аксарият ҳолларда эса монопол ташкилотлар фойдасини кўзлаб шартномалар тузишмоқда.

Контрактация шартномаси лойиҳалари монопол ташкилотлар томонидан тайёрланиб, асосан ўзларига фойдали бўлган талаб ва қоидаларни киритадилар. Де??онлар эса бу лойиҳаларга оддий "бланк"ларга қарагандек қараб, уни имзолаш билан чегараланиб қолмоқдалар. Шартнома лойиҳасини ўқиб, мағзини чақиш, ундаги таклифлар қандай оқибатларга олиб келиши, уларга ўз таклифларини билдириб, кейин имзолашга эришмаяптилар. Контрактация шартномалари де??онларнинг юқорида номлари зикр этилган қонунлар билан қўриқланадиган ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилувчи асосий восита эканлигини тушунсалар-да, унга амал қилмаётирлар.

Кассация инстанциясида ишларни кўриш мобайнида хўжалик судлари томонидан йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни бартараф этиш, қонунчиликнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида  қуйидаги тавсияларнинг берилиши лозим топилди:

- иш юритиш жараёнида процессуал ҳуқуқ нормалари талабларига риоя қилишлари, суд ҳужжатларининг мазмун жиҳатдан мантиқий ва сифатли бўлишини таъминлашлари, суд қарорларининг тузилиш тартибига эътибор қаратишлари лозим;

- хўжалик судлари ишларни мазмунан ҳал этишда ишда мавжуд бўлган ҳужжатларни таҳлил қилиб, аввало томонлар ўртасидаги асосий ҳужжат бўлган, талаб даражасида тузилган контрактация шартномаси мазмуни ва моҳиятидан келиб чи??ан ҳолда ишларни ҳал этишлари лозим;

- хўжалик судлари ишда мавжуд бўлган ҳужжатларни ҳар томонлама чуқур ўрганишлари ва қабул қилинаётган қарорларни асослантиришлари лозим;

- "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги қонуннинг 19-моддасига кўра фермер хўжалиги ўзи етиштирган ҳосилга мулкдордир. Шунинг учун тайёрловчига контрактация шартномасида кўрсатилгандан ортиқча маҳсулот топширилгани тасдиқланган бўлса, фермер хўжалигининг ушбу маҳсулот қийматини ундириш тўғрисидаги даъво талаблари асосли деб ҳисобланиши лозим;

- контрактация шартномалари билан боғлиқ бўлган низоларни кўриб чиқиш жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги Фармони ва ХПКнинг 152-моддаси асосида мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш лозим.

Олий хўжалик суди

3-судлов таркиби

Олий хўжалик суди

Суд амалиётини умумлаштириш бўлими