Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларни тенг лавозимларга ўтказиш (алмаштириш) тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.07.2003 й. 321-сон қарорига илова)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 21 июлдаги

321-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг

бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларини тенг

лавозимларга ўтказиш (алмаштириш) тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ҳудудий божхона бошқармаларининг бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларини - ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бўлинмалар бошлиқлари, божхона комплекслари, постлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош инспекторлар, катта инспекторлар ва инспекторларнинг тенг лавозимларга ўтказилиши (алмаштирилиши) тартиби ва шартларини белгилаб беради.

Божхона органларини кадрлар билан ўз вақтида ва сифатли тўлдириш, мавжуд кадрлар ресурсларидан тезкорлик билан моҳирона фойдаланиш, коррупциянинг, мансаб жиноятлари ва ноўрин хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш алмаштиришнинг мақсадлари ҳисобланади.


2. Кадрлар алмаштирилиши ваколатли шахслар томонидан уларнинг ваколатлари доирасида:

бир ҳудудий божхона бошқармасининг бир таркибий бўлинмасидан бошқа таркибий бўлинмасига ўтказиш;

бир ҳудудий божхона бошқармасидан бошқа ҳудудий божхона бошқармасига ўтказиш бўйича тегишли тадбирлар ўтказилиши йўли билан амалга оширилади.


3. Кадрлар алмаштирилишидан олдин:

номзодлар изланади;

номзодларнинг амалий ва шахсий фазилатлари ўрганиб чиқилади;

тегишли раҳбарлар томонидан белгиланган тартибга мувофиқ лавозимга тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши учун зарур бўлган ҳужжатлар расмийлаштирилади;

мазкур Низомда назарда тутилган ҳолларда мансабдор шахснинг розилиги олинади.


4. Кадрларни алмаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий божхона бошқармаларининг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда режали амалга оширилади.


5. Кадрларни алмаштириш учун:

а) ташкилий-штат тадбирлари ўтказилиши;

б) бўш лавозимларни тўлдириш зарурлиги;

в) мансабдор шахсларнинг хизматга доир ва шахсий фазилатларини ҳисобга олган ҳолда улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги;

г) мансабдор шахснинг янги мутахассислик бўйича тайёргарликдан ўтиши ёки ўқиши;

д) мансабдор шахс соғлиғининг ўзгариши;

е) мансабдор шахснинг муайян ёшга тўлиши;

ж) мансабдор шахснинг оилавий аҳволи асос бўлиши мумкин.


6. Кадрларни алмаштириш:

ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига, бўлинмалар бошлиқларига нисбатан - қоидага кўра, улар эгаллаб турган лавозимда уч-беш йил хизмат қилганларидан кейин, божхона комплекслари, постларнинг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига нисбатан - қоидага кўра, эгаллаб турган лавозимда бир-икки йил хизмат қилганларидан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида;

бош инспекторлар, катта инспекторлар ва инспекторларга нисбатан - қоидага кўра, эгаллаб турган лавозимда бир-икки йил хизмат қилганларидан кейин ҳудудий божхона бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари асосида амалга оширилади.

Кадрларни алмаштириш 5-банднинг "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган ҳолларда шунингдек:

а) хизмат суриштируви натижалари;

б) малака комиссиясининг қарори;

в) мансабдор шахсларнинг ўзларининг ташаббуси асосида ушбу бандда кўрсатилган муддат тамом бўлгунга қадар амалга оширилиши мумкин.

Юқори турувчи органларнинг номенклатурасига тегишли бўлган кадрлар алмаштирилиши белгиланган тартибда улар билан келишилади.


7. Агар битта ҳудудий божхона бошқармаси доирасида янги хизмат жойи бошқа ишга ўтказилган мансабдор шахснинг яшаш жойидан 100 километрдан ортиқ узоқликда бўлса, шунингдек битта ҳудудий божхона бошқармасидан бошқасига кадрлар алмаштирилишига алмаштирилаётган мансабдор шахснинг розилиги билан йўл қўйилади.


8. Айни бир ҳудудий божхона бошқармаси доирасида ўша жойдаги бошқа таркибий бўлинмага мансабдор шахснинг мутахассислиги ва малакасини ҳисобга олган ҳолда иш топшириш тарзидаги алмаштиришга, шунингдек мазкур Низом 5-бандининг "а", "б" ва "в" кичик бандларида назарда тутилган ҳолларда алмаштиришга мансабдор шахснинг розилиги талаб қилинмайди.


9. Мансабдор шахслар томонидан илгари бажариб келинган вазифалар хусусияти ўзгариши тақозо қилинадиган ҳудудий божхона бошқармаларининг таркибий бўлинмаларига ишга ўтказилаётган мансабдор шахслар учун улар ўтказилаётган таркибий бўлинмалар ихтисослиги бўйича тегишли назарий ва амалий тайёргарлик курси ташкил этилади. Мансабдор шахсларнинг лавозим мажбуриятларини мустақил ижро этишга улар ушбу таркибий бўлинмаларда стажировкадан ўтгандан кейин ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғи томонидан рухсат берилади.


10. Агар ҳудудий божхона бошқармаси ичида янги хизмат жойи бошқа ишга ўтказилган мансабдор шахснинг яшаш жойидан 100 километрдан ортиқ узоқликда бўлса, шунингдек бир ҳудудий божхона бошқармасидан бошқасига кадрларни алмаштиришда Давлат божхона қўмитаси белгиланган тартибда:

мансабдор шахс ва унинг оила аъзолари янги хизмат жойига кўчиб ўтиши билан боғлиқ харажатларни қоплайди;

амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа моддий тўловлар тўлайди.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

зарурат бўлганда алмаштириш тартибида бошқа ишга ўтаётган ходимларни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона органларини ривожлантириш, моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобига оила билан бирга яшаш имконини берувчи қулайликлари бўлган хизмат квартираси билан таъминлайди;

мансабдор шахснинг оила аъзоларини ишга жойлаштиришда, уларнинг болаларини ўқув юртлари ва мактабгача муассасаларга жойлаштиришда ёрдам кўрсатади.


12. Божхона органларининг бошқа таркибий бўлинмада хизматни ўташ учун алмаштириш тартибида бошқа ишга ўтказилган мансабдор шахсларига мазкур таркибий бўлинмада мавжуд бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш нормаси, моддий-маиший таъминот, ижтимоий муҳофаза ва имтиёзлар жорий этилади.


13. Мансабдор шахс янги хизмат жойида бўлиш муддати тамом бўлгандан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимида янги хизмат жойига ўтиш масаласи бўйича белгиланган тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.



"Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами", 2003 й, 14-сон, 117-модда