Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 03.04.2013 й. 18-1206/39638-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

03.04.2013 й.

N 18-1206/39638


(КЎЧИРМА)




Даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан ўз қўли билан имзоланган бўлиши лозим. Бунда имзонинг механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилишига, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ "Ҳамкорбанк" Қарши филиали манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Оқтош Файз Барака" МЧЖ ва унинг гаровга қўйилган мол-мулкидан 27000000 сўм кредит қарзи, 1997260 сўм кредит фоизини ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация протестида даъвогар даъво аризасини имзолашда механик усулдаги факсимил имзодан фойдаланилганлиги, судлар томонидан ушбу процессуал қонунбузилишга ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги билдирилиб, суд қарорларини бекор қилиш ва даъво аризасини кўрмасдан қолдириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация протестида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация протестини қаноатлантиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси ОАТБ "Ҳамкорбанк" Қарши филиали манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Оқтош Файз Барака" МЧЖ ва унинг гаровга қўйилган мол-мулкидан 27000000 сўм кредит қарзи, 1997260 сўм кредит фоизини ундиришни сўраган.

Бироқ, даъво аризасини Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўз қўли билан имзоламаган, балки имзони қўйишда механик усулдаги факсимил имзодан фойдаланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2007 йил 15 июндаги 162-сонли қарорининг 22-бандига кўра, ХПКнинг 112-моддасига мувофиқ хўжалик судига тақдим этилаётган даъво аризаси даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Ўзининг бузилган ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб судга мурожаат этаётган шахс даъвогар ҳисобланади. ХПК 112-моддасининг биринчи қисми мазмунига кўра, даъво аризаси даъвогарнинг раҳбари ёки унинг вакили томонидан ўз қўли билан имзоланган бўлиши лозим. Бунда имзонинг механик ёки бошқа нусха кўчириш воситалари орқали амалга оширилишига, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, йўл қўйилмайди.

ХПК 88-моддаси биринчи қисмининг 3-бандида даъво аризаси имзоланмаган ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса, хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдириши белгиланган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъво ариза кўрмасдан қолдирилиши лозим бўлса-да, хўжалик иши мазмунан кўриб чиқилган.

Апелляция инстанцияси суди эса ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириб, хатога йўл қўйган.

ХПК 187-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига биноан кассация инстанцияси хўжалик суди ишни кўргандан кейин биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ва (ёки) апелляция инстанциясининг қарорини тўла ёки қисман бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш ёхуд даъвони тўла ёки қисман кўрмасдан қолдиришга ҳақли.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг 2012 йил 23 августдаги ҳал қилув қарорини ва апелляция инстанцияси судининг 2012 йил 21 ноябрдаги қарорини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2015 й., 10-сон