Ўзбекистон Республикаси Президентининг 04.05.2017 й. ПФ-5033-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
04.05.2017 й.
N ПФ-5033
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ АЙРИМ ФАРМОНЛАРИГА
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида" 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармонига мувофиқ ва туризм соҳасида бизнесни юритиш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг иловага мувофиқ айрим фармонларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу Фармонга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2017 йил 4 майдаги
ПФ-5033-сонли Фармонига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
айрим фармонларига киритилаётган
ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 11 апрелдаги ПФ-3594-сон Фармонида:
а) 1-банддаги "маҳсулотларни ишлаб чиқаришга" сўзидан кейин "(хизматлар кўрсатишга)" сўзлари қўшилсин;
б) иловага қуйидаги мазмундаги 21-банд қўшилсин:
"21. Туризм (имтиёзлар 2017 йил 1 июндан бошлаб қўлланилади):
меҳмонхона хизматлари;
туристик хизматлар."
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сон Фармонининг 12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"12. Юридик шахслар:
белгиланган тартибда сертификатланган камида 4 юлдузли даражадаги меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширилган санасидан бошлаб улар юридик шахсларнинг фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, шунингдек юридик шахсларнинг ягона солиқ тўлови;
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, меҳмонхона ва мотеллар қуриш ва қайта таъмирлаш учун олиб келинадиган асбоб-ускуналар, техникалар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материаллар учун божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан 5 йил муддатга озод қилинсин.
Белгилаб қўйилсинки, туризм фаолияти субъектлари томонидан туристларни ташиш учун мўлжалланган, сиғими 9 кишидан ортиқ бўлган янги автотранспорт воситалари сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғим транспорт воситалари сотиб олиш қийматининг 3 фоизи миқдорида ундирилади.".
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 15 май, 19-сон, 332-модда