Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.05.2017 й. 310-сон "Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
23.05.2017 й.
N 310
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ЭКОЛОГИЯ ВА АТРОФ-МУҲИТНИ МУҲОФАЗА
ҚИЛИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-5024-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ-2915-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси бир ой муддатда қуйидагиларни таъминласин:
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосарлари ўртасида функционал вазифаларни тақсимлаш;
марказий аппарат ва Қўмитага мансуб ташкилотларнинг Қўмитага юкланган асосий вазифалар ва функцияларни юқори профессионал даражада бажара оладиган, зарур назарий билим ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш;
марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари низомларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимига кирувчи ташкилотлар ва бўлинмаларнинг устав ва тузилмаларини тасдиқлаш.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Қўчқоров зиммасига ва Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 29 май, 21-сон, 397-модда
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",
2017 йил, 5-сон, 80-модда