Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2017 й. 479-сон "Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
10.07.2017 й.
N 479
ТОШКЕНТ ДАВЛАТ АГРАР УНИВЕРСИТЕТИ
ТЕРМИЗ ФИЛИАЛИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда минтақада қишлоқ хўжалиги бўйича таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, соҳани модернизация қилиш ва диверсификациялаш, илғор ва интенсив агротехнологияларни жорий қилишда малакали мутахассис кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон қарорига мувофиқ Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
минтақанинг тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш, уларнинг касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш, илғор, интенсив агротехнологияларни жорий қилиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилашда замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрларни тайёрлаш;
тайёрланаётган мутахассис кадрларга меҳнат бозорининг эҳтиёжига мувофиқ тарзда сифатли билим бериш;
битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича буюртмаларни шакллантириб бориш;
профессор-ўқитувчилар таркибининг касбий билимини, маҳоратини ва илмий салоҳиятини доимий равишда ошириш;
таълим-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини амалиётга жорий этиш орқали ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма инновацион ишланмалар ва амалий тадқиқотларни олиб бориш, натижаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш.
3. Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига ҳар йилги талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларида ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгилансин.
Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг ўқув-методик таъминотини ташкил этиш ҳамда моддий-техника базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари дастури 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин. (ЎзР ВМ 12.12.2019 й. 988-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирига зарур ҳолларда Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2017 йил 1 сентябргача:
Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалини танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалида ўқув-методик жараёнининг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув адабиётлари, замонавий ўқув лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин.
6. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Термиз туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежини тугатиш ва унинг Термиз тумани, Янгиобод қишлоқ фуқаролар йиғини, Лимонзор қишлоғи ҳудудида жойлашган бинолари ва иншоотларини тегишли ҳудуди ҳамда ўқув ва ётоқхона мебеллари билан Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази мазкур қарорнинг 6-бандида кўрсатилган бино ва иншоотларни тегишли ҳудуди билан бирга ҳамда ўқув ва ётоқхона мебелларини белгиланган тартибда топширсин, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қабул қилиб олсин ҳамда улардан самарали фойдаланилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2019 йил ва кейинги йиллар параметрларини шакллантиришда Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали объектларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
9. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси билан биргаликда ўқув-ишлаб чиқариш амалиётларини, дала тажрибалари ва илмий тадқиқотларини ўтказиш мақсадида филиалнинг ўқув-тажриба хўжалигини ташкил этиш учун 50 гектар суғориладиган ер майдонини ажратилишини;
Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалига республиканинг бошқа ҳудудларидан ишга таклиф этилган мутахассисларни турар жой билан таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ва Термиз туманида қурилаётган арзон уй-жойлардан имтиёзли шартлар асосида эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ажратилишини таъминласин.
10. Белгилаб қўйилсинки, Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалини сақлаш харажатлари 2017 йилда "Таълим" соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2018 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади.
11. Қуйидагилар Тошкент давлат аграр университети Термиз филиалининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази 2017 йил 1 сентябргача Термиз туризм ва меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиларининг уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда, тегишли йўналиш (касб)лар бўйича яшаш жойига яқин бўлган касб-ҳунар коллежларига белгиланган тартибда жойлаштирилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2017 йил 10 июлдаги
479-сон қарорига
2-ИЛОВА
Тошкент давлат аграр университети
Термиз филиалининг ўқув-методик таъминотини
ташкил этиш ҳамда моддий-техника базасини
шакллантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари
ДАСТУРИ
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 17 июль, 28-сон, 656-модда