Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2017 й. 632-сон "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
15.08.2017 й.
N 632
ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ
МУАССАСАСИНИНГ ДИРЕКТОР ЖАМҒАРМАСИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ҚЎШИМЧАЛАР
КИРИТИШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида" 2017 йил 5 июлдаги ПФ-5106-сон Фармонида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 1 августдаги 165-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2008 й., 31-32-сон, 303-модда) билан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори М.М. Холмухамедов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2017 йил 15 августдаги
632-сон қарорига
ИЛОВА
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг
директор жамғармаси тўғрисидаги низомга
киритилаётган қўшимчалар
1. Қуйидаги мазмундаги 20-1-банд билан тўлдирилсин:
"20-1. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида "Ёшлар етакчиси" вазифаси юкланган ўқитувчига (ходимга) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий маълумотли ўқитувчи базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади".
2. 21-банддаги "ишлаб чиқариш таълими усталарининг" сўзларидан кейин "ҳамда "Ёшлар етакчиси" вазифаси юкланган ўқитувчининг (ходимнинг)" сўзлари қўшилсин.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2017 йил 21 август, 33-сон, 861-модда