Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 19.07.2017 й. 18-1505/24998-сон Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИНИНГ

ҚАРОРИ

19.07.2017 й.

N 18-1505/24988


(КЎЧИРМА)



Агар даъво суд томонидан кўрмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади


Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда даъвогар деб юритилади) хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, якка тартибдаги тадбиркор Р.Т.нинг (бундан буён матнда жавобгар деб юритилади) бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан 5 653 330, 05 сўм солиқ қарзи бўйича ундирувни унинг мол-мулкига қаратишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво муддати ўтганлиги тўғрисидаги асос билан даъво рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилинган. Даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилинган. Жавобгарнинг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан 5 653 330, 05 сўм солиқ қарзи бўйича ундирув унинг мол-мулкига қаратилган.

Кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилиш учун биринчи инстанция судида даъво муддати нотўғри қўлланганлиги, солиқ қарзи бўйича даъво муддатининг ўтиши 2014 йил 23 декабрдан узилганлиги сабабли даъво муддати ўтмаганлиги, жавобгарнинг солиқ қарздорлиги ўз тасдиғини топганлиги асос қилинган.

Протестда кассация инстанцияси суди томонидан ҳал қилув қарорининг қонунийлигини текширишда иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмагани, ишга оид далиллар тўлиқ текширилмагани ва уларга баҳо берилмагани, жумладан жавобгар якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномасини 2007 йил 17 сентябрда олганлиги, гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2010 йил 30 июнга қадар белгиланганлиги, ишда жавобгарнинг тадбиркорлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги ёки янги гувоҳнома олинганлиги тўғрисида маълумот мавжуд эмаслиги, даъвогар томонидан қонунда белгиланган беш йиллик даъво муддати ўтказиб судга даъво аризаси билан мурожаат қилинганлиги, биринчи инстанция судида жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза берганлигига кассация инстанцияси суди ҳуқуқий баҳо бермаганлиги тўғрисида важлар келтирилиб, қарорни бекор қилиб, ҳал қилув қарорини кучида қолдириш масаласи қўйилган.

Судлов ҳайъати протест важларини иш ҳужжатлари асосида муҳрлама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни лозим топади.

Кассация инстанцияси суди томонидан ишни кўришда иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатлар тўлиқ, аниқланмасдан, арз қилинган талабни қаноатлантириш ҳақида нотўғри ҳулосага келинган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, жавобгар якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномасини 2007 йил 17 сентябрда олган. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати 2010 йил 30 июнга қадар белгиланган. Ишда жавобгарнинг тадбиркорлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги ёки янги гувоҳнома олинганлиги тўғрисида маълумот мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 375-моддасининг олтинчи қисмига кўра, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолият тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланади.

Солиқ кодекси 38-моддасининг биринчи қисмида давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги белгиланган.

Даъвогарнинг жавобгарга нисбатан 2014 йил 23 декабрда киритган даъвоси бўйича Кашқадарё вилоят хўжалик судининг 2014 йил 4 июндаги ажрими билан даъво кўрмасдан қолдирилган.

Кассация инстанцияси суди даъвогар томонидан 2014 йил 23 декабрда судга киритилган даъво кўрмасдан қолдирилганлиги сабабли даъво муддатининг ўтиши узилганлиги ҳақида нотўғри ҳулоса қилган.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (бундан буён матнда ФК деб юритилади) 158-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар даъво суд томонидан кўрмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан фуқаролик қонун ҳужжатларининг даъво муддатига оид нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2015 йил 19 июндаги 282-сонли қарорининг 15-бандида ФК 158-моддаси биринчи қисмининг мазмунига кўра Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) 88-моддасига асосан даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, даъво қўзғатилгунга қадар ўта бошлаган даъво муддати умумий тартибда давом этиши, ФКда даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган, яъни ХПКнинг 88-моддасида кўрсатилган бирорта ҳолатда, хатто даъво ХПК талабларига риоя этилган ҳолда берилган бўлса ҳам (ХПК 88-моддасининг 6-9-бандлари), даъво муддати узилиши назарда тутилмаганлиги, шу муносабат билан судларга даъво қилмасдан қолдирилганда ФКнинг 157-моддаси қоидалари қўлланилмаслиги, яъни кўрмасдан қолдирилган даъво аризаси бўйича даъво муддатининг ўтиши у берилган пайтдан узилмаслиги ҳақида тушунтириш берилган.

Иш ҳужжатларида даъвогар томонидан судга даъво аризаси берилган кун, яъни 2015 йил 2 ноябрга қадар бўлган давр мобайнида солиқ қарзининг тан олганлигини тасдиқловчи ҳаракатлар қилинганлигини асословчи далиллар, солиқ қарзини ундириш тўғрисида суд қарорлари мавжуд эмас.

Кассация инстанцияси суди қабул қилган қарорини ФКнинг 158-моддаси билан асослаган бўлса-да, даъвони қаноатлантириб, ўз фикрига қарама-қарши қарор қабул қилган.

Солиқ кодекси 38-моддасининг учинчи қисмига кўра, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва тикланади.

ФКнинг 153-моддасига кўра, даъво муддати суд томонидан низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофик, қўлланилади. Қўлланиш тўғрисида низодаги тараф баён қилган даъво муддатининг ўтиши суднинг даъвони рад этиш ҳақида қарор чиқариши учун асос бўлади.

Ишни биринчи инстанция судида кўриш жараёнида жавобгар томонидан даъво муддатини қўллаш тўғрисида ариза тақдим қилинган.

Бундан кўринадики, даъвогар томонидан қонунда белгиланган беш йиллик даъво муддати ўтказиб юборилиб, сўнгра судга даъво аризаси билан мурожаат қилинганлигига кассация инстанцияси судида тўлиқ, ҳуқуқий баҳо берилмаган. Вахоланки, жавобгарнинг солиқ қарздорлиги тадбиркорлик гувоҳномасининг муддати тугаган 2010 йил 30 июнь ҳолатига юзага келганлиги, жавобгар тадбиркорлик гувоҳномаси амал қилган даврда умуман фаолият юритмаганлиги ҳолатлари давлат солиқ инспекциясининг маълумотномаси билан тасдикланади.

Бундан ташқари, даъво аризада жавобгарнинг солиқ қарзини мол-мулкига қаратиш сўралган бўлса-да, даъво аризасига жавобгарнинг солиқ қарзи борлиги тўғрисида солиқ тўловчининг мавжуд шахсий карточкасидан кўчирма, солиқ қарздорлигининг ҳисоб-китоби, яъни солиқ қарзининг мавжудлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра, суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ХПКнинг 169, 188 ва 200-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин.

ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Судлов ҳайъати кассация инстанцияси суди томонидан моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги, суд қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофик, келмаслиги сабабли, кассация инстанцияси суди қарорини бекор қилишни, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини кучда қолдиришни лозим топади.