Шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришга Мадад жамғармаси ва ундан фойдаланиш мақоми тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.04.1991 й. 107-сон қарори билан тасдиқланган)
Вазирлар Маҳкамасининг
1991 йил 19 апрелдаги
ТАСДИҚЛАНГАН
Шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришга
мадад жамғармаси ва ундан фойдаланиш
мақоми тўғрисида
НИЗОМ
Ўзбекистон ССЖ Президентининг Фармонига мувофиқ Шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгалари уюшмасига шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришга ёрдам бериш жамғармасини ташкил этиш учун ажратилган 1 миллиард сўм пул қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:
I. УЮШМАЛАРНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ВА МУСТАҲКАМЛАШГА ҲАМДА
ШАХСИЙ ЁРДАМЧИ ХЎЖАЛИКЛАРГА
ХИЗМАТ КЎРСАТИШГА
Ажратилган маблағлардан моддий-техника ресурсларини сотиб олишда, шахсий ёрдамчи хўжаликлар етиштираётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи кичик корхоналарни, бинокорлик материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналарни, шахсий ёрдамчи хўжаликлар маҳсулотини сотишда фойдаланиладиган омборхоналар, бошқа объектлар (магазинлар ва дўконлар)ни лойиҳалаш ва қуришда, деҳқон хўжаликларига агротехника ва зооветеринария хизматини ташкил этишда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хом ашёсини қайта ишловчи, маҳсулотлар учун идишбоп материалларни ва бошқаларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар қуришда ва ташкил этишда фойдаланилади.
II. КОРХОНАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ЎЗ
ОБОРОТ МАБЛАҒЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА
Уюшма қайта ишловчи корхоналар, маҳсулот билан таъминлаш-сотиш, тайёрлов, савдо, автотранспорт, қурилиш ва бошқа ташкилотларнинг ишлаши учун зарур бўлган энг кам ишлаб чиқариш ресурслари ва хом ашёларни ғамлаб қўйиш мақсадида уларга ўз оборот маблағларини ташкил этиш имконини беради.
III. ШАХСИЙ ЁРДАМЧИ ХЎЖАЛИКЛАР ЭГАЛАРИГА
ИМТИЁЗЛИ ШАРТЛАРДА ҚАРЗ БЕРИШГА
Қарзлар оиланинг иқтисодий аҳволи, оилада меҳнатга лаёқатли аъзоларнинг сони, ер участкасининг ҳажми, ем-хашак ва бошқа моддий-техника воситалари билан таъминланганлиги, шунингдек, хўжаликнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда берилади.
Қарз шартномаси тузилади ва унда аниқ бир шахснинг белгиланган тартибдаги кафиллиги, халқ депутатлари қишлоқ (овул), посёлка Советининг кафолати ва қарз олувчининг қарзни қайтариш, фоизларни тўлаш бўйича мажбурияти, объектни қуриш муддатлари ҳамда ишлаб чиқариш ва даромад олиш ҳажмларини ҳисобга олган қолда қарздан фойдаланиш, Ўзбекистон ССЖ қонунларига мувофиқ бойликларни гаровга қўйиш бўйича мажбурияти назарда тутилади.
Қисқа муддатли қарзлар тупроқнинг унумдорлигини ошириш, ерларни режалаштириш, суғориш учун сув етказиб бериш бўйича жорий ишлаб чиқариш харажатларини амалга ошириш, уруғлик, кўчатлар, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, ёнилғи-мойлаш, идишбоп материалларни, ем-хашак ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун, бошқа ресурслар сотиб олиш учун 12 ойгача бўлган муддатга берилади.
Ўзоқ муддатли қарз имтиёзли шартларда ссуда олингандан кейинги иккинчи йилдан бошлаб қарзни уза бошлаш шарти билан мол ва парранда харид қилиш ҳамда асалари оиласи сотиб олиш учун 3 йилгача муддатга; ссуда олингандан кейин тўртинчи йилдан бошлаб қарзни уза бошлаш шарти билан ишлаб чиқариш объектлари қуриш, кенгайтириш ва қайта қуриш, асосий фондларни ташкил этиш (сотиб олиш) ва ремонт қилиш учун 10 йилгача муддатга; ссуда олингандан кейин учинчи йилдан бошлаб қарзни уза бошлаш шарти билан қишлок хўжалиги техникаси, транспорт воситалари ва ускуналари сотиб олиш учун 7 йилгача муддатга берилади.
Бериладиган ссуда шахсий ёрдамчи хўжалик эгасининг банкда очиладиган ҳисоб-китоб счётига ўтказилади. Товар-материал бойликлар сотиб олиш ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ҳисоб-китоб чеклари билан амалга оширилади.
Шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгаларининг ҳисоб-китоб счётларидаги пул қолдиқлари бўйича шартнома асосида фоизлар қўшилади. Фоизлар қўшиш ҳар кварталда амалга оширилади.
IV. ЎЗБЕКИСТОН ЖУМҲУРИЯТ ТИЖОРАТ-
АКЦИОНЕРЛИК ДЕҲҚОНЧИЛИК-САНОАТ
БАНКИНИ ТАЪСИС ЭТИШГА
Уюшма маблағлардан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон жумҳурият тижорат-акционерлик деҳқончилик-саноат банкининг таъсисчиси бўлади, тижорат асосида унинг депозит счётларига вақтинча бўш маблағларни қўяди.
Хўжалик фаолияти жараёнида уюшмада хўжалик ҳисобидаги даромад ташкил этилади, ундан:
фуқароларнинг шахсий ёрдамчи хўжаликларини янада ривожлантириш;
шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгаларига моддий ёрдам кўрсатиш;
шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар, ватанимиз ва чет эл тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш;
якка тартибдаги уй-жойларнинг, шахсий ёрдамчи хўжаликларнинг энг яхши ҳолати ва самарали юритилиши, якка тартибдаги уй-жойларнинг энг яхши лоййҳалари бўйича танловлар ташкил қилиш, тарғибот;
шартнома асосида назорат ва бошқа функцияларни бажарганлнк учун Ўзбекистон деҳқончилик-саноат банкига ва бошқа ташкилотларга комиссион мукофотлар бериш учун фойдаланилади.
Уюшмага ҳамда унинг вилоятлар, ноҳиялар, қишлоқлар, овуллар ва посёлкалардаги бўлинмаларига ажратиладиган мадад жамғармаси маблағларидан маъмурий-бошқарув ходимларига ҳақ тўлаш, ускуналар, шунингдек, бошқарув фаолияти билан боғлиқ харажатлар учун фойдаланиш тақиқланади.
Юклатилган функцияларни амалга ошириш учун қишлоқ (овул), посёлка, ноҳия (шаҳар), Қорақалпоғистон жумҳурият ва вилоят уюшмалари ташкил этилади.
Қишлоқ (овул) ва посёлка уюшмалари:
шахсий ёрдамчи хўжаликларнинг моддий-техника ресурсларига, қисқа муддатли ва узоқ муддатли қарзларга бўлган эҳтиёжларини аниқлайдилар;
кўрсатиб ўтилган материалларни ўз хулосалари билан ноҳия (шаҳар) уюшмасига тақдим этадилар;
қарз олиш учун шартномани расмийлаштиришда шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгаларига ёрдам кўрсатадилар, шунингдек, ссуданинг ўз вақтида қайтарилиши учун жавоб берадилар.
Ноҳия (шаҳар) уюшмалари олинган материални умумлаштириб:
Қорақалпоғистон жумҳурият, вилоят уюшмаларига қарзлар ва моддий-техника ресурслари ажратиш тўғрисида буюртма берадилар, уларни сотиб олиш учун зарур бўлган маблағларга эҳтиёжни аниқлайдилар;
корхоналар ва ташкилотларнинг ўз оборот маблағларига эҳтиёжининг тақдим этилган ҳисоб-китобларини текширадилар;
шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгаларининг олинган қарзларни ўз вақтида қайтаришларини назорат қиладалар;
смета қиймати 100 минг сўмгача бўлган объектларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича техникавий ҳужжатларни кўриб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Қорақалпоғистон МССЖ уюшмаси ва вилоят уюшмалари:
моддий-техника ресурслари ва қарз олишга бўлган эҳтиёж ҳақида ноҳия (шаҳар) уюшмаларидан олинган материалларни (талабномаларни) кўриб чиқадилар ва умумлаштирадилар ҳамда уларни жумҳурият уюшмасига тақдим этадилар;
ноҳия (шаҳар) уюшмаларининг ҳисоб-китобларини текширадилар ва Қорақалпоғистон МССЖ (вилоятлар) бўйича жумҳурият уюшмасига юбориладиган ўз оборот маблағларига бўлган умумий эқтиёжни аниқлайдилар;
смета қиймати 500 минг сўмгача бўлган объектларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича техникавий ҳужжатларни кўриб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгаларининг жумҳурият уюшмаси:
Қорақалпоғистон жумҳурият ва вилоятлар уюшмаларининг моддий-техника ресурслари, қисқа муддатли ва узоқ муддатли қарзлар олиш, ишлаб чиқариш-техника йўналишидаги объектларни лойиҳалаш ва қуриш учун берилган талабномаларини кўриб чиқади ва умумлаштиради;
қанча хўжалик борлиги ва уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришга ёрдам бериш жамғармаси маблағларини фойдаланиш йўналишлари ва вилоятлар бўйича тақсимлайди ва зарурият бўлганда қайта тақсимлайди;
смета қиймати 500 минг сўмдан ортиқ бўлган объектларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича техникавий ҳужжатларни тасдиқлайди.
Шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришга ёрдам бериш жамғармаси маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилиш Ўзбекистон деққон-чиликсаноат банки зиммасига юклатилади.
Ушбу Низом шартларига риоя этилишини назорат қилиш ЎзССЖ Шахсий ёрдамчи хўжаликлар эгалари уюшмаси зиммасига юклатилади.