Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.07.2018 й. 596-сон "Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига харид қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
30.07.2018 й.
N 596
ИЖТИМОИЙ АҲАМИЯТГА ЭГА ОЗИҚ-ОВҚАТ
МАҲСУЛОТЛАРИНИ ИЧКИ ИСТЕЪМОЛ БОЗОРИДА
НАРХ-НАВОНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШГА КЎМАКЛАШИШ
ЖАМҒАРМАСИ МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИГА ХАРИД
ҚИЛИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ
ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон Фармонини ижро этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига харид қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. "Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖ Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор билан биргаликда икки ой муддатда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига импорт қилишни ташкил этиш мақсадида давлат харидларининг махсус ахборот портали ишга туширилишини таъминласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлов ташкилотлари томонидан Ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий турларига нарх-навони мониторинг ва назорат қилиш республика комиссияси белгилайдиган ҳажмларда Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига рақобат асосида харид қилинишини ташкил этиш учун ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотларига жаҳон бозоридаги нархлар конъюнктурасининг доимий мониторингини олиб борсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2018 йил 1 август
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2018 йил 6 август, 31-сон, 646-модда