Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.04.2004 й. 182-сон "Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
14.04.2004 й.
N 182
МУДДАТИ ЎТКАЗИБ ЮБОРИЛГАН
ДЕБИТОРЛИК ВА КРЕДИТОРЛИК ҚАРЗЛАРНИ
ҚИСҚАРТИРИШ ВА БЮДЖЕТГА ТЎЛОВЛАР
ИНТИЗОМИНИ МУСТАҲКАМЛАШ БЎЙИЧА
РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси ишларини ташкил этишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича минтақавий комиссиялар ташкил этилсин.
3. Белгилаб қўйилсинки:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари минтақавий комиссияларнинг раислари ҳисобланади;
минтақавий комиссиялар таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси томонидан тасдиқланади.
4. Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси:
бир ой муддатда Муддатида тўланмаган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уларни бўлиб-бўлиб тўлаш, пеня ҳисоблашни тўхтатиш, шунингдек солиқлар ҳамда бюджетга ва давлат мақсадли фондларига тўловлар бўйича пеняни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги Низомга мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартиришларни белгиланган тартибда киритсин;
муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича минтақавий комиссия тўғрисидаги низомни икки ҳафта муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И.Каримов
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2004 йил, 15-сон, 178-модда.
"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами",
2004 й., N 4, 36-модда.