Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.04.2019 й. 342-сон "Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
20.04.2019 й.
N 342
ЖАМИЯТДА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ
ЮКСАЛТИРИШ БЎЙИЧА ТАДБИРЛАРНИ
МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ ВА БАҲОЛАШ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ
ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида" 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни таҳлил қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни тизимли равишда мониторинг қилиб борсин, бунда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича олиб борилган ишларни ўрганиб, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрланишини таъминласин;
жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирлар ташкил қилинишида давлат органлари ва ташкилотларга доимий равишда амалий ёрдам бериб борсин;
жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолаш натижалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ҳар олти ойда таҳлилий ахборот киритиб борсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 22 апрель