Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.06.2019 й. 473-сон "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига олий таълим муассасаларининг таълим бериш жараёнига ноёб истеъдодли ва маҳоратли мутахассисларни жалб этишга доир ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
08.06.2019 й.
N 473
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҲУКУМАТИНИНГ АЙРИМ ҚАРОРЛАРИГА
ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ ТАЪЛИМ
БЕРИШ ЖАРАЁНИГА НОЁБ ИСТЕЪДОДЛИ
ВА МАҲОРАТЛИ МУТАХАССИСЛАРНИ
ЖАЛБ ЭТИШГА ДОИР ЎЗГАРТИРИШ ВА
ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Олий таълим муассасаларининг таълим бериш жараёнига ноёб истеъдодли ва маҳоратли мутахассисларни кенг жалб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Ўзбекистон Бадиий академияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2019 йил 8 июндаги
473-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
айрим қарорларига киритилаётган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 10 февралдаги 20-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларига педагог ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда:
қуйидаги мазмундаги 8-1-банд қўшилсин:
"8-1. Профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи (ассистент), ўқитувчи-стажёр лавозимини эгаллаш учун танловда тасвирий ва амалий санъат соҳасида олий маълумотга эга бўлмаган, бироқ ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳорати билан танилиб, халқ эътирофига сазовор бўлган "Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби", "Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми", "Ўзбекистон Республикаси халқ устаси" фахрий унвонларига эга бўлган шахслар ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари истисно тариқасида қатнашишлари мумкин".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 10 июнь