Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.07.2019 й. 553-сон "Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
03.07.2019 й.
N 553
ИЖТИМОИЙ-МЕҲНАТ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА
УЧ ТОМОНЛАМА КОМИССИЯЛАР ТЎҒРИСИДА
"Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат бошқаруви органлари, иш берувчилар касаба уюшмалари ва бирлашмалари ўртасида ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга ошириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича самарали ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.
2. Қуйидагилар Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) асосий вазифалари этиб белгилансин:
ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини, иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишга, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий сиёсат амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш ва позицияларини келишиш;
позициялар, ҳуқуқлар ва манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш асосида амалий ҳамкорликни таъминлаш;
бош битим тузиш ва унинг ижросини назорат қилиш орқали ижтимоий-меҳнат муносабатларини жамоа-шартнома асосида тартибга солишга кўмаклашиш;
халқаро тажрибани ўрганиш, ижтимоий шериклик ва ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида тегишли хорижий ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш, халқаро меҳнат нормаларини ратификация қилиш ва қўллаш билан боғлиқ масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш;
Халқаро меҳнат конференцияси кун тартиби бандларига тааллуқли саволларга жавоблар ва ҳукуматларнинг Конференция томонидан муҳокама этиладиган матнларга таклиф этилаётган фикр-мулоҳазалари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш;
Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сонли Конвенциясида (Женева, 1976 йил, 21 июнь) назарда тутилган тартиб-таомилларни амалга ошириш тўғрисида йиллик маърузалар эълон қилиш;
ратификация қилинмаган конвенциялар ва тавсиялар қўлланишига ва тегишли ҳолларда ратификация қилинишига кўмаклашиш учун амалга оширилиши мумкин бўлган чора-тадбирларни аниқлаб олиш мақсадида уларни вақти-вақти билан кўриб чиқиш.
3. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари касаба уюшмалари ташкилотлари ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудий бирлашмалари билан биргаликда икки ой муддатда ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссиялар тузилишини ва уларнинг фаолияти ташкил этилишини таъминласин.
5. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2019 йил 3 июлдаги
553-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича
республика уч томонлама комиссиясининг
ТАРКИБИ
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматидан |
||
Кудбиев Ш.Д. |
- |
бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири |
Ашрафханов Б.Б. |
- |
молия вазирининг ўринбосари |
Мелиев Х.Х. |
- |
адлия вазирининг ўринбосари |
лавозим бўйича |
- |
соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари |
Зиядуллаев М.Ж. |
- |
Давлат статистика қўмитаси раисининг ўринбосари |
Одинаев Қ.А. |
- |
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи |
Сулайманов С.С. |
- |
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари |
Республика касаба уюшмалари бирлашмаларидан (келишувга кўра) |
||
Рафиков К.М. |
- |
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси |
Махмадалиев Б.Х. |
- |
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари |
Бедилов Р.М. |
- |
Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси |
Халилова М.Х. |
- |
Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси |
Рахматов И.К. |
- |
Навоий кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши раиси |
Каримова Н.Б. |
- |
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг меҳнатни ҳимоя қилиш бўлими мудири |
Исаев М.Н. |
- |
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши аппаратининг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири |
Иш берувчилар республика бирлашмаларидан (келишувга кўра) |
||
лавозим бўйича |
- |
Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси раиси |
Икрамов А.И. |
- |
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси |
Хаитов А.А. |
- |
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси |
Махмудова Г.Ғ. |
- |
Ўзбекистон Ишбилармон аёллар уюшмаси раиси |
Абдуллаев У.Т. |
- |
Ўзбекистон Республикаси "Ҳунарманд" уюшмаси раиси |
Хамидов Б.С. |
- |
Ўзбекистон банклар ассоциацияси бош директори |
Хурсанов А.Х. |
- |
"Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ бошқаруви раиси |
Омонов Ф.Ф. |
- |
Ўзбекистон иш берувчилари Конфедерацияси раисининг ўринбосари |
Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган шахслар ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 3 июль