Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.10.2019 й. 877-сон "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
16.10.2019 й.
N 877
"ЎЗЭЛТЕХСАНОАТ"
УЮШМАСИНИНГ ЭЛЕКТРОТЕХНИКА
САНОАТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЖАМҒАРМАСИ
МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН
ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 30 майдаги ПҚ-4348-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 30 майдаги ПҚ-4348-сон қарорига мувофиқ қуйидагилар "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорлар грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
2. "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасининг Бошқарув кенгаши 1-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.
3. "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси хизмат кўрсатувчи банкда бир ҳафта муддатда Жамғарманинг махсус ҳисобрақами очилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2019 йил 1 ноябргача бўлган муддатда Жамғарманинг банк ҳисобрақамига 10 млрд сўм миқдордаги маблағлар ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилги Давлат бюджети параметрларида кейинчалик Жамғарманинг банк ҳисобрақамига белгиланган тартибда ўтказиш учун 10 млрд сўм миқдордаги маблағларни назарда тутсин;
2020 йил 1 декабргача бўлган муддатда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ўрганган ҳолда, уни келгуси йилларда молиялаштиришга доир таклиф киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров "Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг раиси М.М. Юнусов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2019 йил 16 октябрдаги
877-сон қарорига
1-ИЛОВА
"Ўзэлтехсаноат" уюшмасининг Электротехника
саноатини ривожлантириш жамғармаси
Бошқарув кенгашининг
ТАРКИБИ
1. Юнусов Мирзиёд Мирахмадович |
- |
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси, Кенгаш раиси |
2. Султанов Дилшод Шуҳратович |
- |
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари |
3. Рустамов Олимхон Бакиевич |
- |
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари |
4. Мустафаев Хуршед Бахтиёрович |
- |
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Базавий тармоқ ва соҳалар корхоналари иқтисодиёти, молияси ва тариф сиёсати департаменти директори |
5. Раҳмонов Асрор Рузиевич |
"Ўзэлтехсаноат" уюшмаси Молия бошқармасининг бошлиғи, Кенгаш котиби |
Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияни бажариш юкланган шахслар киритилади.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 17 октябрь