Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.11.2019 й. 921-сон "Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
20.11.2019 й.
N 921
АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА АҲОЛИ,
ШУ ЖУМЛАДАН ЁШЛАР ЎРТАСИДА
КОМПЬЮТЕР ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА
ИНТЕРНЕТ ЖАҲОН АХБОРОТ ТАРМОҒИДАН
САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ ТАШКИЛ
ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиш, уларни компьютер технологиялари, дастурлаш асослари, компьютер ўйинлари ва компьютер спортига (киберспортга) жалб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, халқаро миқёсда замонавий технологияларга асосланган рақамли иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали дастурчи ва мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, умумтаълим мактабларини замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш ва юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш, компьютер ўйинлари ва киберспортни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, шунингдек, ахборот технологияларига йўналтирилган адабиётлар турлари ва ҳажмларини кўпайтиришни талаб этмоқда.
Андижон вилоятида ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш, компьютер ўйинлари ва киберспортни ривожлантириш ишларига кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш, уларга замонавий рақамли технологиялар, дастурлаш асослари, электрон тижорат йўналишларини ўргатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:
Андижон вилояти туман (шаҳар)ларида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекциясининг таркибий бўлинмаси шаклида рақамли технологиялар ўқув марказларини (кейинги ўринларда марказлар деб аталади) ташкил қилиш;
Андижон вилояти умумтаълим мактабларида компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича тўгаракларни (кейинги ўринларда тўгараклар деб аталади) белгиланган тартибда ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
а) марказларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ёшларга компьютер дастурлаш тилларини, робототехника, ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш;
ёшларнинг компьютер ўйинлари, киберспортга қизиқишини ошириш, ушбу соҳада спортчиларни тайёрлаш, мусобақалар ва бошқа тадбирларни ўтказиш ҳамда уларда ёшларнинг иштирок этишини таъминлаш;
миллий қадриятларни, маданий ва халқ меросини тарғиб қилувчи маҳаллий дастурий таъминотлар, дизайн ишлари, ўйинлар ҳамда видео маҳсулотларини яратишга ёшларни кенг жалб қилиш;
рақамли технологиялар соҳасида маҳорат дарслари, тренинглар, илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малака ошириш курсларини ташкил этиш;
б) тўгаракларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ёшларга компьютер дастурлаш асослари, компьютер саводхонлиги, ахборот технологиялари асосларини ўргатиш;
ёшларнинг бўш вақтларида киберспорт ҳамда ахборот технологияларига қизиқишини ошириш, ушбу соҳада уларга касбий кўникмалар бериш.
3. Қуйидагилар:
Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Чора-тадбирлар дастури деб аталади) 1-иловага мувофиқ;
Андижон вилоятида рақамли технологиялар ўқув марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт тўгаракларини ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳининг (кейинги ўринларда республика ишчи гуруҳи деб аталади) таркиби 2-иловага мувофиқ;
Андижон вилоятида рақамли технологиялар ўқув марказлари жойлаштириладиган манзиллар рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, Чора-тадбирлар дастурига мувофиқ аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ишларида, биринчи навбатда, умумтаълим мактабларининг мавжуд имкониятларидан кенг фойдаланилади.
5. Республика ишчи гуруҳи Чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган вазифаларнинг ижросини ҳар чоракда камида бир марта таҳлил қилиб, уларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиб бориш чораларини кўрсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ёшларни компьютер технологиялари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишга кенг жалб этиш борасидаги барча мавжуд имкониятлардан самарали ва тўлиқ фойдаланган ҳолда, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида умумтаълим мактабларида ёшларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, бир ой муддатда компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича тўгараклар фаолиятини йўлга қўйсин.
Бунда:
а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда:
тўгараклар фаолиятини ташкил этиш, тўгаракларни тегишли кадрлар ва методик қўлланмалар билан таъминлаш, умумтаълим мактабларида мунтазам турли тадбирлар, кўрик-танловлар ўтказилишини ташкил этиш;
тўгаракларнинг фаолият юритиши, тадбирлар ўтказилиши учун зарур бўладиган хоналарни ажратиш ва тегишли шарт-шароит яратиш, уларга ўқувчи-ёшлар қатновини йўлга қўйиш бўйича;
б) Андижон вилояти ҳокимлиги умумтаълим мактабларида тўгаракларни ташкил этиш учун зарур бўладиган ўқув-қўлланмалар ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш бўйича масъул этиб белгилансин.
7. Андижон вилояти ҳокимлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги таклифлари асосида бир ой муддатда тўгараклар учун зарур бўладиган инвентарларни харид қилиш масалаларини ҳал этсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:
жорий йилнинг декабрь ойидан бошлаб тўгараклар раҳбарлари ва ўқитувчиларининг малака ошириш курсларини Андижон вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ташкил этиш;
малака ошириш курсларида машғулот ўтказиш учун соҳанинг малакали, етук мутахассис ва ўқитувчиларини жалб этиш ҳамда уларнинг ойлик маошларини белгиланган тартибда қоплаш чораларини кўрсин.
9. Белгилансинки:
а) марказлар етакчи ўқув муассасаларининг малакали мутахассис, экспертларини марказларда ўқув машғулотларини ўтказиш учун шартнома асосида жалб қилади;
б) марказларда ёшлар учун қисқа муддатли бепул ҳамда чуқурлаштирилган узоқ муддатли пулли ўқув курслари ташкил этилади;
в) марказларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун пулли малака ошириш курслари ташкил этилади;
г) марказларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилади:
марказлар жойлаштириладиган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, уларни зарур мебель ва инвентарь билан жиҳозлаш, марказлар жойлаштириладиган бино ва иншоотлар атрофини ободонлаштириш, шунингдек, марказларнинг бошқа жорий харажатларини қоплаш - ташкилотчиларнинг маблағлари, ҳомийлик хайриялари ҳамда ўқув курслари ва малака ошириш курсларидан тушадиган маблағлар;
марказларни зарур техник инфратузилма, техник қурилмалар ва жиҳозлар билан таъминлаш - ташкилотчиларнинг маблағлари, ўқув курслари ва малака ошириш курсларидан тушадиган маблағлар, ҳомийлик хайриялари ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
марказлар ходимлари ҳамда шартнома асосида жалб қилинадиган мутахассис, эксперт ҳамда бошқа ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш - 2019 йилда Рақамли технологияларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, 2020 йилдан бошлаб эса - марказлар томонидан кўрсатилган пулли хизматлардан тушадиган маблағлар;
д) тўгаракларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги маблағлар ҳисобидан амалга оширилади:
умумтаълим мактабларини тегишли дастур доирасида компьютер синфлари билан таъминлаш - халқаро ва хорижий молия институтлари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар;
тўгаракларда фаолият кўрсатаётган умумтаълим мактаблари ходимлари, шунингдек, шартнома асосида жалб қилинадиган мутахассис, эксперт ҳамда бошқа ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, тўгаракларнинг бошқа жорий харажатларини қоплаш - тўгаракларда таълим беришда пуллик хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;
тўгаракларга тақдим этиладиган юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғи хизматлари ва "ZiyoNET" тармоғига кириш учун белгиланган тарифлар асосида харажатларни қоплаш - Андижон вилояти маҳаллий бюджети, туманлар (шаҳарлар) бюджетлари ҳисобига ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағлар доирасида белгиланган тартибда амалга оширилади.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда марказлар ва тўгараклар учун замонавий рақамли технологиялар, дизайн ишлари, электрон тижорат, дастурлаш асослари, компьютер ўйинлари ва киберспорт бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.
11. Республика Маънавият ва маърифат маркази ёшларни маданият ва санъатга жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги вазифаларни амалга оширишда мунтазам равишда тегишли таҳлилий ишларни олиб борсин, ёшларнинг тўгаракларга қатнаши, ушбу жойларда ўтказилаётган тадбирларнинг мазмундорлигини ўрганиш бўйича доимий мониторинг юритсин ҳамда натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига тегишли тавсиялар бериб борсин.
12. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига китобхонликни ривожлантириш борасида Андижон вилоятида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш, шунингдек, ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг мазмуни ва моҳиятини тушунтириш ишларини ташкил қилиш тавсия этилсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков, халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
2019 йил 20 ноябрдаги
921-сон қарорига
1-ИЛОВА
Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан
ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва
Интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали
фойдаланишни ташкил этиш бўйича
ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ
Изоҳ. Лойиҳаларнинг якуний параметрлари лойиҳаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш ва белгиланган тартибда танлов савдоларини ўтказиш натижалари бўйича аниқланади.
2019 йил 20 ноябрдаги
921-сон қарорига
2-ИЛОВА
Андижон вилоятида рақамли технологиялар
ўқув марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида
компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари
ва киберспорт тўгаракларини ташкил этишни
мувофиқлаштириш бўйича республика
ишчи гуруҳининг
ТАРКИБИ
1. Ш.М. Садиков |
- |
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари |
2. У.И. Шукуров |
- |
Андижон вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари |
3. Ш.Х. Шерматов |
- |
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири |
4. Д.Х. Набиев |
- |
Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири |
5. И.У. Маджидов |
- |
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири |
6. Ш.Р. Ражаббаев |
- |
Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. |
7. А.Я. Хайдаров |
- |
Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари |
8. А.М. Жумабоев |
- |
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари |
Изоҳ. Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа лавозимга ўтганда, унинг таркибига мазкур лавозимга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
2019 йил 20 ноябрдаги
921-сон қарорига
3-ИЛОВА
Андижон вилоятида рақамли технологиялар ўқув
марказлари жойлаштириладиган манзиллар
РЎЙХАТИ
Т/р |
Туман (шаҳар) номи |
Рақамли технологиялар ўқув маркази жойлаштириладиган манзил |
1. |
Андижон шаҳри |
Чўлпон кўчаси, 9-уй |
2. |
Асака тумани |
Асака шаҳри, Соҳил бўйи кўчаси, 1-уй |
3. |
Шаҳрихон тумани |
Шаҳрихон шаҳри, Шаҳрихон шох кўча, 42-уй |
4. |
Андижон тумани |
Куйган-ёр шаҳарчаси, Андижон кўчаси, 2-уй |
5. |
Избоскан тумани |
Ч.Азимов кўчаси, 1-уй |
6. |
Қўрғонтепа тумани |
Мустақиллик кўчаси, 50-уй |
7. |
Балиқчи тумани |
"Авесто" МФЙ, Худайбердиев кўчаси, 8-уй |
8. |
Пахтаобод тумани |
Пахтаобод шаҳри, А.Темур кўчаси, 2-уй |
9. |
Жалақудуқ тумани |
Охунбобоев шаҳри, Ўзбекистон кўчаси, 48-уй |
10. |
Марҳамат тумани |
Ипак йўли кўчаси, 1-уй |
11. |
Олтинкўл тумани |
Чинобод кўчаси, 35-уй |
12. |
Булоқбоши тумани |
Фароғат кўчаси, 43-ДИМИ |
13. |
Хўжаобод тумани |
Узун кўчаси, 11-уй |
14. |
Бўз тумани |
А.Икрамов кўчаси, 14-уй |
15. |
Улуғнор тумани |
"Шаҳрибод" МФЙ, Мустақиллик кўчаси, 2-уй |
16. |
Хонобод шаҳри |
Зиёкор кўчаси, 5-уй |
Изоҳ. Андижон вилоятида рақамли технологиялар ўқув марказлари ҳамда умумтаълим мактабларида компьютер технологиялари, компьютер ўйинлари ва киберспорт тўгаракларини ташкил этишни мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи рақамли технологиялар ўқув марказлари жойлаштириладиган манзилларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 21 ноябрь