Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.03.2021 й. 120-сон "Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
04.03.2021 й.
N 120
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ БЕРИЛГАН
ШАХСЛАРГА БИР ЙЎЛА ТЎЛАНАДИГАН
ПУЛ МУКОФОТЛАРИНИ ТЎЛАШГА МАБЛАҒЛАР
АЖРАТИШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси "Давлат мукофотлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бир йўла тўланадиган пул мукофотлари миқдорини ҳисоблаш тартиби;
бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш тартиби;
бир йўла тўланадиган пул мукофотларини молиялаштириш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир йўла тўланадиган пул мукофотлари учун зарур маблағларнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармаси томонидан АТ "Халқ банк"ининг тегишли бўлими (филиали)га ўз вақтида ўтказилиши учун масъул этиб белгилансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 5 март