Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикасининг 30.04.1998 й. 602-I-сон "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.04.1998 й.

N 602-I



ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунчилик

Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Фермер хўжалиги

Фермер хўжалиги ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир.

Фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий субъектидир.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи фермер хўжалигидир.

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестри Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан юритилади.

Кўп тармоқли фермер хўжаликлари реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



4-модда. Фермер хўжалигининг бошлиғи

Фермер хўжалигининг бошлиғи шу хўжаликнинг муассиси - фермердир. Ўн саккиз ёшга тўлган, қишлоқ хўжалигида тегишли малака ёки иш тажрибасига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси фермер бўлиши мумкин.

Бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда фермер хўжалиги номидан ана шу хўжалик бошлиғи иш кўради.


II. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

5-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш шартлари

Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва захира ерларда ташкил этилади.

Фермер хўжалигига бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси билан белгиланади.

Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги (уч йил учун ўртача йиллик ҳосил ҳисобида) қонунчиликда белгиланган норматив ҳосилдорликдан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбурият ер участкасини ижарага олиш шартномасида мустаҳкамлаб қўйилади.


6-модда. Фермер хўжалигини ташкил этиш тартиби

Фермер хўжалиги шу хўжалик бошлиғи томонидан ташкил этилади, у фермер хўжалигига тегишлича алоҳида мол-мулк ажратиб беради ва уставини тасдиқлайди.

Фермер хўжалиги ташкил этиш учун унинг бошлиғи ушбу Қонуннинг 11-моддасида белгиланган тартибда ер участкаси олиши керак.


7-модда. Фермер хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш

Фермер хўжалиги қонунчиликда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ташкил этилган деб ҳисобланади ҳамда унинг муассиси ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида шартнома тузади. Фермер хўжалиги банк муассасасида ҳисоб-китоб варағи ва бошқа хил ҳисобварақлар очишга, ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақли.

Фермер хўжалиги ташкил этишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилган ёки хўжаликнинг устави қонунга мувофиқ бўлмаган тақдирда фермер хўжалигини давлат рўйхатига олиш рад этилиши мумкин.

Давлат рўйхатига олиш рад этилганлиги, шунингдек рўйхатга олиш муддатларининг бузилганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


8-модда. Фермер хўжалигининг устави

Фермер хўжалиги устав асосида фаолият кўрсатади.

Фермер хўжалигининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


9-модда. Фермер хўжалиги уставининг мазмуни

Фермер хўжалигининг уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

фермер хўжалигининг номи;

фермер хўжалиги бошлиғининг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;

фермер хўжалигининг жойлашган ери тўғрисидаги маълумотлар ва почта манзили;

фермер хўжалигининг ихтисослашуви ва фаолиятининг асосий турлари;

устав фондининг миқдори.

Фермер хўжалигининг уставида қонунчиликка зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.


III. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИ ЮРИТИШ

УЧУН ЕР УЧАСТКАЛАРИ БЕРИШ. ЕРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВ ИСТЕЪМОЛИ

10-модда. Фермер хўжаликлари юритиш

учун бериладиган ер участкалари

Фермер хўжаликлари юритиш учун ер участкалари:

захира ерлардан;

юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан.

Илмий-тадқиқот муассасалари, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг ерлари, шунингдек сув фонди ерлари фермер хўжаликларига берилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси, катта ва кичик дарёлар, сув ҳавзалари бўйлаб жойлашган ер участкалари фермер хўжалиги юритиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда берилади. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси бўйлаб беш юз метрли минтақада фаолияти ҳайвонларни (чорва моллар, паррандалар, мўйнали ва бошқа ҳайвонларни, балиқлар, асалариларни, ҳайвонот боғлари ҳамда виварийларнинг ҳайвонларини ва бошқа жониворларни) кўпайтириш, ўтлатиш ва боқиш билан боғлиқ бўлган чорвачилик, паррандачилик ҳамда бошқа йўналишдаги фермер хўжаликларига ер участкалари бериш тақиқланади.


11-модда. Фермер хўжаликлари юритиш

учун ер участкалари бериш тартиби

Фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкалари электрон онлайн-аукцион асосида ўттиз йил муддатга ижарага берилади.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар бошқа тенг шартларда устун ҳуқуқдан фойдаланади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномаси электрон онлайн-аукцион ғолиби ва туман ҳокими ўртасида бир иш куни ичида имзоланади.

Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкалари олган ва қишлоқ аҳоли пунктида тураржойи бўлган шахсларнинг томорқа ер участкаси сақланиб қолади.

Фермер хўжалигининг ер участкаси чегараларини натурада (жойнинг ўзида) белгилаш ҳамда ер тузиш лойиҳаларига мувофиқ фермер хўжалигига ер участкасини ижарага бериш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ер тузиш хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга оширилади.


13-модда. Ердан фойдаланиш

Фермер хўжалигининг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликда белгиланади.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилади. Улар хусусийлаштирилиши, шунингдек олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

Фермер хўжалигига берилган ер участкалари ушбу Қонун 16-моддаси биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолларда юридик ва жисмоний шахсларга бир йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) мумкин, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Фермер хўжалигига берилган ер участкасининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонлари юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш учун ўн йилгача бўлган муддатга қонунчиликка мувофиқ иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) берилиши мумкин.

Ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредитлар олишда фермер хўжалиги томонидан гаровга қўйилиши мумкин.

Фермер хўжалигига берилган ер участкаси фермер хўжалиги қайта ташкил этилган тақдирда, агар ер участкасининг бўлиниши натижасида янги ташкил топган ер участкаларининг ўлчами Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида назарда тутилган энг кам ўлчамлардан кам бўлмаса, бўлиниши мумкин.

Ер участкасининг ўлчами ва чегаралари фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.

Фермер хўжалиги бошлиғи вафот этган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қонунчиликка мувофиқ ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддатига мерос бўйича ўтади.

Фермер хўжалиги бошлиғи пенсия ёшига тўлганда ёки меҳнат қобилиятини йўқотганда, шунингдек муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, олий таълим ташкилотларига таълимнинг кундузги шаклига ўқишга қабул қилинган, сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ижара шартномасига ўзгартишлар киритиш орқали ушбу Қонун 4-моддасининг биринчи қисми талабларига жавоб берадиган ўз оила аъзоларидан бирига қонунчиликка мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга беришга ҳақли.

Ер участкасини ижарага олиш шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин фермер хўжалиги ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этган тақдирда, ижарага олиш шартномасини янги муддатга узайтириш ҳуқуқига унинг меросхўри эга бўлади.

Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Фермер хўжалиги тугатилган тақдирда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.


15-модда. Сув истеъмоли

Фермер хўжаликларининг сув истеъмоли тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари томонидан ишлаб чиқиладиган ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган сув объектларидан сув олиш лимитлари асосида белгиланган тартибда амалга оширилади.


IV. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ҲАМДА МОЛ-МУЛКИ

16-модда. Фермер хўжалигининг ҳуқуқлари

Фермер хўжалиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

берилган ер участкасида ўз уставида назарда тутилган ихтисослашувга ва ижарага олиш шартномасига мувофиқ фермер хўжалигининг ишлаб чиқариш фаолиятини ташкил этиш;

ер участкасини юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун иккиламчи ижарага бериш (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз);

ер участкасининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларини юридик ва жисмоний шахсларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш учун қонунчиликка мувофиқ иккиламчи ижарага (учинчи шахсларга бериш ҳуқуқисиз) бериш;

ихтисослашувни ҳисобга олган ҳолда ва тузилган контрактация шартномалари асосида қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришни мустақил равишда амалга ошириш;

маҳсулотни қайта ишловчи корхоналарни ва ўз маҳсулотлари (ишлари, хизматлари) истеъмолчиларини мустақил равишда танлаш;

харид қилинадиган маҳсулотга олдиндан ҳақ тўланадиган фьючерс контрактлари тузиш;

етиштирган маҳсулотини, шу жумладан бу маҳсулотни истеъмолчиларга реализация қилиш ҳуқуқини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш;

етиштираётган маҳсулоти, бажараётган ишлари ва кўрсатаётган хизматларига нарх белгилаш;

электр энергияси, ёқилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғитларнинг, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари етказиб берилиши, сув хўжалиги хизматлари, техник ва бошқа хизматлар кўрсатилиши учун шартномалар тузиш;

тадбиркорлик фаолиятидан қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ солинадиган, чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олиш;

олган даромадларини (фойдасини), банк муассасасидаги ўзининг ҳисобварақларида бўлган пул маблағларини тасарруф этиш;

акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар олиш;

кредитлар олиш, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкини шартнома асосида жалб этиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга ва такрор ишлаб чиқаришга йўналтириш;

кредитлар олиш учун ўз мол-мулкини, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш;

кичик ҳамда хусусий корхоналар учун берилган имтиёзлар ва преференцияларнинг барча турларидан фойдаланиш;

зарур асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш воситалари ҳамда бошқа мол-мулкни олиш, ижарага олиш, бинолар ва иншоотлар қуриш ҳамда уларни таъмирлаш;

ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни, фан ва техника ютуқларини жорий этиш;

фан-таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкасига нисбатан ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ер участкасининг асосий мўлжалланган мақсадини сақлаб қолган ҳолда, ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш);

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этиш.

Фермер хўжалиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


17-модда. Фермер хўжалигининг мажбуриятлари

Фермер хўжалиги:

ер участкасидан қонунчиликда ва ижарага олиш шартномасида кўрсатилган шартлар асосида, белгиланган мақсадда, самарали ва оқилона фойдаланилишини таъминлаши;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги майдонларида мақбул экинлар экилишини ёки тут кўчатлари ўтқазилишини таъминлаши;

асосий экинларнинг ривожланишига салбий таъсири бўлмаган ҳолларда боғлар ва токзорларнинг қатор ораларига даромад келтириши мумкин бўлган мақбул экинлар экилишини таъминлаши;

экологик талабларга ва атроф муҳитни муҳофаза қилишнинг бошқа қоидаларига риоя этиши;

ер участкасининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, унинг унумдорлигини сақлаб қолиш ва ошириш тадбир-чораларини кўриши, бизнес-режада шу мақсад учун маблағлар ажратилишини назарда тутиши;

агар ижарага олиш шартномасида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, ер участкаси берилган вақтдан эътиборан бир йил ичида ундан фойдаланишга киришиши;

ғўза ва дон экинларини навлар бўйича жойлаштиришнинг белгиланган талабларига риоя этиши;

сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриши;

сув ресурсларидан "Сув етказиб бериш хизмати" давлат муассасаси билан тузилган сув етказиб бериш ва сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги шартномага биноан фойдаланиши, шунингдек фермерлараро ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини, улардаги иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклашда иштирок этиши, уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари, санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя этиши;

ер участкасини сақлаш шартларига ва сервитутларга риоя этиши;

меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини, ўз ходимлари, шу жумладан фермер хўжалигида меҳнат қиладиган оила аъзолари, вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаши;

ижарага олиш шартномаси бекор қилинган тақдирда ер участкасининг дастлаб берилган пайтдаги ўлчамларини камайтирмаган ва бошқа шаклда зарар етказмаган ҳолда ер участкасини ижарага берувчига қайтариши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек кўрсатилган хизматлар учун тўловларни белгиланган тартибда ўз вақтида тўлаши;

қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришда агротехника талабларига риоя этиши;

қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан муҳофаза қилинишини таъминлаши шарт.

Фермер хўжалиги зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


18-модда. Фермер хўжалигининг устав фонди

Фермер хўжалигининг устав фонди фермер хўжалиги бошлиғи томонидан белгиланади.

Пул, қимматли қоғозлар, бинолар, иншоотлар, бошқа мол-мулк ёки пул билан баҳоланадиган мулкий ҳуқуқлар фермер хўжалигининг устав фондига қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин. Бунда фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича очиқ электрон танловда кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари фермер хўжалиги бошлиғи томонидан фермер хўжалигининг устав фондига киритилади.

Агар фермер хўжалигининг устав фонди шакллантирилаётганда фермер хўжалигининг бошлиғи ўз оила аъзоларининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мулки ҳисобланган мол-мулкни фермер хўжалигига топшираётган бўлса, ушбу мол-мулкнинг барча мулкдорларидан нотариал тасдиқланган розилик олиш талаб этилади.

Фермер хўжалигининг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш фермер хўжалиги бошлиғининг қарорига кўра фермер хўжалиги уставига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.



19-модда. Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи

Фермер хўжалигининг мулк ҳуқуқи давлат ҳимоясидадир.

Бинолар, иншоотлар, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорлари, дов-дарахтлар, чорва моллар, паррандаларга, етиштирган маҳсулотига, қишлоқ хўжалик техникаси, инвентарь, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, пул маблағлари, интеллектуал мулк объектларига, шунингдек фермер хўжалигининг балансидаги бошқа мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи фермер хўжалигига қарашлидир.

Фермер хўжалиги бошлиғининг пул ва моддий маблағлари, товарларни реализация қилишдан (ишлар бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан) олинган даромадлар (фойда), қимматли қоғозлардан келган даромадлар, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар фермер хўжалигининг мол-мулкини шакллантириш манбалари бўлиши мумкин.

Фермер хўжалиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, олиш, сотиш, ижарага ёки вақтинча фойдаланишга олиш ҳуқуқига эга.

Фермер хўжалиги тугатилаётганда фаолиятни амалга ошириш даврида ўз маблағлари ҳисобига яратилган мол-мулкни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин тасарруф этиши мумкин.


20-модда. Фермер хўжалигининг

маблағлари ва ҳисоб-китоблари

Фермер хўжалиги пул муомаласини юритиш ҳамда пул маблағларини сақлаб туриш учун банк муассасасида ҳисобварақлар очиш ва бу маблағларни эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб варағидан маблағларни фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ёки суднинг қарорига биноан ҳисобдан чиқариш мумкин.


21-модда. Фермер хўжалигининг

мол-мулкини мерос қилиб қолдириш

Фермер хўжалигининг мол-мулки қонунчиликка мувофиқ мерос қилиб қолдирилади. Хўжаликда фаолиятни давом эттираётган меросхўрлар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги учун давлат божи тўлашдан озод этиладилар.


V. ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИ

ФАОЛИЯТИНИНГ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ

22-модда. Фермер хўжалигининг

ишлаб чиқариш фаолияти

Фермер хўжалиги ўз уставида ва ер участкасини ижарага олиш шартномасида назарда тутилган ихтисослашувга мувофиқ фаолияти йўналишларини, ишлаб чиқариш тузилмаси ва ҳажмларини мустақил равишда белгилайди. Фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг ҳар қандай тури билан, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли.

Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулот ва ишлаб чиқараётган товарлар, бажараётган ишлар ва кўрсатаётган хизматлар сифатига оид нормативлар ва стандартларга, экологияга, санитарияга тааллуқли ҳамда қонунчиликда белгилаб қўйилган бошқа талаблар ва қоидаларга риоя этиши шарт.

Фермер хўжаликларининг хўжалик фаолиятига давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари аралашувига йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ҳамда бошқа органлар ва ташкилотларнинг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ва фуқароларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фермер хўжалигига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.

Фермер хўжалиги ташқи иқтисодий фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширади.


23-модда. Фермер хўжалигидаги меҳнат

Фермер хўжалиги (иш берувчи) ва унинг ходимлари ўртасидаги меҳнатга оид муносабатлар қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномаси (контракти) билан тартибга солинади.

Фермер хўжалигидаги иш тартиби хўжалик бошлиғи томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади. Фермер хўжалиги ходимларининг меҳнат фаолияти ҳисобини олиб бориш хўжалик бошлиғи томонидан ташкил этилади.

Фермер хўжалиги ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тарафларнинг келишувига кўра пул ҳамда натура тарзида, қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаган миқдорда белгиланади.

Фермер хўжалигининг бошлиғи ва ходимлари давлат ижтимоий суғуртасидан ўтказилади. Уларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар ва пенсиялар тайинлаш ҳамда тўлаш қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида амалга оширилади.


24-модда. Маҳсулотни фермер хўжалиги

томонидан реализация қилиш тартиби

Фермер хўжалиги ўзи етиштираётган маҳсулотни реализация қилиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар билан хўжалик шартномалари тузиш ҳуқуқига эга. Шартнома мажбуриятлари бузилган тақдирда тарафлар қонунчиликда ёки шартномада белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Фермер хўжалиги етиштираётган маҳсулотнинг экспортга етказиб берилиши қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


25-модда. Фермер хўжаликларининг

биргаликдаги фаолияти

Фермер хўжаликлари ихтиёрийлик асосида бирлашиши, маҳсулот етиштириш, харид қилиш, уни қайта ишлаш ва сотиш, моддий-техника таъминоти, қурилиш, техникавий, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимё, маслаҳат бериш йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш бўйича уюшмалар ҳамда бошқа бирлашмаларга кириши мумкин.

Фермер хўжаликларининг Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолиги мажбурийдир.


26-модда. Фермер хўжалигини кредитлаш ва суғурталаш

Фермер хўжалигини ишлаб чиқариш аҳамиятига молик объектлар қурилиши, асосий ишлаб чиқариш воситаларини олиш учун узоқ муддатли кредитлаш ҳамда унинг жорий ишлаб чиқариш фаолиятини қисқа муддатли кредитлаш кредит шартномаси асосида амалга оширилади.

Фермер хўжалигини имтиёзли кредитлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фермер хўжалиги ўзига қарашли ва ижарага олинган ишлаб чиқариш воситаларининг, қишлоқ хўжалиги экинзорлари ва кўчатзорларининг, кўп йиллик дов-дарахтларнинг, етиштирган маҳсулотининг, хом ашёнинг, материалларнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), кам чиқиши ёки шикастланиши хавфини, тадбиркорлик хавфини, шунингдек шартномаларни бузганлик учун ўзининг жавобгарлик хавфини ихтиёрийлик асосида суғурта қилдиради ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартлар асосида суғурта товони (суғурта суммаси) олади.


27-модда. Фермер хўжалигига солиқ солиш

Қонунчиликка мувофиқ фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўлайди.

Фермер хўжалигининг фойдаси солиқлар, йиғимлар ва бошқа тўловлар тўланганидан кейин фермер хўжалиги бошлиғининг тасарруфига ўтади.



28-модда. Фермер хўжалиги фаолиятининг

натижаларини ҳисобга олиш

Фермер хўжалиги ўз фаолиятининг натижаларини ҳисобга олиб боради ҳамда маҳаллий статистика ва солиқ органларига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

29-модда. Фермер хўжаликларини давлат йўли

билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш

Давлат фермер хўжаликларининг ҳуқуқларига риоя этилишини ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Давлат органлари фермер хўжаликларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишлари шарт.

Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда:

ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший аҳамиятга молик объектлари бўлмаган ҳудудда фермер хўжаликлари ташкил этилганида мазкур ҳудудни бирламчи ободонлаштиришни (йўллар, электр узатиш ва алоқа линиялари қуришни, сув билан таъминлашни, газлаштиришни, телефонлаштиришни, радиолаштиришни, ер тузишни, ерларни мелиорациялашни) амалга оширадилар;

фермер хўжаликларига ер участкалари берадилар ҳамда ишлаб чиқариш объектлари ва уй-жойлар барпо этишда ёрдам кўрсатадилар;

фермер хўжаликларининг ишлаб чиқариш объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишига кўмаклашадилар;

фойдаланилмаётган яшаш учун мўлжалланмаган жойларни уларда маҳсулот етиштиришни ва товарлар ишлаб чиқаришни (ишлар бажаришни, хизматлар кўрсатишни) ташкил этиш учун ижарага берадилар;

фермер хўжаликлари бошлиқлари ва ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга кўмаклашадилар;

қишлоқ хўжалик экинларининг навли уруғлик ҳамда кўчатлари, органик ва минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалик ўсимликларини зараркунандалардан, касалликлар ҳамда бегона ўтлардан ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш юзасидан давлат агротехника хизмати кўрсатиш тизими орқали хизматлар, шунингдек техникавий хизмат кўрсатадилар;

қишлоқ хўжалиги техникаси, асбоб-ускуналар ва инвентарларни лизинг асосида сотиб олишга кўмаклашадилар;

зотдор чорва моллар ва паррандалар, шунингдек омихта ем сотиб олишда кўмаклашадилар;

фермер хўжаликларининг чорва молларига ветеринария хизмати кўрсатилиши учун зарур шароитлар яратиб берадилар;

фермер хўжаликларида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотини тайёрлаш ва реализация қилишда кўмаклашадилар;

ноқишлоқ хўжалик йўналишидаги ишлаб чиқаришларни ташкил этаётган фермерларни рағбатлантирадилар;

консалтинг, ахборот йўсинидаги ва бошқа хил хизматлар кўрсатадилар.

Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қонунчиликда назарда тутилган қўллаб-қувватлашнинг бошқа шакллари фермер хўжаликларига ҳам татбиқ этилади.


30-модда. Фермер хўжалиги фаолиятини текшириш чекланганлиги

Фермер хўжалиги фаолиятини текшириш (молия-хўжалик фаолиятини текширишлар бундан мустасно) ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлигига далиллар бўлган ҳолларда, ижарага олиш шартномасига мувофиқ ижарага берилган ер участкасидан фақат белгиланган мақсадда ва оқилона фойдаланиш масалалари бўйича, белгиланган тартибда амалга оширилади.



31-модда. Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш

Фермер хўжалигини қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Кўп тармоқли фермер хўжалигининг ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинганда кўп тармоқли фермер хўжалиги ўз раҳбари томонидан унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилиши мумкин.


32-модда. Фермер хўжалигини тугатиш асослари

Фермер хўжалиги қуйидаги ҳолларда тугатилади:

фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаси бериш бўйича очиқ электрон танловда фермер хўжалиги бошлиғи томонидан кўрсатиб ўтилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари устав фондига киритилмаганда;

молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида фаолият тикланмаган тақдирда;

ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқидан ихтиёрий воз кечилганида;

фермер хўжалиги банкрот деб топилганда, шу жумладан моддий-техника ресурслари етказиб берувчилар, иш бажарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар билан ҳисоб-китоб мунтазам равишда амалга оширилмаганида;

фермер хўжалигининг бошлиғи вафот этиб, хўжалик фаолиятини давом эттиришни хоҳловчи меросхўр бўлмаса;

фермер хўжалигининг ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилинганда, бундан кўп тармоқли фермер хўжалиги ўз раҳбари томонидан фермер хўжалигининг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилган ҳоллар мустасно.


33-модда. Фермер хўжалигини тугатиш тартиби

Фермер хўжалиги:

фермер хўжалиги бошлиғининг қарорига биноан;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан;

молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида фаолият тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига биноан тугатилади.

Фермер хўжалигини тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


34-модда. Низоларни ҳал этиш

Фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади.


35-модда. Фермер хўжалигининг

мажбуриятлари бўйича жавобгарлик

Фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан моддий-техника ресурслари етказиб берилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун ўз вақтида ҳақ тўлаш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган ўз мол-мулки билан жавоб беради.

Фермер хўжалигининг бошлиғи фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.

Ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар қайта ташкил этилаётган ёки тугатилаётган фермер хўжалигида маблағ бўлмаган ёхуд етарли бўлмаган тақдирда, ундирилиши лозим бўлган суммалар қонунчиликда назарда тутилган тартибда давлат томонидан тўланади.


36-модда. Фермер хўжалиги тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 40-41-сон, 433-модда.