Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.12.2021 й. 733-сон "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
04.12.2021 й.
N 733
ПАХТА-ТЎҚИМАЧИЛИК КЛАСТЕРЛАРИ
ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ
ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 16 ноябрдаги ПФ-14-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
пахта хомашёсини етиштириш ёки фермер хўжаликлари ва бошқа пахта хомашёси етиштирувчи бошқа хўжалик субъектларидан маҳсулот сотиб олиш мақсадида ташкил этиладиган пахта-тўқимачилик кластерлари шакллари;
Давлат хизматлари марказига талабгор томонидан пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича ариза билан бирга тақдим этиладиган ҳужжатлар тўплами ҳамда уларни кўриб чиқиш тартиби;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоятлар ҳокимликлари билан талабгор ўртасида пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида уч томонлама битим (кейинги ўринларда - битим) тузиш тартиби;
пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича пахта-тўқимачилик кластери ва унинг иштирокчилари учун белгиланган ҳуқуқва мажбуриятлар;
пахта-тўқимачилик кластери билан маҳсулот етказиб берувчиларнинг ўзаро муносабатларини бозор тамойилларига асосан ташкил этиш мақсадида фьючерс шартномаси асосида пахта хомашёси етиштирувчилар учун белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар;
пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали ташкил этишда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини ташкил этиш ва унинг ер участкаларидан фойдаланиш ва ижара ҳуқуқлари, шунингдек, томонларнинг ўзаро келишуви асосида тузилган шартномаларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафолатланиши;
пахта-тўқимачилик кластерининг битимда назарда тутилган мажбуриятларга риоя этиши ва унинг фаолияти самарадорлиги билан боғлиқ масалалар бўйича мониторинг юритиш;
пахта-тўқимачилик кластери томонидан битимда назарда тутилган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисидаги уч томонлама битимни бекор қилиш (тўлиқ ёки муайян ҳудудга нисбатан) тартиби.
2. Адлия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари" уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда:
мазкур низомга мувофиқ тузиладиган пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида тўрт томонлама битим;
пахта-тўқимачилик кластери билан фермер хўжаликларининг пахта хомашёсини етиштириш ва етказиб бериш бўйича тузиладиган фьючерс шартномаси намуналарини ишлаб чиқиб, ўзларининг веб-сайтларида жойлаштирсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 22 июндаги 397-сон қарори 4 ва 5-бандлари ҳамда қарорга 1-3-иловалар ўз кучини йўқотган деб топилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2021 йил 6 декабрь