Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.11.2004 й. 548-сон "2005-2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этиш дастури тўғрисида"ги Қарори

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

22.11.2004 й.

N 548


2005-2009 ЙИЛЛАРДА УМУМТАЪЛИМ

МАКТАБЛАРИ УЧУН ДАРСЛИКЛАР

ВА ЎҚУВ-МЕТОДИК ҚЎЛЛАНМАЛАР

НАШР ЭТИШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури тўғрисида" 2004 йил 21 майдаги ПФ-3431-сон Фармонини бажариш юзасидан ҳамда давлат таълим стандартлари талабларига жавоб берадиган замонавий ўқув адабиётлари ва ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлаш, нашр этиш ва умумтаълим мактабларини улар билан таъминлашнинг комплекс тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан ишлаб чиқилган 2005-2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этиш дастури 1, 1а, 1б, 1в-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.


2. Қуйидагилар:

умумтаълим мактаблари учун янги дарсликлар яратиш ва уларни нашр этиш жадвали 2-иловага* мувофиқ;

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик комплексларни ишлаб чиқиш учун муаллифлар таркибини танлаб олиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик комплексларни танлов асосида танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик комплексларни нашр этиш юзасидан тендер савдолари ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим муассасалари учун янги дарсликлар ва ўқув-методик комплекслар яратиш, уларни нашр этишга ҳамда қайта нашр этишга давлат буюртмасини жойлаштириш тендер (танлов) асосида ёки буюртмачилар томонидан ташкил этиладиган идоравий танлов комиссиялари томонидан баҳоланадиган энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан амалга оширилади;

умумий ўрта таълим таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш ва етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасидан маблағлар ажратиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан, академик лицейлар учун - Республика бюджети маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан, касб-ҳунар коллежлари учун эса - маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобига ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади (хорижий тиллар бўйича дарсликлар ва ўқув-методик комплекслар бундан мустасно);

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим муассасалари учун хорижий тиллар бўйича дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни харид қилиш ва етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармасининг айланма маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

4. Узлуксиз таълим тизими учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Ҳукумат комиссияси (А.И. Икрамов)га:

нашр этишга тавсия этилган ўқув адабиётларини танлов асосида танлаб олишни ташкил этиш ва ўтказиш масалаларини мувофиқлаштириш;

ўқув адабиётларининг белгиланган давлат таълим стандартларига ва замонавий методик талабларга мувофиқлигини экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш;

қабул қилинган 2005-2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этиш дастури амалга оширилишининг тизимли мониторингини олиб бориш юклансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

2005-2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик комплекслар нашр этишнинг 1а ва 1б-иловаларга мувофиқ тасдиқланган прогноз кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили келгуси йилда нашр этиш мўлжалланган ўқув адабиётларининг аниқ рўйхатини ва тиражини белгиласин ва тасдиқласин;

умумий ўрта таълимнинг такомиллаштирилган давлат таълим стандартлари, дарсликларга нисбатан янгиланган методик талаблар асосида ўқув адабиётлари 2-иловага мувофиқ муддатларда яратилишини ва нашр этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда, Дарсликларнинг республика айланма фондини яратишни ҳамда мактаблар ўқувчиларини ушбу фонд ҳисобига дарсликлар билан таъминлаш тартибини назарда тутувчи мактаблар ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлашнинг самарали механизмини жорий этиш юзасидан 2004 йил охиригача таклиф тайёрласин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2005-2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқ юқори самарали мультимедий тизимларини ҳамда ўқув адабиётлари ва қўлланмаларнинг компьютер электрон турларини яратиш дастурини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни нашр этиш ва қайта нашр қилишга тендер (танлов) савдолари ўтказишда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтирсин.

6-1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни етказиб бериш хизматлари нархларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларида нархларини тартибга солиш назарда тутилган ўқув адабиётлари айрим турларининг нархларини декларациялашда уларнинг сунъий равишда ошириб юборилишига йўл қўйилмаслиги устидан назорат ўрнатсин;

ўқув адабиётларини янгилашда уларга нархлар динамикаси мониторингини олиб борсин ҳамда улар юзасидан маълумотларни Узлуксиз таълим тизими учун янги ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари яратиш ва уларни қайта кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритсин.

7. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими учун дарсликлар ва ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш тўғрисида" 2001 йил 16 августдаги 341-сон қарорининг 8-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.


Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов



*) 1, , , , 2-иловалар рус тилидаги матнида берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 47-сон, 485-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., 11-сон, 107-модда.