Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.04.2022 й. ПҚ-229-сон "9 май - Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
29.04.2022 й.
N ПҚ-229
9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА
ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ва одамийликнинг юксак намунаси бўлиб қолмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш - тинчликни буюк неъмат деб биладиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Бутун дунёда миллионлаб инсонларнинг қурбон бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши башарият тарихидаги энг даҳшатли, қонли қирғин бўлганини, орадан қанча йиллар ўтса-да, эзгу ниятли дунё ахли ҳеч қачон унутмайди. Жанг майдонларида фашизмга қарши мардона курашган 2 миллионга яқин ўзбекистонликларнинг 500 мингдан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз асло ёдидан чиқармайди.
Кўпмиллатли тинчликсевар Ўзбекистон халқи учун фашизм устидан ғалаба қозонилган 9 май санаси аввало Хотира ва қадрлаш куни сифатида азиз ва мўътабардир. Биз учун хотира инсоннинг инсонлигини англатадиган тушунча, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турадиган буюк руҳий-маънавий қудратдир. Эл-юрт тинчлиги ва озодлиги учун курашган мард ва жасур инсонлар хотирасини ёд этиш орқали биз Ватан учун жонини фидо этган қаҳрамон ота-боболаримизнинг номларини шарафлаш, уларга юксак хурмат кўрсатишни тушунамиз.
Бугунги кунда амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида "Инсон қадрини улуғлаш" ғояси асосий ўрин эгаллайди. Ушбу тамойил ҳам хотира ва қадрлаш тушунчаси билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, халқимизнинг азалий эзгу орзу-интилишларига тўла жавоб беради.
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами - Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашга муносиб ҳисса қўшган барча меҳнат ва уруш фахрийларига хурмат-эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва хуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини улуғлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ;
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ишчи гуруҳ (А. Арипов):
Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг "Инсон қадри улуғ - хотира муқаддас", "Мардлик ва жасорат - ҳамиша барҳаёт" шиорлари остида ўтишини, уч авлод учрашувларини, маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот акциялари, тасвирий санъат кўргазмалари, ижодий кечалар, танловлар, оммавий спорт мусобақаларини ташкил этсин;
Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳарбий қисм командирлари томонидан ушбу тоифадаги шахсларни қутлаш учун уларнинг яшаш жойига ташриф буюриш ҳамда улар кўрсатган мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини кенг аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тушунтириш ва тарғиб қилиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик тадбирларини ташкил қилсин;
ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг турар-жойи ва уй хўжаликларини таъмирлаш, ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бирйўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топширсин;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий билимларга эга ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда, доимий равишда патронаж хизматини ташкил қилсин;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг истаклари асосида уларни республика ҳудудидаги санаторийларга бепул юборишни ташкил этсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда:
вилоят, шаҳар ва туманларда байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;
кўча ва майдонларнинг Хотира ва қадрлаш кунининг маъно-мазмунини ифода этадиган плакат ва стендлар билан безатилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 2022 йил 9 май куни соат 21:00 да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам салютини ташкил қилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда тантанали тадбирлар ўтказиладиган ҳамда байрам салютлари ташкил этиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
6. Белгилаб қўйилсинки, Хотира ва қадрлаш куни байрамини нишонлаш билан боғлиқ барча оммавий тадбирлар Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тавсиялари асосида амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Дунё" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, ушбу қарор ижросини таъминлашга қаратилган тадбирларни кенг ёритиш, шунингдек, мавзуга оид телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар тайёрлаб эфирга узатиш, мақолалар эълон қилиш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2022 йил 29 апрелдаги
ПҚ-229-сон қарорига
1-ИЛОВА
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган
тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш
ДАСТУРИ
Президентининг
2022 йил 29 апрелдаги
ПҚ-229-сон қарорига
2-ИЛОВА
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга
тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
1. А.Н. Арипов |
- |
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, ишчи гуруҳ раҳбари |
2. В.В. Махмудов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари |
3. Лавозими бўйича |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси |
4. Т.А. Худайбергенов |
- |
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири |
5. А.А. Абдухакимов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - туризм ва маданий мерос вазири |
6. А.А. Жўрабоев |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари |
7. Қ.М. Рафиков |
- |
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси |
8. Т.А. Ишметов |
- |
Ўзбекистон Республикаси молия вазири |
9. Б.Н. Курбанов |
- |
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири |
10. П.Р. Бобожонов |
- |
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири |
11. Р.М. Джураев |
- |
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони |
12. А.Ҳ. Қўлдошев |
- |
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири |
13. А.Ҳ. Тошкулов |
- |
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири |
14. Б.О. Саидов |
- |
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири |
15. О.А. Назарбеков |
- |
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири |
16. Лавозими бўйича |
- |
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари |
17. С.Э. Хусанов |
- |
Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари - Чегара қўшинлари қўмондони |
18. С. Турдиев |
- |
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари |
19. Ш.Т. Ахмедов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девонининг шўъба мудири |
20. А.Д. Хаджаев |
- |
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси |
21. А.К. Кўчимов |
- |
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори |
22. Х.А. Батиров |
- |
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши раиси |
23. М.М. Хожиматов |
- |
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари |
24. С.С. Саидов |
- |
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси |
25. Р. Абдуллаев |
- |
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси |
26. О.А. Ўсаров |
- |
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 29 апрель