Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.07.2022 й. 358-сон "Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
04.07.2022 й.
N 358
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОИЛА ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ДАВЛАТ
ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА
СОЛИШ СОҲАСИДАГИ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ
ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2022 йил 1 мартдаги ПҚ-146-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари;
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ҳуқуқлари ҳамда жавобгарлиги, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби;
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбариятининг асосий функционал вазифалари ва жавобгарлиги;
Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини молиялаштириш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тартиби.
2. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ривожлантириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ривожлантириш ва ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилансинки, Жамғарма даромадлари қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:
2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасига ажратилиши лозим бўлган маблағларнинг 12 фоизини ҳамда "Обод ва хавфсиз маҳалла" жамғармасига ажратилиши лозим бўлган маблағлардан 3 миллиард сўм йўналтириш ҳисобига;
2023 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида Жамғарма учун 15 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратиш назарда тутилади.
5. Молия вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан биргаликда мазкур қарор ижроси бўйича 2022 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига тегишли ўзгартириш киритилишини таъминласин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Б. Маҳкамова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2022 йил 5 июль