Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.05.2023 й. ПҚ-143-сон "9 май - Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
02.05.2023 й.
N ПҚ-143
9 МАЙ - ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА
ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ ВА УНИ ЎТКАЗИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Халқимиз асрлар давомида оғир синовларда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб келган.
Ўз озодлиги, эркинлиги йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жанг майдонларидан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш том маънода миллий анъанага айланди.
Бутун дунёда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатларни олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энгдаҳшатли, қонли қирғин бўлганлиги бугун барчамизга маълум. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 2 миллионга яқин ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлгани, урушдан қайтганлари ҳам бутун умр уруш даҳшатлари ёди билан яшаб ўтганликларини халқимиз асло ёдидан чиқармайди.
Мамлакатимизда 9 май - Хотира ва қадрлаш кунини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага ҳисса қўшган барча меҳнат ва уруш фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури (кейинги ўринларда - Дастур) 1-иловага мувофиқ;
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ишчи гуруҳ (А. Арипов):
Дастурда белгиланган маданий-маънавий тадбирлар, тарғибот акциялари, ижодий кечалар, оммавий спорт мусобақалари ва бошқа чора-тадбирларнинг "Ватан фидойи фарзандларини унутмайди" шиори остида ўтказилишини ташкил этсин;
ёлғиз ва кам таъминланган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг тураржойларини таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин;
Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатсин.
Бунда, тегишли вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ҳарбий қисмлар командирлари томонидан ушбу тоифадаги шахсларни йўқлаш учун уларнинг яшаш жойларига ташриф буюриш ҳамда улар кўрсатган мардлик ва жасоратнинг аҳамиятини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш бўйича маданий-маърифий ва ватанпарварлик тадбирларини ташкил қилсин;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан бирйўла тўланадиган пул мукофотини тантанали равишда топширсин;
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, зарур дори воситаларини ажратиш, уларни парвариш қилиш мақсадида тиббий ходимларни (шартнома асосида) бириктирган ҳолда, доимий равишда патронаж хизматини ташкил қилсин;
1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларининг ўз хоҳишларига кўра республика ҳудудидаги санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилишини таъминласин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар ва туманларда байрамга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин;
вилоятлардаги "Ватанпарварлар" боғлари ва бошқа белгиланган жойларда ҳарбий техникалар намойиши, Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги композициялар инсталляциясини, шу жумладан уруш йилларининг қўшиқ ва куйлари ижро этилиши ҳамда тегишли шароитлар яратиш билан боғлиқ тадбирларни ташкил этсин;
кўчалар ва майдонларнинг 9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган кўргазмали тарғибот воситалари билан безатилишини таъминласин.
4. Белгилансинки, ўтказиладиган тадбирлар ҳамда республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларининг байрам маросимларига транспортда келиб-кетиши, меҳмонхоналарда жойлашиши, овқатланиши, маданий ҳордиқ чиқариши билан боғлиқ барча харажатлар, шунингдек, зарур ҳолларда тегишли кийим-кечаклар билан таъминланиши:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда - тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ҳамда маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан;
Тошкент шаҳрида - Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳамда Тошкент шаҳри маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
5. Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳрида 2023 йил 9 май куни соат 21.00 да Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам мушакбозлигини ташкил қилсин.
6. Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий гвардия тантанали тадбирлар ўтказиладиган ҳамда байрам мушакбозлиги ташкил этиладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, "Дунё" ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билаи боғлиқ жараёнларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2023 йил 2 майдаги
ПҚ-143-сон қарорига
1-ИЛОВА
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган
тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш
ДАСТУРИ
Президентининг
2023 йил 2 майдаги
ПҚ-143-сон қарорига
2-ИЛОВА
9 май - Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тадбирларга
тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ
ТАРКИБИ
1. А.Н. Арипов |
- |
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Ишчи гуруҳ раҳбари |
2. В.В. Махмудов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари |
3. Х.М. Султанов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси |
4. O.K. Абдурахманов |
- |
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси |
5. А.А. Азизов |
- |
Давлат хавфсизлик хизмати раиси |
6. Б.Н. Курбанов |
- |
мудофаа вазири |
7. П.Р. Бобожонов |
- |
ички ишлар вазири |
8. А.Ҳ. Қўлдошев |
- |
фавқулодда вазиятлар вазири |
9. Р.М. Джураев |
- |
Миллий гвардия қўмондони |
10. Ш.Д. Кудбиев |
- |
иқтисодиёт ва молия вазири |
11. Б.А. Мусаев |
- |
камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири |
12. О.А. Назарбеков |
- |
маданият ва туризм вазири |
13. А.Ш. Иноятов |
- |
соғлиқни сақлаш вазири |
14. Ш.Х. Шерматов |
- |
рақамли технологиялар вазири |
15. И.Ю. Абдурахмонов |
- |
олий таълим, фан ва инновациялар вазири |
16. А.И. Икрамов |
- |
ёшлар сиёсати ва спорт вазири |
17. Х.У. Умарова |
- |
мактабгача ва мактаб таълими вазири |
18. Б.О. Саидов |
- |
ташқи ишлар вазири в.б. |
19. С.Э. Хусанов |
- |
Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари - Чегара қўшинлари қўмондони |
20. Қ.М. Рафиков |
- |
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси |
21. С. Турдиев |
- |
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси республика бошқаруви раиси |
22. У.М. Юсупов |
- |
Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги директори |
23. А.Д. Хаджаев |
- |
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси |
24. А.К. Кўчимов |
- |
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори |
25. M.M. Ҳожиматов |
- |
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари |
26. С.С. Саидов |
- |
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси |
27. Р. Абдуллаев |
- |
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси |
28. Х.Х. Салимов |
- |
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисининг ўринбосари |
29. Х.А. Батиров |
- |
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий кенгаши раиси |
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 5 май