Ўзбекистон Республикасининг 06.09.2023 й. ЎРҚ-866-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси сохасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.05.2023 й. кабул қилинган, Сенат томонидан 04.08.2023 й. маъқулланган)
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
06.09.2023 й.
N ЎРҚ-866
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ
ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА КРИПТО-АКТИВЛАР
АЙЛАНМАСИ СОХАСИДА ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ВА
РУХСАТ БЕРИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ ТИЗИМИНИ
ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ҚЎШИМЧА
ВА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 23 майда кабул қилинган
Сенат томонидан 2023 йил 4 августда маъқулланган
Кейинги йилларда мамлакатимизда крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, қонунчилик ҳужжатлари билан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини, мазкур соҳада фаолиятни амалга оширишга доир лицензиялар берганлик учун давлат божи миқдорларини ва уни тўлаш тартибини белгиловчи, крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолият турлари сифатида майнинг ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолияти белгиланган ҳамда фаолиятнинг мазкур турлари лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари асосида амалга оширилиши қайд этилган. Хизматлар провайдерлари турлари сифатида крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон белгиланган.
Шу муносабат билан "Давлат божи тўғрисида"ги ва "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига лицензияланадиган фаолиятнинг янги турлари ва кичик турлари (крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон) хамда рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат асосида амалга ошириладиган майнинг фаолияти белгиланишини, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш масалаларига доир ваколатлари мустаҳкамланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу Қонун крипто-активлар айланмаси соҳасини янада ривожлантиришга ҳамда мазкур соҳада лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган "Давлат божи тўғрисида"ги ЎРҚ-600-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2020 йил, N 1, 1-модда, N 3, 201-модда, N 5, 298-модда, N 10, 593-модда, N 12, 691-модда; 2021 йил, N 1, 13-модда, 4-сонга илова, N 7, 661-модда, N 8, 800, 803-моддалар, N 10, 968-модда; 2022 йил, N 2, 76-модда, N 3, 214, 216-моддалар, N 4, 340-модда, N 5, 463, 464, 467-моддалар, N 12, 1186-модда; 2023 йил, N 2, 103-модда, N 3, 186-модда, N 4, 265, 269-моддалар) 24-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
"Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олаётган юридик шахслар давлат божини Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан белгиланадиган миқдорда ва тартибда тўлайди".
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлда қабул қилинган "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, N 7, 661-модда; 2022 йил, N 4, 340-модда, N 5, 465-модда; 2023 йил, N 2, 103-модда, N 3, 185-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) 1-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
"Ушбу Қонуннинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ваколатларига тааллуқли бўлган лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тегишли фаолият соҳаларидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади";
2) 1-илованинг 7-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"7. |
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия |
Крипто-биржа фаолияти; |
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги |
"; |
майнинг-пул фаолияти; |
||||
крипто-депозитарий фаолияти; |
||||
крипто-дўкон фаолияти. |
3) 2-илова қуйидаги мазмундаги 122-позиция билан тўлдирилсин:
"122. |
Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома |
Майнинг фаолиятини амалга ошириш. |
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги |
"; |
4) 4-илова:
I булимининг 6-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"6. |
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия |
300 |
"; |
II бўлими қуйидаги мазмундаги 112-позиция билан тўлдирилсин:
"112. |
Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома |
150 |
". |
3-модда. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2023 йил 7 сентябрь
"Халқ сўзи", 2023 йил 7 сентябрь