Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.08.2024 й. 536-сон "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ
31.08.2024 й.
N 536
ЭЛЕКТРОН ҲИСОБЛАШ МАШИНАЛАРИ УЧУН
ЯРАТИЛГАН ДАСТУРЛАРНИ ВА МАЪЛУМОТЛАР
БАЗАЛАРИНИ РАСМИЙ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ
БЎЙИЧА ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШНИНГ
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИНИ ТАСДИҚЛАШ
ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий муҳофазаси тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматици кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Электрон ҳисоблаш машиналари (кейинги ўринларда - ЭҲМ) учун яратилган дастурларни ва маълумотлар базаларини расмий рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби;
юридик ёки жисмоний шахс (талабнома берувчи) томонидан ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини расмий рўйхатдан ўтказиш сўралган талабномани (талабнома) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига (кейинги ўринларда - ваколатли орган) топшириш тартиби;
талабномани резидентлар учун-давлат хизматлари маркази, ваколатли органнинг махсус ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали, норезидентлар учун - ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали топшириш, почта алоқаси орқали топшириш бундан мустасно;
талабнома топширилгандан кейинги барча ҳаракатларни ваколатли органнинг махсус ахборот тизими орқали амалга ошириш;
давлат хизматини кўрсатишда талабнома берувчи томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида белгиланган микдорларда патент божини тўлаш тартиби;
талабнома ҳужжатларини текшириш тартиби ва муддатлари;
ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини Дастурий маҳсулотлар давлат реестрида ёки Маълумотлар базалари давлат реестрида автоматик тарзда расмий рўйхатга олиш ва ваколатли органнинг махсус ахборот тизими оркали талабнома берувчига унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани юбориш.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Д. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2024 йил 4 сентябрь