Законодательство
ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.09.2024 й. ПФ-143-сон "Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида"ги Фармони

Полная версия документа доступна на платных тарифах

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

23.09.2024 й.

N ПФ-143



КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ

ВА АҲОЛИ ТУРМУШ ФАРОВОНЛИГИНИ

ОШИРИШ БОРАСИДАГИ ЧОРА-ТАДБИРЛАРНИ

ЯНГИ БОСҚИЧГА ОЛИБ ЧИҚИШ ТЎҒРИСИДА


Республикамизда барқарор ва юқори иқтисодий ўсиш суръатлари таъминланганлиги камбағаллик даражасини 2019 йилдаги 23 фоиздан 2023 йилда 11 фоизга қисқартиришга имкон яратди. 2025 йил якуни билан камбағалликни 6 фоизгача қисқартириш мақсад қилинди.

Ҳудудларда аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг натижадорлигига эришишда янгича ёндашув ва тўпланган миллий тажрибани қўллаш чора-тадбирларини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида:


1. Аҳолининг юқори даромадли барқарор иш билан бандлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ва рақамли технологияларга асосланган таълим олиши ва касб-ҳунар ўрганиши, барча қатламларнинг тиббий ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароит яратиш ҳамда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш йўналишларида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобига 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгилансин.


2. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажриба ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини (кейинги ўринларда - Дастур) амалга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, Дастур 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи "Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият" тамойили асосида амалга оширилади:

барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш - тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқадан самарали фойдаланиш, ҳар бир туман ва шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берувчи камида 5 тадан "драйвер" лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини камбағал оилаларга ижарага бериш, уларга кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситаларни бўлиб тўлаш шарти билан бериш;

таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш - 2024-2025 йилларда камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш, оиланинг камида битта фарзандини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш, битта фарзанди, хусусан, қиз фарзандининг олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратиш, болаларни компьютер саводхонлигига ўргатиш, ахборот технологиялари ва дастурлаш бўйича ўқув курсларида ўқиши учун шароит яратиш, шу жумладан, мактабларда тўгараклар ташкил этиш;

кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш - камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши, уларнинг ўз соғлиғи учун масъулиятини ошириши (кундалик турмуш тарзи ва овқатланишда зарарли одатлардан воз кечиши), ҳар бир фарзанди спорт тўгаракларига қатнашиши учун имкониятлар яратиш, оиланинг тиббий хизматларга ўз ҳисобидан сарфлайдиган харажатларини икки баробар қисқартириш;

ижтимоий хизматлардан фойдаланиш - ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш, болаларни тарбиялаш ва кундузги парваришлаш хизматларини йўлга қўйиш;

яшаш шароитларини яхшилаш - ипотека тизимидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, маҳаллаларда экологик тоза материаллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий "яшил" тураржойларни қуриш ёки реконструкция қилиш, тоза ичимлик сувни етказиш, хонадонларда энергия тежовчи инновацион ёритиш, иситиш ва иссиқ сув таъминоти ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимларини жорий этиш;

давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш - томорқаларни суғориш суви, маҳаллани электр энергияси ва интернет билан узлуксиз таъминлаш ҳамда унинг туман маркази билан транспорт жиҳатидан боғланганлигини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш;

давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш - барча бўғиндаги давлат ҳокимияти органлари камбағал оилалар билан мунтазам тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши, бирдамликда ҳаракат қилиши ҳамда раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечишга кўмаклашиш.


3. "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда - Комиссия) иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий органлари Республика ва ҳудудий комиссияларнинг ишчи органлари этиб белгилансин.

Комиссияга қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Дастурнинг ижроси юзасидан республика ва маҳаллий ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, камбағалликдан чиқариш бўйича амалга оширилган ишларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш;

Дастурда назарда тутилган имкониятларни рўёбга чиқариш юзасидан барча даражадаги идора ва ташкилотларнинг, шунингдек, камбағал оилаларга ва маҳаллаларга бириктирилган раҳбарлар фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш;

ҳар ой якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида амалга оширилиши таклиф этилаётган вазифалар юзасидан ахборот киритиб бориш.


4. Вазирлар Маҳкамаси (А. Арипов) бир ой муддатда ҳар бир вазирлик ва идоранинг ўз функционал вазифасидан келиб чиқиб, Дастурнинг тегишли йўналиши бўйича белгиланган имкониятларни рўёбга чиқариш ва мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган "Камбағалликни қисқартириш бўйича соҳавий йўл хариталари"нинг тасдиқланишини таъминласин ҳамда ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини назорат қилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудлардаги махсус вакиллари (Ғ.Мирзаев, Д.Қодиров, К.Куранбаев, А.Бобоев) ижро органлари ва камбағал оилалар ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга масъул этиб белгилансин.


5. Белгилансинки, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб "маҳалла еттилиги" томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш натижасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги икки ой муддатда аҳолини Камбағал оилалар реестрига киритиш ва чиқаришнинг мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Комиссияга киритсин.


6. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2025 йил 1 январдан бошлаб:

а) кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;

б) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;

в) камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш (экин экиш), оила аъзолари, шу жумладан, фарзандларининг билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.

Бунда ижтимоий шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда, ижтимоий ёрдам ва хизматлар (ижтимоий нафақадан ташқари) кўрсатиш тўхтатилади.


7. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

давлат томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда улар даромадини оширишга қаратилган харажатларни чуқур таҳлил қилган ҳолда ижтимоий шартномани амалиётга жорий этиш тартибини тасдиқлаш учун Комиссияга киритсин;

оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидан бандликни талаб қилган ҳолда кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда "Ўзбекистон - 2030" стратегияси доирасида 2025 йил учун ишлаб чиқиладиган давлат дастури "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш дастурлари билан уйғунликда ишлаб чиқилишини таъминласин.

Бунда бир ой муддатда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида маҳаллий ҳокимликлар фаолиятининг натижадорлигини таъминлаш ҳамда уларнинг масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш билан бирга молиявий, иқтисодий ва маъмурий ваколатлари ҳамда имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янгича тизимни назарда тутувчи Фармон лойиҳасини киритсин.


9. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этиш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2024 йил 23 сентябрдаги

ПФ-143-сон Фармонига

ИЛОВА



"Камбағалликдан фаровонлик сари"

дастурини   амалга   ошириш   бўйича

РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯ ТАРКИБИ


Ж. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири, Республика комиссияси раиси


М. Оллоёров

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси - Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори, Республика комиссияси раисининг ўринбосари


Ш. Мирзиёева

-

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари


И. Адхамов

-

Бош прокурор ўринбосари


А. Бобоев

-

Ҳисоб палатаси раиси


А. Ташкулов

-

адлия вазири


Лавозимига кўра

-

камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири


А. Худаяров

-

соғлиқни сақлаш вазири в.б.


И. Абдураҳмонов

-

қишлоқ хўжалиги вазири


Х. Умарова

-

мактабгача ва мактаб таълими вазири


К. Шарипов

-

олий таълим, фан ва инновациялар вазири


Ш. Шерматов

-

рақамли технологиялар вазири


П. Бобожонов

-

ички ишлар вазири


И. Норқулов

-

иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари


Л. Кудратов

-

инвестициялар, саноат ва савдо вазири


И. Маҳкамов

-

транспорт вазири


Ж. Мирзамаҳмудов

-

энергетика вазири


Ш. Хамраев

-

сув хўжалиги вазири


Д. Қосимов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил


Д. Ваҳобов

-

Савдо-саноат палатаси раиси


К. Куранбаев

-

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси


О. Хасанов

-

Республика Маънавият ва маърифат маркази директори


А. Ходжаев

-

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори


А. Джурабаев

-

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси


О. Парпибаева

-

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси


А. Саъдуллаев

-

Ёшлар ишлари агентлиги директори


Н. Сайдуллаев

-

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари


С. Аннакличев

-

"Бизнесни ривожлантириш банки" АТБ бошқарув раиси


А. Мирсоатов

-

"Ўзмиллийбанк" АЖ бошқарув раиси


Ш. Атабаев

-

АТ "Халқ банки" бошқарув раиси


Р. Маматқулов

-

"Агробанк" АТБ бошқарув раиси


О. Бўтаев

-

"Микрокредитбанк" АТБ бошқарув раиси


Қ. Туляганов

-

"Асакабанк" АЖ бошқарув раиси


А. Акбаржонов

-

"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ бошқарув раиси


Ч. Мирзаев

-

"Туронбанк" АТБ бошқарув раиси


К. Ирисбекова

-

АТ "Алоқабанк" бошқарув раиси


Лавозимига кўра

-

камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари, Республика комиссияси масъул котиби

           

Изоҳ. Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.

          

        

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2024 йил 24 сентябрь