Ходим учун синов муддатини узайтириш мумкинми

preview

Ходим билан 1 ой дастлабки синов муддати билан меҳнат шартномаси тузилди. Унинг тугашидан 2 кун олдин раҳбар синов муддатини яна 2 ҳафтага узайтиришни истаб қолди, сабаби янги ходим ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳали “ўзини ҳеч ҳам кўрсатолмади”. Иш берувчи илгари келишиб олинган синов муддатини узайтиришга ҳақлими?

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан   “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:

- Меҳнат шартномасига дастлабки синов тўғрисидаги шартни киритиш – бу иш берувчининг ҳуқуқи. Меҳнат шартномасида синов муддати тўғрисидаги шарт қуйидаги имкониятларни беради:

1) ходим ўзига топширилган ишни қандай уддалаши ва қандай натижаларни кўрсатишини текшириш;

2) натижа қониқарсиз бўлганда, соддалаштирилган тартибда, синов муддати тугагунга қадар ходимни 3 кун олдин ёзма равишда огоҳлантириб, уни ишдан бўшатиш .

Агар муддат тугагунга қадар тарафлар ишдан бўшатишни баён қилмаган бўлса, ходим синовдан ўтган ҳисобланади ва бундан кейин у билан тузилган меҳнат шартномасини фақат умумий асосларда бекор қилиш мумкин бўлади .

Шуни эътиборга олингки, ходим синов муддати тугашидан 3 кун олдин ўз қарори ҳақида иш берувчини ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда МКнинг 87-моддаси 1-қисмига биноан меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳам ҳақли. Бунда у буни сабабларини кўрсатмаган ҳолда амалга ошириши, иш берувчи эса – синов натижаси қониқарсиз бўлгандагина амалга ошириши мумкин.

Эътибор беринг
Агар меҳнат шартномасида дастлабки синов муддати белгиланмаган бўлса, ходим ишга бундай шартсиз қабул қилинган ҳисобланади .

Дастлабки синовнинг умумий муддати 3 ойдан ошиб кетиши мумкин эмас . Унинг 3 ой доирасидаги аниқ муддати меҳнат шартномасида келишиб олинади. Синов муддатининг энг кам муддати қонун билан белгиланмаган.

Эътибор беринг
Дастлабки синов муддатини ҳатто ходимнинг розилиги билан ҳам 3 ойдан кўп муддатга белгилаш мумкин эмас. Бундай шарт унинг аҳволини қонунчиликка қараганда ёмонлаштиради ва ҳақиқий эмас ҳисобланади .

Синов муддатини фақат муайян ҳолларда узайтириш мумкин.

Гап шундаки, ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар синов муддатига киритилмайди. Масалан, судга, терговчига расман чақирилганда, тиббий кўрикдан ўтганда, малака оширганда ва ҳ.к.да .

Танаффус далилини қайд этинг: ходимдан касаллик варақаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига чақирув қоғози, тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисида маълумотнома ва бошқаларни талаб қилиб олинг. Ҳужжатлар нусхаларини шахсий варақасига илова қилиб қўйинг. Буйруқ билан дастлабки синов муддатини тасдиқловчи ҳужжатлар бўйича кунлар сонига узайтиринг ва у билан ходимни тилхат олиб таништиринг.

Агар раҳбар ходимнинг топшириладиган ишга мувофиқлигини яна текшириш учун – синов муддатини ўз ташаббусига кўра узайтиришни хоҳласа – бу бошқа гап. Дастлабки синов айнан ишга қабул қилиш чоғида белгиланади. Ушбу шарт меҳнат шартномасида келишилган бўлсада, вақтинчалик тусга эга, яъни белгиланган муддат доирасида амал қилади. Уни кейинчалик қўллашга йўл қўйилмайди (масалан, бошқа лавозимга ўтказишда). Синов муддатини узайтириш – моҳиятига кўра, уни аллақачон ишлаётган шахсга белгилашни англатади, бу эса қонунга зиддир. Шу боис аниқ шундай дейиш мумкин: синов муддатини иш берувчи ташаббусига биноан узайтиришга – йўл қўйиб бўлмайди.

Синов муддатини асосланмаган тарзда узайтириш маъмурий жаримага сабаб бўлади .

Эътибор беринг

Қуйидагиларга нисбатан дастлабки синовни белгилаш мумкин эмас:

  • ҳомиладор ва 3 ёшга тўлмаган болалари бўлган аёлларга;
  • корхона учун ўрнатилган иш ўринларининг энг кам сони ҳисобига ишга юборилган шахсларга;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва ОТМ битирувчилари ва тегишли таълим муассасасини битиргандан кундан эътиборан 3 йил давомида биринчи марта ишга кирувчиларга;
  • улар билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузиладиган ходимларга.

Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш Ишга қабул қилиш /ul/publish/doc/text163740_hodim_uchun_sinov_muddatini_uzaytirish_mumkinmi