Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари нима учун бекор қилиниши лозим?

preview

Бугунги кунда бухгалтерия ҳисобининг 23 та миллий стандартлари (БҲМС), шу жумладан, молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун Концептуал асос тасдиқланиб, рўйхатга олинган. Мазкур БҲМСлар узоқ йиллар давомида концептуал жиҳатдан ўзгартирилмаган. Бугунги кунда мазкур стандартлар эскиргани ва нима учун уни замон талаби даражасига мослаштириш зарурлиги хусусида Молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби ва аудит услубиёти директори Иброҳим Аҳмадхонов тушунтириш беради.

 

Мазкур ҳужжатларнинг аксарияти 1996-2005 йиллар давомида ишлаб чиқилган ва рус тилида тасдиқланган. Бундан ташқари бухгалтерия ҳисобининг алоҳида жиҳатларини тартибга солувчи 30 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилмоқда.

Мазкур БҲМСлар узоқ йиллар давомида концептуал жиҳатдан ўзгартирилмаган. Натижада, биринчидан, замонавий бизнес турлари ва жараёнларининг ривожланиши оқибатида амалдаги стандартлар уларнинг ҳисоби қандай юритилиши бўйича аниқ хулоса бера олмай қолди.

Иккинчидан, замонавий ҳисоб тизимларининг акциядорлар манфаати учун молиявий ҳисобот тайёрлашга ўтиши (бу жараён Европада 2005 йилда МҲХСни тўлиқ қабул қилиш билан бошланди) ушбу стандартлар мамлакатимиздаги чет эл инвесторларининг  молиявий ҳисоботдан оладиган ахборот эҳтиёжини қондира олмай қолди.

Учинчидан, 2020 йилда янги таҳрирдаги солиқ кодексининг ишлаб чиқилиши муносабати билан молиявий инструментлар (хусусан хежлаш операциялари), трансфер нархлар ва резервларнинг яратилиши бўйича янги мехнизмлар киритилди. БҲМСларда ушбу киритилган механизмлар ҳисобини юритиш бўйича эса ҳеч қандай кўрсатмалар мавжуд эмас.

Тўртинчидан, узоқ йиллар мобайнида тадбиркорлик субъектларининг барча қатламлари (кичик, ўрта ва йирик) учун мазкур БҲМСлар амал қилган. Аслида мазкур стандартлар йирик тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳисоботидан фойдаланувчилар учун етарли молиявий маълумотларни бера олмас эди. Аксинча, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган баъзи талаблар кўп ҳолларда қийинчиликларни юзага келтирар эди. Хусусан, асосий воситалар объектларини қайта баҳолаш, қарзлар бўйича сарфларни капиталлаштириш, ички яратилган номоддий активларни тан олиш, молиявий инвестицияларни ҳисобга олишга оид  кичик ва ўрта бизнес учун халқаро тажрибага кўра қўлламаслиги мумкин бўлган талаблар ҳам мажбурий қилиб белгиланган эди.

Ушбу омилларни ҳисобга олган ҳолда БҲМСларни концептуал жиҳатдан қайта кўриб чиқиш заруратга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 февралдаги ПҚ-4611-сон “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг 3-бандига асосан, Молия вазирлигига Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини (МҲХС) жорий этиш бўйича ваколатли орган сифатида бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларини МҲХСга мувофиқ уйғунлаштириш вазифаси юклатилган.

МҲХС Фонди томонидан ишлаб чиқилган стандартлар икки даражадан иборат:

– 1.МҲХСлар (62 та стандартдан иборат);

– 2.Кичик ва ўрта бизнес корхоналари бўйича МҲХС (1 та стандартдан иборат).

Ушбу тизим қуйидаги давлатлар тажрибасида ҳам такрорланади:

Давлат номи

1-даража. Йирик ташкилотлар учун

2-даража. Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун

Буюк Британия

IFRS

FRS 102

Қозоғистон

IFRS

IFRS for SMEs

Туркия

IFRS

National Standard

Озарбайжон

IFRS

IFRS for SMEs

Қирғизистон

IFRS

IFRS for SMEs

Саудия Арабистони

IFRS

IFRS for SMEs

Қатар

IFRS

IFRS for SMEs

 

Шунга кўра, Ўзбекистонда ҳам Молиявий ҳисоботнинг миллий стандартини жорий қилиш орқали МҲХСни тўлиқ қўллайдиган ташкилотлардан ташқари барча ташкилотларда ҳисобни юритиш учун уни ягона ҳужжат бўлиб хизмат қилиши таклиф этилмоқда.

Молия вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки билан “Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш механизми” дастури доирасида МҲХСни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жорий йилнинг 6-январь куни Молия вазирлиги ва МҲХС фондининг Кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун МҲХС лойиҳаси раиси Мишель Сансом билан учрашув ўтказилди. МҲХС Фонди эксперти ҳам юқоридаги таклифни қўллаб-қувватлади.

Мазкур ягона стандартнинг ишлаб чиқилиши жорий йилда якунланиши ва 2023 йилда тўлиқ шу асосда кадрларни қайта тайёрлаш ва 2024 йил 1 январдан бошлаб унинг кучга кириши режалаштирилмоқда.

 

 

МҲХС МҲХС МҲХС /ul/publish/doc/text184912_buhgalteriya_hisobining_milliy_standartlari_nima_uchun_bekor_qilinishi_lozim