Полезное для бухгалтера в ноябре:
2024 йилда ер солиғида нималар ўзгарди
Солиқ ставкалари, солиқ солиш объекти, ҳисоб-китоб қилиш тартиби – ер солиғининг ушбу ва бошқа элементларига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Norma мутахассислари томонидан махсус buxgalter.uz учун тайёрланган шарҳда ўқинг.
Юридик шахслар
Солиқ ставкалари индексация қилинди
2023 йилда амалда бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича солиқ ставкалари ўртача 12%га индексация қилинди.
Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ставкаси озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришга мўлжалланган ерларнинг стандарт қийматига нисбатан 0,95 фоизда сақланиб қолди.
Солиқ ставкаларининг аниқ миқдорини тақдим этиш муддати ўзгартирилди
Илгарироқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари солиқ органларига кейинги йил учун аниқ солиқ ставкаларини жорий йилнинг 31 декабрига қадар тақдим этишган .
Эндиликда бу муддат жорий йилнинг 10 январига қадар белгиланган. Бунда аввалгидек солиқ органлари уларни юридик шахсларга 5 кун ичида маълум қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича солиқ ҳисоб–китобини, шунингдек солиққа тортилмайдиган ер участкалари тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиш муддати 2024 йил 22 январдан кечиктирилмаслиги лозим (20 ва 21 январь дам олиш кунлари эканлигини ҳисобга олган ҳолда) .
Қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ерлар бўйича солиқни ҳисоблаш тартиби белгиланди
Қурилиши тугалланмаган объектлар эгаллаган ер участкалари учун солиқ икки баравар солиқ ставкалари бўйича тўланади .
Эндиликда қурилиш тугагунига қадар ушбу ер участкаларига солиқ имтиёзлари ва камайтирилган коффициентлар қўлланилмаслиги белгиланди.
«Изланиш ва ривожланиш» марказлари учун Солиқ кодексига имтиёзли ставка киритилди
Солиқ кодексининг 483-моддасига 2024 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача бўлган даврда «Изланиш ва ривожланиш» марказлари ўзлари эгаллаган ер участкаларига ҳисобланган солиқ суммасидан 1% миқдорда солиқ тўлаши ҳақида қоида киритилди. Ушбу тартиб 11.09.2023 й. ПҚ-300-сон 7-банд билан назарда тутилган.
Buxgalter PROда – Солиқ кодексига 2024 йилда киритилган барча ўзгартиришлар.
Жисмоний шахслар
Солиқ солиш объекти аниқлаштирилди
Солиқ кодексининг 434-моддаси 2-қисмига доимий фойдаланиш ҳуқуқи бўйича (тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкалари бундан мустасно) кўп квартирали уйлар мулкдорларига умумий фойдаланиш учун (тижорат мақсадларида эмас) тақдим қилинган кўп квартирали уйларга туташган ер участкалари солиқ солиш объекти саналмаслиги қўшилди.
Индексланган солиқ ставкалари
2023 йилда амал қилган қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ставкалари ўртача 12%га индексация қилинди.
Солиқ ставкаларини аниқ миқдорини белгилаш муддати ўзгартирилди
Илгарироқ туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари солиқ органларига кейинги йил учун солиқ ставкаларини аниқ миқдорини жорий йилнинг 31 декабрига қадар тақдим этишган .
Эндиликда бу муддат жорий йилнинг 10 январигача қилиб белгиланди.
Тўлов хабарномаларини топшириш тартиби белгиланди
Илгарироқ солиқ органлари ҳар йили 1 мартдан кечиктирмай солиқ суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномасини жисмоний шахсларга имзо қўйдириб ёки тўлов хабарномаси олинганлиги фактини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда топшириши белгиланган эди .
Эндиликда тўлов хабарномалари имзо остида топширилиши белгиланди:
– солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклда (мавжуд бўлган тақдирда);
– солиқ тўловчи номига расмийлаштирилган мобил телефон рақамига СМС-хабар шаклида;
– солиқ органларининг махсус мобил иловасида;
– олинганлигини ва санани тасдиқлайдиган бошқа йўл билан.